Жамият 01.03.2019 163

АСОСИЙ МАҚСАД - ИНСОНИЯТНИ ЯНГИ ЖАҲОН УРУШИДАН САҚЛАБ ҚОЛИШ. БУ ВАЗИФА ҚАЙ ДАРАЖАДА УДДАЛАНАЯПТИ?

2 март - Ўзбекистон БМТга аъзо бўлган кун

АСОСИЙ МАҚСАД - ИНСОНИЯТНИ ЯНГИ ЖАҲОН УРУШИДАН САҚЛАБ ҚОЛИШ. БУ ВАЗИФА ҚАЙ ДАРАЖАДА УДДАЛАНАЯПТИ?

 Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 1945 йилнинг 24 октябрида инсониятни янги жаҳон урушидан сақлаб қолиш мақсадида ташкил этилган. Ҳозирда унга аъзо мамлакатлар сони 193 та.

Бугунги кунда БМТ турли тўқнашувларнинг олдини олиш, бир-бири билан зиддиятда бўлган томонларни яраштириш, тинчликпарвар операцияларни амалга ошириш ҳамда тинчлик-тотувликни сақлаб қолишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади. БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши  халқаро тинчлик ва хавфсизликни ўрнатишда асосий жавобгар орган ҳисобланади.

Ўз фаолиятини бошлашиданоқ БМТнинг устувор йўналишларидан бири иқтисодий, ижтимоий, маданий ёки гуманитар масалаларни ечишда, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини - ирқий, жинсий, тил ёки диний аломатларга қараб ажратмасдан ҳурмат қилиш, эъзозлаш ва илгари суриш мақсадида халқаро ҳамкорликни ўрнатишдан иборат бўлган.

  • "Инсон ҳуқуқлари" атамаси БМТ Устави матнида етти маротаба келтирилгани инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш ташкилот фаолиятида устувор йўналиш ва асосий тамойиллардан бири эканлигидан далолат беради. 1948 йилда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси инсон ҳуқуқлари тушунчасини халқаро ҳуқуқ соҳасига киритди.

БМТ Уставининг кириш сўзида "адолат ҳамда битим ва бошқа халқаро ҳуқуқ манбаи бўлмиш ҳужжатлардан келиб чиқувчи мажбуриятларнинг бажарилишини таъминловчи шарт-шароитларни яратиш" деган аниқ мақсад белгилаб олинган. Мазкур йўналишдаги ишлар суд ва трибуналлар томонидан, кўп томонлама битимлар асосида амалга ошириб келинмоқда. Шунингдек, БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши тинчликпарвар миссияларини маъқуллаш, санкцияларни ўрнатиш, халқаро тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солинаётган ҳолатларда қуролли кучлардан фойдаланиш ҳақидаги қарорларни қабул қилиш ҳуқуқига эга. БМТга бундай ваколатлар унинг Устави, яъни    халқаро битим деб ҳисобланмиш ҳужжат билан берилган. БМТ Уставининг ўзи халқаро ҳуқуқ воситаси бўлиб, БМТга аъзо бўлган барча мамлакатлар уни бажаришга, унга риоя этишга мажбур. БМТ Уставида барча давлатларнинг суверенитети, тенг ҳуқуқлилигидан тортиб халқаро муносабатларни қуришда куч ишлатмаслик каби тамойиллар белгилаб олинган.

БМТ томонидан гуманитар ёрдам илк бора Иккинчи жаҳон уруши оқибатида ачинарли аҳволга келиб қолган Европа ҳудудида яшовчи халқларга етказиб берилган.

Одамлар сабаб бўлган фалокат ва табиий офатлар оқибатида азият чекаётган аҳолига гуманитар ёрдамни етказиб бериш билан боғлиқ ишларни амалга оширишга алоҳида мамлакатнинг бир ўзи ожизлик қилаётган ҳолларда бундай ишлар БМТга топширилади.

БМТ Бош котиби - дипломат, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва ташкилотнинг биринчи етакчиси бўлиб, бутун инсоният номидан, айниқса, заиф аҳоли номидан гапириш, инсоният манфаатларини ҳимоя қилиш ваколатига эгадир. Ҳозирда БМТнинг тўққизинчи Бош котиби лавозимини 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб португалиялик Антониу Гутерриш эгаллаб келмоқда.

БМТ Уставида Бош котиб ташкилотнинг "катта маъмурий ходими" деб таърифланади ва мазкур лавозим эгасига берилган ваколатлар доирасида ҳаракат қилиб, Хавфсизлик Кенгаши, Бош Ассамблея, Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш ва БМТнинг бошқа органлари томонидан "юклатилган вазифалар"ни бажаради. Шунингдек, БМТ Устави Бош котибга "у халқаро тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солиши мумкин деб ҳисоблаган барча масалаларни Хавфсизлик Кенгаши эътиборига ҳавола этиш" ваколатини ҳам берган. Албатта, Бош котиб БМТга аъзо бўлган мамлакатларнинг фикрини инобатга олиши кўзда тутилган, бироқ у ҳар вазиятда БМТда жорий этилган қоидаларга риоя этиши зарур. Шу сабабдан ҳам Бош котиб баъзан аъзо мамлакатлар фикрига зид келадиган қарорларни қабул қилишига тўғри келади.

 Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотига 1992 йил мустақил давлат сифатида аъзо бўлди. Бир йилдан сўнг Тошкентда БМТ ваколатхонаси очилди. Ўзбекистонда БМТ Тараққиёт дастури, Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА), Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО), Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси,   ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастури (ЮНЕЙДС), Гендер тенглиги ҳамда аёллар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш масалалари бўйича тузилмаси, Марказий Осиёда Превентив дипломатия минтақавий маркази, Халқаро меҳнат ташкилоти, БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ ҳўжалиги ташкилоти ҳамда кўнгиллилар дастури ваколатхоналари мавжуд.

БМТнинг Ўзбекистондаги фаолияти тараққиётга кўмак дастури (ЮНДАФ)га асосланган бўлиб, бу дастур 2016 йилдан 2020 йилгача бўлган даврни ўз ичига қамраб олувчи стратегик ҳужжат ҳисобланади. ЮНДАФ 2016-2020 дастурининг асосий тематик йўналишлари иш билан таъминлаш, ижтимоий ҳимоя ва инклюзив иқтисодий ривожланишни таъминлаш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида сифатли хизматлар билан янада кенгроқ таъминлаш орқали инсон салоҳиятини ошириш, барқарор ривожланишни таъминлаш йўлида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ижтимоий хизматларни яхшилаш ва ҳуқуқларни ҳимоя қилишга қаратилган самарали бошқарувдан иборат.

Н.ХЎЖАЕВ тайёрлади.