Сўнгги янгиликлар 27.09.2019 135

Автотўқнашув: жабрланганлар сони 10 нафар

Йўл-транспорт ҳодисаси

Жорий йил 25 сентябрь куни эрталаб соат 7:50 лар атрофида Қарши-Шаҳрисабз автомагистралидан қайрилиб Қарши тумани Хонобод қишлоғига элтадиган иккинчи даражали йўл бошланиш қисмида бир-бирига қарама-қарши томондан ҳаракатланиб келаётган икки "Дамас" русумли машина иштирокида тўқнашув содир бўлди.

Автофaлокат натижасида ҳар иккала автотранспортда ёнғин келиб чиққан. Улар салонида бўлган ўн нафар фуқародан 5 нафари ҳодиса оқибатида воқеа жойида ҳалок бўлган, қутқариб олинган 5 нафар фуқаро эса зудлик билан республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қарши филиалига келтирилган.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати тарқатган тезкор маълумотларга кўра, ушбу автофалокатдан омон қолган фуқаролардан бир нафарининг аҳволи ўта оғир, икки нафари оғир, яна икки нафари ўртача оғир, дея ташхисланган. Уларда зарур тиббий муолажалар ўтказилмоқда.    

Дастлабки ўрганишларга кўра, ушбу автотўқнашувга ҳар икки транспорт воситаси ҳайдовчиларининг эҳтиётсизлиги ва ҳаракатланиш тезлигини меъёридан ошириб юборганликлари сабаб бўлгани айтилмоқда.

Ўз мухбиримиз