Жамият 09.05.2019 72

АЖДОДЛАРНИ ХОТИРЛАШ - МУҚАДДАС ҚАДРИЯТ

9 май - Хотира ва қадрлаш куни

Иккинчи жаҳон уруши келтирган кулфатлар ниҳоятда залворли. Бой берилган умрлар, фронт ортидаги машаққатли дамлар кишини чуқур мушоҳадага чорлайди. Ҳалок бўлганларнинг  хотирасини ёд этиш, ҳозир ҳаёт бўлганларига меҳр-оқибат кўрсатиш эса биз, авлодларнинг чин инсоний бурчидир.

 

Ҳар йили 9 май - Хотира ва қадрлаш куни мамлакатимизда кенг нишонланиши сабаби ҳам шунда. Дунёни ларзага солган ушбу даҳшатли урушда эрк учун курашган, юксак фидойилик намунасини кўрсатган қаҳрамонларимизни эъзозлаш миллий анъанага айланган.

Бу йил ушбу қутлуғ сана ҳар галгидан ўзгача ва кўтаринки руҳда, "Аждодларни хотирлаш - муқаддас қадрият" ҳамда "Эътибор ва ғамхўрлик - инсоний бурч"   шиорлари остида нишонланмоқда. Шу муносабат билан жойларда турли тадбирлар  ташкил этилаяпти.

Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига, фронторти меҳнат фахрийларига, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилиб, улар ҳолидан хабар олинмоқда, ўтганлар хотираси ёд этилаётир.

М.ШУҲРАТОВ

Суратда: Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, Яккабоғ туманида яшовчи  Шукур бобо Хушвақтов ёшлар даврасида.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.