Сўнгги янгиликлар 04.10.2019 266

ҚАШҚАДАРЁЛИК ШИФОКОРЛАР ЭНДИ СТАВРОПОЛДА МАЛАКА ОШИРАДИ

Ҳамкорлик уфқлари

Ўзбекистон Республикаси инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси вилоят худудий бўлинмаси, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ва Россия Федерацияси соғлиқни сақлаш вазирлиги Ставрополь давлат тиббиёт университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

- Шифокорлар малакасини ошириш бўйича россиялик профессор-педагогларнинг вилоятимизда сайёр ўқув курсларини ўтказиш, шунингдек, режали равишда инновацион, юқори технологияли жарроҳлик амалиётларини бажариш, тиббиёт олий ўқув юртларини битирувчи ёшлар малакасини Ставрополда клиник ординатура ва магистратура йўналишларида ошириш, мутахассис шифокорлар томонидан илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, ҳамкорликда илмий–амалий конференциялар ҳамда давра суҳбатлари ўтказиш белгиланди, - дейди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи Тўлқин Расулов. – Буларнинг барчаси вилоят аҳолисига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Қайд этиш лозим, жорий йилнинг сўнгги чораги давомида марказ томонидан невропатолог, нефролог, оториноларинголог, хирург-лапороскопист врач мутахассисларни малака оширишга юбориш ва келгуси йилнинг биринчи чорагида Қаршида сайёр цикл, яъни тиббиёт ходимларининг касб билимларини юксалтиришга қаратилган сайёр машғулотларни ташкил этиш мўлжалланмоқда.

Н.ХЎЖАЕВ