Маънавият 05.03.2019 144

"АВЕСТО"ДА ЕРҚЎРҒОН ҲАҚИДА НИМА ДЕЙИЛГАН?

Ўлка тарихи

"АВЕСТО"ДА ЕРҚЎРҒОН ҲАҚИДА НИМА ДЕЙИЛГАН?

Йигирма етти аср давомида турли номлар билан атаб келинган  Кеш ва Нахшаб шаҳарлари катта тарихга эга. Ўрта аср ёзма манбаларида, хусусан, араб сайёҳлари ат-Табарий, ибн Ҳавқал, Муқаддасий, Истаҳрий ва марвлик сайёҳ Абдулкарим Самъоний асарларида уларнинг ички тузилиши, арки, шаҳристони, рабодлари ва маҳаллалари тўғрисида анча мукаммал маълумотлар мавжуд.

Умуман олганда, бугунги Қашқадарё воҳасида қадимда ҳам, ўрта асрларда ҳам шаҳарлар ривожланган. Уларнинг қолдиқлари Қарши атрофидаги Ерқўрғон, Шуллуктепа, Қалъайи Заҳоки Морон, Кожартепа, Косонтепа, Обронтепа, Касбитепа, Кўҳна Фазли, Шаҳрисабздаги Узунқир, Подаётоқтепа, Қаландартепа, Олтинтепа, Сариқтепа, Қулоқлитепа, Одирмон шаҳар, Ғузордаги Хўжа Бузургтепа, Субахтепа, Ўликтепа, Лиҳлитепа каби бир неча ўнлаб йирик ёдгорликлар кўринишида гавдаланади. Улар ўрнида бир вақтлар обод шаҳарлар, гавжум маҳаллалар, маҳобатли саройлар, улкан арклар, шинам ибодатхоналар, масжидлар, сершовқин бозорлар фаолият кўрсатган, ҳар бир шаҳарнинг ўз номи бўлган.

Ўрта аср муаллифлари асарларида Насаф ва Кеш воҳаларида мавжуд бўлган кўплаб аҳоли манзиллари номлари келтирилган ва уларнинг марказий кентлардан қанча масофада жойлашгани айтилган. Лекин айни ўрни ҳозирги қайси йирик ёдгорликка нисбатан олингани номаълум. Мана шу солиштириш, қиёслаш ёки таққослаш археология фанида "локализация қилиш" деб аталади. Мисол тариқасида келтирадиган бўлсак, Насаф шаҳри Шуллуктепа ёдгорлиги билан, қадимги Никшапайа ёки Нахшаб Ерқўрғон ёдгорлиги билан, Косон шаҳри Косонтепа билан, Касби шаҳри Касбитепа билан, Паздава шаҳри Кўҳна Фазли ёдгорлиги билан локализация қилинади. Кейинги йилларда ана шу йўналишда олиб борилган ўрганишлар натижасида ёзма манбаларда тилга олинган Қашқадарёдаги ўнлаб шаҳар ва қишлоқлар воҳанинг турли ҳудудларида жойлашган маълум ёдгорликлар билан локализация қилинди.

Масалан, ҳозирги Қаршининг Косон томонида жойлашган Ерқўрғон харобалари улкан шаҳарнинг бизгача етиб келган ўрнидир. Шаҳар тахминан милоддан аввалги VIII-VII асрларда, шу атрофдан оқиб ўтган йирик Рўдаксой ариғи атрофида жойлашган қадимий деҳқончилик қишлоғи негизида шаклланган. Тадқиқот жараёнида бу ерда жуда қадимги бир деворга дуч келдик, у ўша қишлоқни ўраб турган мудофаа деворининг қолдиқлари бўлиши мумкин. Кейинчалик тахминан 3-4 гектарни эгаллаган кўҳна қишлоқ кенгайиши натижасида унинг атрофидаги 35-40 гектар майдон мудофаа деворлари билан ўраб олинган ва шу тариқа қуйи Қашқадарёда улкан қалъа кўринишидаги илк шаҳар пайдо бўлган.

Маълумки, бир қатор жанглардан сўнг Аҳамонийлар Ўрта Осиё ҳудудларини ҳам ўз салтанати таркибига киритадилар. Қадимги Суғд ҳақида маълумот берувчи дастлабки ёзма манбалар Аҳамонийлар салтанати пойтахти Персепол шаҳридаги сарой  харобаларидан топилган. Тошларга ишланган бўртма тасвирларда Аҳамонийлар саройига ўлпон олиб келаётган чўққисимон бош кийимли кишилар тасвирланган. Унда шунингдек, бу кишилар узоқ Суғд ўлкасидан келаётганликлари ҳақидаги битик ҳам бор. Қадимги юнон тарихчиси, Геродот суғдийларнинг Аҳамонийлар саройига бир йилда қанча ўлпон тўлаганликлари ҳақида маълумот беради. Суғд тўғрисидаги маълумотлар қадимги зардуштийларнинг муқаддас китоби "Авесто"да келтирилган ва унинг қадимги диний-мифологик қисми Гаталарда "Гава Суғда" ("Суғд қишлоғи") номи билан тилга олинган. Айрим олимлар "Гава Суғда" ("Суғд қишлоғи") биз юқорида келтирган Ерқўрғон ўрнидаги қадимий қишлоқ бўлган, деган  фикрни илгари сурадилар.

Аҳамонийлар даврида Ерқўрғон ўрнидаги шаҳарда қурилиш ишлари олиб борилган, шаҳарнинг қадимий мудофаа деворлари таъмирланган. Унинг қолдиқлари ҳозиргача ҳам сақланиб қолган.

Икки юз йилдан ортиқроқ ҳукм сурган қудратли Аҳамонийлар салтанати Македония подшоси, саркарда Александр (араб манбаларида бу шахс   Искандар Зулқарнайн номи билан машҳур) томонидан беш йил давом этган жанглар оқибатида тамомила маҳв этилган.

Аҳамонийлар салтанатининг деярли барча ҳудудларини қўлга киритган Александр ўзининг интизомли легиони билан бу давлатнинг шарқий ҳудудларига қараб йўл олади. Лекин Аҳамонийлар давлатининг узоқ шарқий сарҳадларида жойлашган Суғд устига қилган юришлари кутилмаганда қаттиқ қаршиликка учрайди. Ваҳоланки, Александрнинг фикрига кўра, Аҳамонийлар салтанати қулаган, унинг асосий қўшинлари тор-мор этилган, олис, чекка ҳудудлардаги вилоятларда унга қаршилик кўрсатадиган куч қолмаган эди. Олд Осиё, Миср ва Эронга қилган юришларида мағлубият нималигини билмай, бошқа халқларга нисбатан беписандлик кайфиятида шарққа йўл олган юнон қўшини олис ва чекка ўлка ҳисобланган Суғдда, маҳаллий аслзода Спитамен бошчилигидаги маҳаллий қўшиндан қақшатқич зарба олади ва биринчи жангдаёқ юнон қўшинларининг катта қисми қирилиб кетади.

Лекин енгилмас саркарда Александр қисқа муддатли саросимадан кейин ўз режаларини амалга ошира олди ва бир неча йил давомида, босқичма-босқич Суғдни тўлалигича бўйсундиришга эришди. Суғднинг кўплаб шаҳарлари, юзлаб қишлоқлари бирин-кетин ўша даврнинг энг илғор ва интизомли армияси бўлган юнон қўшинларига таслим бўлишга мажбур бўлдилар. Таслим бўлишни истамаган шаҳарлар вайрон этилиб, аҳолиси қириб ташланган.

Александр келган пайтда Қашқадарёда иккита шаҳар - унинг юқори оқимидаги Шаҳрисабз воҳасига қарашли Узунқир, қуйи Қарши воҳасида эса Ерқўрғон мавжуд бўлган.

Яқинда Афғонистон ҳудудида эрамиздан аввалги IV асрга оид оромий ёзувида битилган бир ҳужжат топилган. Хужжат Бақтр сатрапи (ҳокими)дан ўз ҳукмронлиги остида бўлган Хулм ҳокими Багаванта номига юборилган хат бўлиб, унда Никшапайа ва Кеш шаҳарлари атрофларидаги мудофаа иншоотлари қурилишини назорат қилиш учун қўшин юборилиши буюрилган. Бу хат ўз мазмунига кўра, Александр Македонскийнинг Суғдга ҳужуми арафасида ёзилган.

Умуман, тарих синоатларга бой. Уни қанча ўрганган сари қизиқ ва турли ёндашувларга сабаб бўладиган маълумотларга дуч келаверамиз. Бироқ шу фикр ўзгармаски, қадим Кеш ва Насаф илк шаҳарсозлик маданияти ривожланган манзиллар қаторида қолаверади.

Абдусобир РАИМҚУЛОВ,

ЎзРФА Археологик тадқиқотлар институти қадимги давр археологияси бўлими бошлиғи, тарих фанлари доктори