Иқтисодиёт 08.12.2018 222

АВВАЛ БЕКОР ЭДИ, ЭНДИ ТАДБИРКОР

Хусусий сектор

АВВАЛ БЕКОР ЭДИ, ЭНДИ ТАДБИРКОР

Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 36-модда.

Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 37-модда.

Қамашилик Санжар Бердиқобиловни жуда ёш, деб бўлмайди. Коллежни тамомлаганига ҳам беш-олти йилдан ошди, бошқача айтганда, аллақачон катта ҳаётга йўлланма олиб бўлган. У каби йигит учун ҳозир рўзғорга наф келтиришнинг айни маҳали. Аммо Санжар шу пайтгача кўзга кўринарли натижага эришолмаган. Анча вақт бекор қолган. Бир ишни уддаламас, қўлидан умуман иш келмас экан-да, деб ҳам ўйламанг тағин. Акс ҳолда бугун маҳалла-кўй орасида уддабурон ёш тадбиркор сифатида тилга тушмасди. Нима каромат кўрсатибди, дейсизми?! Яқинда қарийб 20 сотихча майдонда иссиқхона барпо этиб, сархил маҳсулот етиштиришга киришди. Бу касбнинг нонини еган киши қийинчилигини ҳам яхши билади. Аҳамиятлиси, имконият тақдим этилган заҳоти у ҳаммасини вақти-вақти билан эплади, керакли кўникмани ўзлаштирди.

АВВАЛ БЕКОР ЭДИ, ЭНДИ ТАДБИРКОР

- Қулай фурсат келишини кутгандим, десам тўғри бўлади, - дейди якка тартибдаги тадбиркорга айланган Санжар Бердиқобилов. - Албатта, бундан ўз ўрнида фойдаландим. Гап шундаки, "Ёшлар - келажагимиз" давлат дастури рўёбга чиқарилаётганидан хабар топиб, кўпдан ўйлаб юрган бизнес-лойиҳамни таклиф этдим. Кўриб чиқиб, уни молиялаштиришга розилик беришди. Ҳисоб-китобимга кўра, иссиқхона хўжалигини йўлга қўйишга 120 миллион сўм маблағ зарур эди. 90 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредит тижорат банки томонидан ажратилди. Қолган сармояни оиламиз кучи билан шакллантирдик. Молиявий кўмакни олганимиз ҳамоноқ замонавий конструкцияли иншоотимизни қуришни бошлаб юбордик.  Октябрь ойи бошида эса кўчат қадашга улгурдик.

Санжар ҳам бирдагина деҳқон бўлиб қолмади. Соҳанинг аслари, тажрибали кишиларнинг маслаҳатини олди. Бугун ушбу қоидаларга қатъий амал қилаяпти. Асосийси, астойдил қилинган меҳнат ўз самарасини кўрсатишга яқин. Иссиқхонада парваришланган 2 минг тупдан ошиқ бодринг кўчати ҳосили пишай деб қолган. Ҳали замон йиғиб олиниб, бозорга ҳам чиқарилади. Илгари ишсиз юрганига дашном эшитган бўлса, эндиликда мустақил тадбиркор бўлиб, ўз оиласига  даромад олиб кириш арафасида. Ўзидан ортиб, яна 2-3 кишини ишли қилгани ҳам эътиборга молик.

Қашқадарё ва дунё

ЎЗИ ЭКИБ, ЎЗИ ЭКСПОРТ ҚИЛИШНИНГ ФОЙДАСИ БЎЛАКЧА

Ҳар доим қишлоқ хўжалигидан юқори натижа кутишга ҳақлимиз. Чунки унумдор ер, меҳнаткаш деқҳон бўлса, бу сира ҳам муаммо эмас. Боз устига, бозори чаққон маҳсулот етиштириб, касод бўлган кишини ҳали эшитмадик. Бинобарин сархил қишлоқ хўжалиги ноз-неъматига доим харидор топилади. Хорижда ички истеъмолдан ортганига ҳам кўз тикканлар бор. Хуллас, имконият кенг, уни тўғри ишлата билган деҳқон эса ҳеч қачон ютқазмайди.

Воҳамизда ҳам экспортбоп мева-сабзавот, полиз маҳсулоти етиштириш учун юқори салоҳият мавжуд. Бу фаолият билан шуғулланувчиларга эса кўплаб имтиёзлар берилган. Муҳими, экишу теришни ҳам ўзи амаллаб, чет элга маҳсулот чиқара олган ишбилармон кўпроқ манфаат ола билади. Бунинг исботини эса Яккабоғ туманидаги "Шарофат она Қаҳрамон қизи" агрофирмаси мисолида ҳам кўриш мумкин. Мазкур тадбиркорлик субъектининг экспортчига айланганига атиги 2 йилча бўлиб қолди. Агрофирма тасарруфида фойдаланиш учун каттагина ер бор. Субъект вакиллари бошқадан сотиб олгандан кўра, сал бел оғритиб бўлса-да, ўзи истагандек ҳамда сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришни маъқул билишади.

- Ўтган йили қиймати 500 минг АҚШ долларидан зиёд ноз-неъмат хориж мамлакатига экспортга йўлланган эди, - дейди агрофирма ҳисобчиси Бобур Норқобилов. - Ўшанда маҳсулотни кўпроқ аҳоли қўлидан йиғиб олишга эътибор қаратгандик. Жорий йилдан эса аксинча йўл тутдик. Дастлаб 30 гектарда жаҳонда талаб юқори саналган айсберг салатбарги, гулкарам, пекин салатбарги сингари сабзавотларни етиштирдик. Ҳосилни тўлалигича экспорт қилдик. Кузда эса экин майдони 50 гектарга етказилди. Шу турдаги маҳсулотларни ҳозирга қадар узиб олиб, сархил ҳолида машиналарга юклаб, Россияга жўнатдик. Чет эл бозоридан жой олган 100 тоннага яқин қовун ҳам ўзимизнинг полиздан чиқди. Фақатгина узумни маҳаллий етиштирувчилардан олдик. Айни пайтга қадар ташқи савдо ҳажми 220 минг доллардан ортди. Йил охиригача сабзавот сотишдан яна 100 минг АҚШ доллари атрофида даромад олишни кўзлаганмиз. Келгусида катта майдонда дуккаклилар - мош, нўхат ва ловия экишни ташкил этиб, уларни ҳам хорижга сотишни мўлжал қилганмиз.

Дарҳақиқат, экспорт фаолияти тадбиркорга ҳар томонлама фойда келтиради. Аввало унинг ҳисобидаги валюта тушуми кўпайиши таъминланади. Бу эса юқори технологияли қувватларни ишга туширишга кенг йўл очади. Шу маънода агрофирма томонидан ҳам муҳим истиқболли лойиҳа ҳаётга татбиқ этилаётгани аҳамиятли. Қиймати   2 миллион 780 минг АҚШ долларидан ошувчи, 2019 йилнинг дастлабки ойида буткул рўёбга чиқадиган ушбу ташаббус доирасида совуткичли омбор қуриш ишлари олиб борилмоқда. Сиғими ҳам кичик эмас, ўзида нақ 5 минг тонна маҳсулот сақлаш имконини беради. Агрофирма раҳбарияти бу иншоотдан нафақат ўзи учун, балки ҳудуддаги    деҳқонларнинг ижара асосида маҳсулот жойлаштиришини ташкил этиш мақсадида ҳам фойдаланмоқчи. Асосийси, бунинг самарасида 40 та доимий ва мавсумий иш ўрни яратилади.

Саноат

ХИЗМАТ КЎРСАТИШДАН - ИШЛАБ ЧИҚАРИШГА

Қамашидаги "Zero Plus Invest" масъулияти чекланган жамияти 2013 йилда фаолият бошлаган. Ушбу тадбиркорлик субъекти 4 йилча озиқ-овқат маҳсулотлари чакана савдоси билан шуғулланишдан нарига ўтмаган. Тижоратнинг ҳам ўзига яраша афзаллиги бор, буни инкор этиб бўлмайди. Агар ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилса, келадиган даромад чўғи бир неча чандон ошиши табиий. Мазкур корхона раҳбари Анвар Азимов ҳам худди шу йўлдан борди. Бултур янги тармоқни ишга туширди. 200 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфлаб, қандолат ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этди.

- Илгари дўконимизга ширинликларни бошқа жойдан сотиб олиб келардик, - дейди ишбилармон. - Қарасак, бунга ўз қурбимиз ҳам етади. Тижорат банкидан кредит олдик ва чет элдан янги ускуналар харид қилдик. Цехимиз энергиятежамкор печлар билан жиҳозланди. Кунига ўртача 150 килограммгача ширинлик тайёрланяпти. Ўтган даврда янгидан-янги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириб, унинг турини 20 хилга етказдик. Аҳоли буюртмаси асосида торт, пирожний, кекс каби қандолат маҳсулотлари пиширилмоқда. Бундан ташқари, ойига 10 тонна унни қайта ишлаб, харидорларга қолипли нон етказиб бериш имконига ҳам эгамиз. Маҳсулотнинг асосий қисмини савдо дўконимиз орқали реализация қиляпмиз. Маълум миқдордагисини туманимиздаги бошқа шохобчаларга тарқатишни ҳам йўлга қўйганмиз.

Кўринадики, тадбиркор ишлаб чиқаришнинг ҳам "маза"сини олган. Бўлмаса, яна янги режалар ҳақида тўлқинланиб сўз очмасди. Аввало, у мавжуд ҳажмни янада оширишни, печлар сонини кўпайтиришни ният қилган. Ишлаб чиқаришга замонавий технологиялар ҳам жалб қилинади. Жумладан, автоматик тарзда қадоқлаш ускунаси келтирилади. Ҳозирда новвот ишлаб чиқариш цехи ҳам фойдаланишга топшириш учун тайёрланмоқда. Ишбилармон яна бир тармоқ - кийим-кечак тикишни ташкил этиш тўғрисида ҳам ўйлаб турибди. Бозорни ўрганган, маҳсулотни сотолмайман деган хавотири йўқ. Чунки ҳудудда бу йўналишда ишловчи тадбиркорлар кам. Шу боис унинг бу ташаббуслари ҳам яхши самара беришига ишонса бўлади. Қувватлар ортиши ҳисобига қўшимча равишда ўнлаб кишининг бандлиги таъминланиши эса янада муҳим.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ тайёрлади.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.