Жараён 30.10.2018 73

БЎСМда замонавий спорт мажмуаси қурилаяпти

Бунёдкорлик

БЎСМда замонавий спорт мажмуаси қурилаяпти

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 июндаги қарори билан тасдиқланган манзилли дастурга кўра, Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан жорий йилда вилоятимиздаги 3 та объектда қурилиш ва реконструкция ишлари олиб бориш белгиланган. Жумладан, Қамаши туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида замонавий типдаги спорт мажмуаси  бунёд этилиши кўзда тутилган. Объект йил охирига қадар фойдаланишга топширилиш лозим.

Лойиҳа-смета қиймати 6 миллиард 771 миллион сўмга баҳоланган ушбу мажмуа қурилиши бугунги кунда жадал кетмоқда. Спорт бино-иншоотларини барпо этиш учун 3 гектарга яқин ер майдони ажратилган. Бунёдкорлик ишларини эса “Янги иморат” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари амалга ошираётир.

- Янги мажмуани барпо этишда кўпроқ жаҳон талабидан келиб чиқиш, эски намунавий типдан воз кечишга асосий эътибор қаратилган.- дейди жамият иш юритувчиси Нормурод Суяров. - Мажмуа очиқ спорт майдонини ҳам ўз ичига олади. 90х50 метр ўлчамдаги стадион қурилади. Ядро улоқтириш, қумга сакраш, югуриш майдончалари ҳам мавжуд. Ёпиқ бино-иншоотимизда ҳам олимпия ўйинларига киритилган кўплаб асосий спорт турлари билан шуғулланишга шароит яратилади.

Маълумотларга кўра, мазкур мажмуада келгусида қамашилик болалар ва ўсмирлар 10 дан ортиқ спорт турлари билан машғул бўлишади.

Албатта, соҳага қаратилаётган бундай  эътибор ҳудудда аҳолини, айниқса, ёшларни спортга фаол жалб этишга    туртки бўлиши, уларнинг руҳан ва жисмонан соғлом вояга етишига замин ҳозирлаши билан муҳим аҳамиятга эга.

Суратларда: спорт мажмуаси қурилишидан лавҳалар.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.