Жамият 30.07.2019 31

ҲАЖ ЗИЁРАТИГА ЖЎНАБ КЕТИШДИ

Виждон эркинлиги

27 июль куни 205 нафар қашқадарёлик, 206 нафар сурхондарёлик, бугун тонгда эса ҳар икки вилоятдан 202 нафардан бўлғуси ҳожилар муқаддас Ҳаж амалларини адо этиш учун Қарши халқаро аэропортидан Саудия Арабистонига жўнаб кетди.

- Ҳаж сафари билан боғлиқ ташкилий ишлар йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда, - дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло Усмонов. - Масалан, авваллари ҳожиларимиз икки юлдузли меҳмонхоналарда туришган бўлса, бу йили Мадина шаҳридаги 5 юлдузли ва Макка шаҳридаги 4 юлдузли меҳмонхоналарга жойлашадилар. Шунингдек, истеъмоллари учун турли вақтларда тайёрланадиган покиза ва лаззатли таомлар, борадиган манзилларига етказиб қўювчи салқин автобуслар, малакали тиббий хизмат, борингки, уларнинг нима эҳтиёжи бўлса, ҳаммаси аъло даражада муҳайё қилинган. Зиёратчиларни Саудия Арабистонида кутиб олиш, кузатиш ва қулай шарт-шароитлар яратиш ишлари махсус ишчи гуруҳ ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси Ҳаж ва Умра масалалари бўйича атташеси ҳамкорлигида ташкил этилади.

Зиёратчиларимиз ушбу улуғ сафар давомида Макка ва Мадина шаҳарларидаги муқаддас ва табаррук жойларни зиёрат қилиб қайтадилар. Шунингдек, дуолар ижобат бўладиган Арафот, Мино ва Муздалифа каби маконларда бўлиб Ҳаж амалларини адо этадилар.

- Ислом динининг бешинчи рукни бўлган Ҳаж амалига давлат даражасидаги эътибордан кўнглимиз тоғдек кўтарилди, - дейди Қарши шаҳрилик Шавкат Каримов. - Бунинг учун аввало Президентимизга, шу хайрли иш бошида турганларнинг барчасига миннатдорлик билдирамиз. Бутун сафар давомида юрт ғамхўрлигини ҳис қилган ҳолда ибодатларни мукаммал даражада амалга оширамиз. Юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ҳамиша бардавом бўлишини, фарзандлар камолини тилаб дуолар қиламиз.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Муродулла КОМИЛОВ олган суратлар.