Сўнгги янгиликлар 26.04.2019 182

БЕТОН УЙГА ОТ ЕТАКЛАБ КИРГАН ШОИР

Тадбир

Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ҳаёт бўлганида бугун 65 ёшни қарши оларди.

Муҳаммад Юсуф ўзининг қисқа умри давомида ёрқин истеъдоди, бетакрор ижоди, ибратли ижтимоий  фаолияти билан миллий адабиётимиз, маданиятимиз равнақига катта ҳисса қўшди. Унинг шеърлари минг-минглаб китобхонлар, шеърият мухлислари қалбидан ўчмас жой олган. Шоир таваллуд топган сана муносабати билан Нишон тумани Нуристон шаҳарчасидаги маданият саройида ўтказилган тадбирда шу ҳақда  сўз борди.

Тадбирда шоирнинг рафиқаси Назира ас-Салом ҳамда бир гуруҳ ижодкорлар, шеърият мухлислари иштирок этди. Таъкидланганидек, Муҳаммад Юсуф шеърлари самимийлиги, халқ руҳига яқин бўлганлиги учун ҳам китобхоннинг кўнгил мулкига айланди. Унинг асарларида ўзи туғилиб ўсган юрт руҳияти, манзаралари яққол кўриниб туради. Шунинг учун ҳам дўстлари ҳазиллашиб: "Муҳаммад - Тошкентнинг кўп қаватли бетон уйларига от етаклаб кирган шоир", дейишарди.

Тадбирда Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз юритилди. Шеърларидан намуналар ўқилди. Шунингдек, иқтидорли ижодкор Шерхон Қораев қаламига мансуб "Муҳаммад Юсуф ва Ғайбулло ас-Салом" китобининг тақдимоти ўтказилди.

Худди шундай тадбир тумандаги 1-ўрта мактабда ҳамда Талимаржон шаҳридаги 13-болалар мусиқа ва санъат мактабида ҳам ташкил этилди.

Ж.БОЙМУРОДОВ