Жараён 18.06.2019 468

БЕШ ТАШАББУС - БЕШ ИМКОНИЯТ

Семинар

Ёшлик ғанимат давр, уни беҳуда ишларга сарфламаслик керак. Айнан шу фурсатда олинган билимни бежиз тошга ўйилган нақшга менгзашмайди. Тинимсиз ўқиб-ўрганиш эса келгусида албатта ўз самарасини беради. Бу борада давлат раҳбари илгари сурган беш муҳим ташаббуснинг ўрни катта. У айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни баркамол этиб тарбиялашга қаратилгани билан ғоят аҳамиятли. Шу мақсадда эса ёшларни маданият, санъат, спорт, китобга ошно тутиш, замонавий ахборот технологиялари билан тиллаша олишига имконият яратиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилангани дастуриламал бўлмоқда. 

Шаҳрисабз туманидаги 30-мактабда бўлиб ўтган амалий семинар ҳам шу мавзуга бағишланди. Тадбирда тумандаги барча умумий ўрта таълим мактаблари директорлари ва уларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари иштирок этди.

Семинарда Президент ташаббусидан келиб чиқиб, ўқувчиларни дарсдан ташқари  машғулотларга фаол қизиқтириш, бунинг учун кенг шароит яратиш масаласи муҳокама этилди. Мактабларда ташкил этилган "Соғломлаштириш марказлари"даги тўгараклар ишини ана шу асосларда йўлга қўйиш услублари амалий тарзда кўрсатиб берилди.

- Маълумки, ўқувчилар аллақачон ёзги таътилга чиққан, аммо бу улар мактабдан, таълим жараёнидан буткул узилиб қолиши керак дегани эмас, - дейди Шаҳрисабз тумани халқ таълими бўлими мудири Шуҳрат Рўзиев. - Бўш вақти бўлган ёшларнинг турли кўнгилочар тадбирлар ва мусобақаларда иштирок этиши чорасини кўраяпмиз. Бунинг учун мактаблар кутубхоналари, компьютер ўқув хоналари, спорт ва фаоллар зали доимо очиқ.

Шунингдек, амалий семинарда  ўқувчиларнинг мустақиллик йиллари қурилган маҳобатли бино ва иншоотлар, шунингдек, тарихий қадамжолар, бетакрор табиат гўшалари, маданият масканларига  саёҳатларини уюштириш, музей ва театрларда дам олдириш ижобий аҳамиятга эга бўлиши тушунтирилди. Бу тадбирларни "Юртим тарихини ўрганаман" шиори остида ўтказиш мақсад қилинган.

Қайд этилишича, Шаҳрисабз туман халқ таълими бўлими тизимида бугунги кунда жами 85 та умумий ўрта таълим мактаби мавжуд бўлиб, уларда қарийб 35 минг нафар ўқувчи таҳсил олиб келмоқда. Барча таълим муассасаларида ўқувчиларни турли тўгаракларга қамраб олиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Маълумотларга кўра, ҳозирга қадар мактабларда фаолият кўрсатаётган маданият ва санъат тўгарагига 2006 нафар, рассомчилик тўгарагига 832 нафар, адабиёт тўгарагига 1874 нафар, спорт тўгарагига 5701 нафар, ахборот технологиялари тўгарагига 2347 нафар, китобхонлик тўгарагига 1549 нафар, зардўзлик, тикувчилик тўгарагига 623 нафар ўқувчи жалб қилинган.  

БЕҲРУЗБЕК

Муаллиф олган суратлар.