Сўнгги янгиликлар 01.03.2019 330

БЕТАРТИБЛИК БОЗОРГА ХОСМИ?

Фотонигоҳ

БЕТАРТИБЛИК БОЗОРГА ХОСМИ?

Ёхуд “Қамаши файз”нинг файзсиз манзараси

Қамаши тумани марказидаги деҳқон (озиқ-овқат) бозорининг номи “Қамаши файз”. Унга кириб борар эканмиз, бирор файздан дарак топмадик. У ердаги манзара ҳар қандай кишининг нафақат ушбу бозор, балки туман ҳақидаги фикрларини ҳам салбий оқимга буриб юборади.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, мамлакатимизда бозорлар фаолиятини йўлга қўйиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги тегишли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси бозорларида савдо фаолиятини ташкил этиш Қоидалари” асосида амалга оширилади, оширилиши шарт. Бу қонун талаби. Аммо “Қамаши файз” деҳқон (озиқ-овқат) бозорида бу қоидаларга амал қилинаётган ҳолатни деярли учратмайсиз.

Унда белгиланган жойдан ташқарида савдо-сотиқ қилаётган кўплаб инсонларга дуч келдик. Бозор раҳбарияти эса бунга эътибор қаратаётгани йўқ.

 Бозор дарвозасидан кириб, нега кўпчилик ташқарини маъқул кўришини тушунгандек бўлдик. Чунки, ичкаридаги аҳвол ҳам кўчадан яхши эмас экан.

 Диққатимизни бозорнинг қоқ ўртасида бир қоп олмани эски шолча устига тўкиб, мижоз чорлаётган сотувчилару, уларга ҳамроҳлик қилган ит тортди. Тўғриси, озиқ-овқат маҳсулотлари орасида ўралашиб юрган итни кўриб, тозалик, санитария қоидалари ҳақидаги талабларни эслаб ўтирмадик.

 Бозорда савдо фаолиятини ташкил этиш қоидаларининг яна бир бандига кўра, юкларни ташиш учун мўлжалланган воситалар (контейнерлар)дан озиқ-овқат товарларини сотиш тақиқланади. Бироқ бу ерда ушбу талабга амал қилинишини ҳеч ким назорат қилаётгани йўқ.

 Деҳқон бозорларида ноозиқ-овқат товарларини сотиш ҳам қонун билан белгиланган тартибга зид. Аммо “Қамаши файз” деҳқон (озиқ-овқат) бозорининг каттагина ҳудудини ёйма кийим-кечаклар растаси эгаллаган. Бозор маъмурияти тушум ортидан тартибни унутган кўринади.

 “Ўзбекистон Республикаси бозорларида савдо фаолиятини ташкил этиш Қоидалари”нинг 25-бандида бозор раҳбарларининг мажбуриятлари белгилаб қўйилган. Унга кўра,  бозор маъмурияти бозорда белгиланган савдо қоидаларига риоя этилишини назорат қилиши, деҳқон бозорларида сотувчиларни қатъий ажратилган савдо ўринлари бўйича жойлаштириши керак.

 

 Аммо “Қамаши файз” деҳқон (озиқ-овқат) бозори маъмурияти   ҳозирча бу қоидалар талабини таъминлаётгани йўқ. Натижада бозордаги усти ёпиқ, қонуний расталар бўш қолиб, ҳамма истаган жойида савдо қилмоқда.

Агарда бу ҳолатлар туман марказидан олис, чекка бир ҳудудда  бўлганида, эҳтимол тушуниш мумкин эди. Лекин ҳудуднинг қоқ ўртасидаги марказий деҳқон бозорида шунчаки тартибни, тозаликни, орасталикни таъминлаш наҳотки имконсиз?! Масъуллар, бозор маъмуриятини бу ҳолатлар қизиқтирмаётган кўринади. Аксинча, аҳвол бу даражага етиб бормасди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.