Сўнгги янгиликлар 26.04.2019 160

БЕМОР ҚАРШИГА ВЕРТОЛЁТДА КЕЛТИРИЛДИ

Фавқулодда ҳолатларда

Деҳқонобод туманида истиқомат қилувчи Б.М. 22 апрель куни тракторда дала ишларини бажарар экан, сурункали ёмғир ёғиши ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаслиги оқибатида трактор ағдарилиб кетган. Натижада Б.М. оғир тан жароҳати олиб, қишлоқ врачлик пунктига етказилган. Бу ердан вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси навбатчилик қисмига жароҳат олган фуқарога ёрдам кўрсатиш бўйича мурожаат қилинган.

Мутахассисларнинг кўриги натижасида жабрланганга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш лозимлиги аниқланиб, беморни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалига олиб бориш эҳтиёжи юзага келган. Бироқ ноқулай об-ҳаво, йўллардаги носозлик, қолаверса, қишлоқ ва туман маркази ўртасидаги олис масофа туфайли беморга зудлик билан ёрдам кўрсатиш имконияти бўлмаган.

Натижада Жануби-ғарбий алоҳида ҳарбий округдан беморни эвакуация қилиш бўйича ёрдам сўралган ва Мудофаа вазирлигига тегишли МИ-171 вертолёти ажратилиб, бемор қутқарувчилар назорати остида Қарши шаҳридаги Хонобод аэродромига, сўнг Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалига келтирилган.

ФВВ матбуот хизматининг хабар қилишича, ҳозирги вақтда беморга барча зарурий ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Н.ХЎЖАЕВ