Спорт 08.03.2019 272

ҚАШҚАДАРЁЛИК ФИФА ҲАКАМИ АССИСТЕНТИ

Спортимиз ифтихори

ҚАШҚАДАРЁЛИК ФИФА ҲАКАМИ АССИСТЕНТИ

Мамлакатимизда футбол бўйича халқаро миқёсдаги ўйинларни бошқариб бориш ҳуқуқига эга бўлган аёл ҳакамлар сони кўп эмас. Мисол учун, 2012 йилда ФИФА томонидан халқаро аёл ҳакамлар рўйхатига Ўзбекистондан биргина Эдита Миробидова киритилган бўлса, ҳозирда юртимиздан тўрт нафар аёл ҳакам ҳамда ҳакам ассистенти сифатида ФИФА миқёсидаги футбол мусобақаларида ишламоқда. Улардан бири вилоятимиз вакили Зилола Раҳматовадир.

Косон тумани Гувалак қишлоғидаги 71-сонли ўрта мактабда таълим олиб, у ерда спортнинг дзюдо тури билан шуғулланишни бошлаган Зилола спорт соҳасида кўплаб ютуқларни қўлга киритган.  1996 йилда у дзюдо бўйича Ўзбекистон чемпиони сифатида Қарши давлат университетининг жисмоний маданият факультетига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинганди.

- Иккинчи курсда ўқиётган вақтим университет миқёсида аёллар футбол жамоаси тузиладиган бўлди, - дейди у. -  Мен ҳам жамоада ўзимни синаб кўришга аҳд қилдим ва бир нечта мусобақаларда иштирок этдим. Ҳаракатларим мураббийларга манзур бўлди чоғи, ўша йиллари вилоятда илк бор тузилган "Қалдирғоч" аёллар футбол клубига таклиф этишди. Аввал шу жамоа сафида ўйнадим, кейин вилоятимизнинг илк аёллар профессионал футбол клуби - "Севинч" ташкил этилди.  2003 - 2006 йиллар давомида "Севинч" сафида ўйнаб, жамоадошларим билан биргаликда қатор медалларини қўлга киритдик.

2006 йилги мавсумда "Севинч" мамлакатимиз миқёсида тилга тушиб улгурган, чемпионатда яққол фаворит эди. Зилола Раҳматова ана шу йили шиддатли ўйинларнинг бирида жароҳат олиб, майдонни тарк этди ва футболчилик фаолиятини якунлашга мажбур бўлди. Шундан сўнг уни клубнинг ёшлар жамоасига мураббий сифатида ишга таклиф этишди.

Мураббийликда ҳам анча тажриба тўплаган Зилола бу орада турмушга чиқди, фарзанд кўрди ва, табиийки, унинг спорт билан боғлиқ  фаолиятида бироз муддат танаффус бўлди. 2010 йилда эса ҳакам ассистенти сифатида майдонга қайтди.

Машғулотларда астойдил ишлашдан, изланиш ва ҳаракатдан тўхтамайдиган Зилоланинг ҳакамлик борасида ҳам эътироф этилиши учун кўп вақт керак бўлмади. Дастлаб мамлакат миқёсидаги мусобақаларда ишлаган бўлса, 2014 йилда ФИФА ҳакамлари рўйхатига киритилди.

Айни вақтда Зилола Раҳматова ОФК ва ФИФА миқёсидаги кўплаб нуфузли турнирларда ҳакам ассистенти ҳамда лайнсмен (чизиқдаги ҳакам) сифатида ишламоқда. Бугунги кунда бош ҳакам Эдита Миробидова ҳамда қанот ҳаками Зилола Раҳматова жуфтлиги осиёлик аёл ҳакамлар орасида катта нуфузга эга. Масалан, ўтган йили ушбу жуфтлик Олимпиада-2020 мусобақаси саралашининг Таиландда бўлиб ўтган биринчи босқич учрашувларида,  Осиё ўйинларида,  19 ёшгача бўлган аёллар ўртасидаги Осиё чемпионати саралаш босқичи ва бошқа қатор халқаро турнирларда муваффақиятли ҳакамлик қилди.

Ушбу мусобақалардаги баҳсларда Зилола Раҳматова  гоҳ Эдита Миробидовага қанотда ёрдам берган бўлса, гоҳ бошқа бригадалар таркибида, гоҳида эса тўртинчи ҳакам сифатида иштирок этди.

Айни пайтда Зилола Раҳматова ва унинг ҳамкасблари аёллар ўртасида футбол бўйича навбатдаги Ўзбекистон  чемпионати ва турли халқаро мусобақаларга тайёргарлик кўришмоқда.

Ж.БОЙМУРОДОВ