Жараён 09.08.2019 69

АВВАЛ ҲУНАРЛИ, КЕЙИН ЭСА ИШЛИ БЎЛИШДИ

Хотин-қизларни иш билан таъминлаш - Президент томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг бири. "Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бошқармаси кўмагида Қарши туманида истиқомат қилувчи  12 нафар хотин-қиз  миллий либослар тайёрлаш бўйича 2 ойлик бепул ўқув курсида ўқитилиши ана шу ташаббуснинг тегишли йўналиши ижросини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатдир.

- Уларнинг аксарияти коллеж битирувчилари, - дейди қизларнинг устози, ҳунарманд Малоҳат Саломова. - Энди улар ҳунарли, бемалол соҳада ишлаб кета олишади. Ўзлари мустақил, уйларида буюртмалар қабул қилиб, тикувчилик қилишлари ҳам мумкин.

Қарши шаҳридаги ҳунармандлар марказида уларнинг илк мустақил ишлари ярмарка-савдоси ташкил этилди. Унда намойишга қўйилган либослар асосида маҳорати юқори баҳоланган 4 нафар қизга вилоят марказида тикувчилик йўналишида фаолият кўрсатувчи цехлардан иш таклиф қилинди.

- Мана ҳунар ўрганиб, ишли бўлдим, - дейди қисқа муддатли ўқув курсини тамомлаган Лобар Хайруллаева. - Бунинг учун устозимдан, ўқувни ташкил этган уюшма масъулларидан миннатдорман.

Бу каби хайрли ишлар бошқа туманларда ҳам давом этмоқда. Шу асосда ўнлаб хотин-қизларга устоз-шогирд анъаналари асосида ҳунар ўргатилаяпти.

З.НАЗИРОВА