Қишлоқ хўжалиги 05.04.2019 172

БАРРА САРИМСОҚ ПУЛИГА - ИККИ БОШ БУЗОҚ

Томорқа – хазина

Ихтиёрида камида 10 сотих ери бор одамни, бир оилани, эҳтиёжманд деб бўладими?! Фикримизча, йўқ. Чунки бу очиқ кўриниб турган имконият ва шу билан ҳам киши ўз рўзғорини бутлолмаслиги, турмушида ижобий ўзгариш қилолмаслигига ишониш қийин, албатта. Ҳайҳотдек томорқаси бўла туриб, бирор фойдали ишнинг бошини тутмаган одамда ё омилкорлик етишмайди, ёки ўзи ишёқмас бўлиб, баҳона топишдан нарига ўтмайди.

Ғузор тумани Гулшан маҳалласида яшовчи, нафақа ёшидаги Манзура Рўзибоева ва унинг ўғлию келинини аввал биринчи тоифага киритиш мумкин эди. Бундан икки-уч йил олдин уларнинг томорқага қарови кўнгилдагидек эмасди. 20 сотих атрофидаги ерни мақсадли ишлатишмасди ҳисоб. Ушбу хонадон вакиллари сўзларига кўра, бунга сабаб хоҳиш йўқлигида эмас, балки деҳқончилик борасида уқуви камлиги, қачон нима экиб-парваришлашни яхши билишмаганида бўлган.

- Шу десангиз, у-бу кишидан сўраб ўргандик, маслаҳат олдик, - дейди М.Рўзибоеванинг ўғли Шерзод Каримов. - Суғориш муаммо эди, салмоқли маблағ сарфлаб, ер остидан сув чиқардик. Маҳаллий ўғит солиб, ерни бойитдик. Бултур кузда тажриба учун барча еримизга саримсоқ пиёз эккандик. Барра-барра бўлиб чиққан заҳоти, туп-туп ўраб, бозорга чиқардик. Даромад ёмон бўлмади. Шу биргина кўкат пулига 2 бош бузоқ сотиб олдик. Мана, келадиган фойда мазасини ҳам билиб олдик, энди томорқани ҳеч бўш қолдирмаймиз.

Хонадон соҳиби ойнинг ярмини ишда, қолганини уйда ўтказишини, сўнгги пайтда ҳамма бир бўлиб, бўш вақтни шу ерга сарф қилаётганини айтади. Томорқага уннагач, ойлик маошга қўл теккизмай, рўзғорнинг бор кам-кўстини деҳқончиликдан топилаётган даромад ҳисобидан қоплашаётган экан. Бир сотих жойда ёй шаклида ихчам иссиқхона ташкил этиб, петрушка, шивит сингари кўкатларни етиштиришни ҳам йўлга қўйишган. Саримсоқ пиёздан бўшаган майдонга эса аллақачон картошка уруғи, помидор, булғор қалампири ниҳоллари қадалган. Келгусида оила аъзолари совуқ кунларда ҳам махсус шароитда маҳсулот етиштириб, йил давомида фойдали машғулот билан банд бўлишни мақсад қилишган.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.