Қишлоқ хўжалиги 15.11.2018 245

АСАЛАРИЧИЛИККА ИХТИСОСЛАШГАН МАЖМУА

Қишлоқ хўжалиги

АСАЛАРИЧИЛИККА ИХТИСОСЛАШГАН МАЖМУА

ўзида нималарни жам этди?

Ҳеч бир ширинлик фойдалилиги жиҳатидан табиий неъмат – асалга тенг келолмаса керак. У ўзида бисёр шифобахш хусусиятларни жамлаган. Бу маҳсулотнинг ҳар доим харидоргирлигини таъминлаётган омил ҳам шу. Узоқ сақланса бузилмайди, аксинча сифати ва қадри ҳам ошиб бораверади. Демак, асал етиштириш билан шуғулланувчи киши меҳнатига асло куйиб қолмайди.

Мамлакатимиз истеъмол бозорида асалга талабнинг юқори экани ва бу эҳтиёж ҳали ҳам тўла қопланмаётгани асаларичилик тармоғини янада ривожлантиришни тақозо этади. Хўш, қандай қилиб? Албатта, соҳанинг мавжуд имкониятларидан самарали фойдаланиш, илғор усулларни кенг қўллаш эвазига. Шу орқали пировард мақсад – асал ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга эришиш мумкин.

Аҳамиятлиси, юртимизда бу борада зарур ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 16 октябрдаги “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши билан соҳага эътибор кучайди. Аввало бу ҳужжат асосида илк бор “Ўзбекистон асаларичилари” уюшмаси ташкил этилди. Ушбу тузилмага асаларичилик хўжаликларини қўллаб-қувватлашдан тортиб, соҳа ривожи учун зарур кадрларни тайёрлашгача бўлган вазифалар топширилди. Уюшма аъзолари эса асалари оилаларини жойлаштириш учун асал йиғиш мавсуми давомида белгиланган ҳудудлардан бепул фойдаланиши мумкин.

Бу каби енгиллик ва қулайликлар ўз навбатида тадбиркорларни янада ташаббускор бўлишга ундамоқда. Улар илгари сурган лойиҳалар рўёби тез фурсатда амалга ошаяпти. Мўл озуқа зоналарига эга вилоятимизда ҳам айни йўналишга сармоя киритиш кўлами кенгайди. Мисол учун, Ғузор  туманидаги “Asl aktiv logik” хусусий корхонаси томонидан жорий йилда ҳаётга татбиқ этилган лойиҳа жуда кенг қамровли. Бунда асаларичиликни ривожлантиришга комплекс ёндашувни кўриш мумкин.

- Асал етиштириш биз учун янги тармоқ, чунки шу вақтгача бошқа бизнес тури билан шуғулланганмиз, - дейди ушбу корхона раҳбари Лутфилло Равшанов. – Лойиҳамиз истиқболли, албатта ўзини иқтисодий жиҳатдан оқлайди. Шунга ишониб, 1,3 миллиард сўм маблағ тикдик. 800 миллион сўми эса тижорат банки тақдим этган кредитдир. Мана фойдасини ҳам кўряпмиз. Аввал бошданоқ ишни катта ҳажмда ташкил этишни мақсад қилгандик. Қамровни кичик олсак бўлмасди. Шу тариқа асаларичилик мажмуаси барпо этдик. Натижада барча зарур юмушларни бир жойда бажариш имконига эга бўлдик.

Тадбиркорнинг айтишича, лойиҳа доирасида тегишли инвестициянинг ҳар томонлама ўринли ишлатилиши ҳисобга олинган. Хусусан, 200 миллион сўм асалари қутиси ҳамда она ари пакетлари харид қилишга сарфланган. 17 миллион сўм эвазига келтирилган асалари оиласи эса наслдор карпат зотига мансуб. Айни пайтга келиб боларилар оиласи сони 200 тага етказилган. Мажмуада яқиндан бошлаб хўжалик эҳтиёжидан ташқари асалари кўпайтириш ҳам йўлга қўйилган. Бошқача айтганда, наслчиликка қўл урилган. Бунинг учун 3 нафар малакали мутахассис жалб қилинган. Ҳозиргача қўшимча 90 асалари оиласи шакллантирилиб, талабгор хўжаликларга сотилди.

 Лутфилло Равшановнинг билдиришича, дурадгорлик устахонаси ҳам мажмуанинг муҳим ва яхши даромад келтирувчи таркибий қисмларидан биридир. Устахона барча зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Бу ерда асалари яшиклари, она ари сақлаш пакетлари, рамкалар ясаш ўзлаштирилган. 5 нафар дурадгор нафақат мажмуа учун, балки буюртма асосида бошқа субъектларга ҳам маҳсулотлар тайёрлаб бермоқда.  Қисқа фурсатда уларга кўпгина асалари уяси, пакетлар етказилди.

- Бугунги истеъмолчининг диди нозик, - дейди ишбилармон. – Маҳсулотни шундай жўн кўринишда тақдим этсангиз бўлмайди. Шу боис мажмуамизда асал қадоқлашни ҳам ташкил этганмиз. Янги йўналиш учун 80 миллион сўмга яқин маблағ ажратдик. Эндиликда асал муайян ўлчамдаги ихчам пластмасса идишларга жойланаяпти. Бу эса бизга ҳам қулай. Маҳсулотни ҳудуддаги савдо дўконлари эгалари сотиб олишади.

Эътиборлиси, мажмуада асалнинг ҳар турлисидан бор. Тоғ гиёҳларидан йиғиб олингани ўзгача таъмга эга. Янтоқ, пахта, беда гулидан тўпланган бол ҳам ўзига хослиги билан ажралиб туради. Мутахассислар баҳорги ва кузги ҳосилни ҳам айрим белгиларига кўра фарқлайди. Хуллас, жорий мавсум тадбиркор учун баракали келди. Юқори маҳсулдорликка эришилди. Шунингдек, келгусида иккиламчи маҳсулот саналган мум пардалар ва асал қандини қайта ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилган. Шу мақсадда эса мажмуага яна янги технологиялар олиб келинади.

М.ШУҲРАТОВ