Жамият 22.12.2018 170

БАЙРАМДА КЎНГИЛНИ ХИРА ҚИЛМАСЛИК УЧУН...

Мавсумий масала

БАЙРАМДА КЎНГИЛНИ ХИРА ҚИЛМАСЛИК УЧУН...

Янги йил байрами яқинлашгани сари турли пиротехника воситаларидан фойдаланиш ҳоллари кўпаяди. Бу ўз навбатида божхона ҳамда бошқа тегишли идоралар ходимларини сергакликка чорлайди. Сабаби, пиротехника воситалари божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилмаса ва қонунга зид равишда савдоси кучаймаса, турли кўнгилсиз ҳодисалар ҳам юз бермайди.

Бу борада тушунтириш-тарғибот ишлари мунтазам олиб борилишига қарамасдан ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир этилаётганини кўриш мумкин.

Хусусан, контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида пиротехника воситалари ноқонуний айланмасига қарши ўтказилган тезкор тадбирда Қарши шаҳар Қарлиқбоғот маҳалласи ҳудудида юрган фуқаро Ф.Ш.нинг ҳаракатлари шубҳа остига олинди. Холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг қўл сумкасида 30 пачка пиротехника воситалари борлиги аниқланди.

Фуқаро ўз тушунтиришида ушбу воситаларни С.Х. номли танишидан 300 минг сўмга сотиб олганини маълум қилганидан сўнг тадбир давом эттирилиб, С.Х.нинг яшаш хонадони кўздан кечирилди. Натижада бу ерда ҳам 30 пачка пиротехника воситалари яширинча сақлаб қўйилгани фош этилди. Тадбир давомида олинган жами 60 пачка бўлган 2 минг 880 дона пиротехника воситаси вақтинча сақловга топширилди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Яқинлашаётган Янги йил байрами турли пиротехника воситаларисиз ҳам кўтаринки руҳда ўтишига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Шундай экан, байрамда кўнгилни хира қилмаслик учун турли "пақилдоқ"лардан фойдаланмаслик кифоя.

Собир ХОЛМУРОДОВ,

вилоят божхона бошқармаси катта инспектори