Жамият 09.05.2019 132

БИР БУРДА НОН ҚАДРИ

Эҳтиром

Шаҳрисабз туманидаги Сарой қишлоғида умргузаронлик қилаётган Жўра бобо Раҳимов паспортга кўра 1921 йилда туғилган, ўзининг ҳисобича 102 ёшда. Айтишича, катталардан кимдир уни урушга бормасин деб ёшини камайтириб кўрсатган. Аммо пешонада ёзилгани бўларкан, у барибир фронтга жўнади. Берлинга довур етиб борди, фашистларни таслим қилишда бевосита қатнашди.

- Сўнгги ҳужум олдидан батальон командири кўприкнинг тагида уч одам абгор бўлиб ётибди, тез кийим-кечак, озиқ-овқат олиб боринглар, деб буйруқ берди, - дейди Жўра бобо. - Борарга бордиму, қайтишда бомбанинг остида қолдим. Олдин ҳам бир неча марта ярадор бўлгандим, лекин ғалаба кўриниб турганда яраланиш... Хайрият, эсон-омон августда Китобга қайтиб келдим. Қайтсам, ота-онам ўлиб кетган, Тожикистонда бир тоғамиз бор эди, шу Чироқчига кўчиб келган экан, мени йўқлаштириб, Чироқчига олиб кетди. Фронтда бир бурда нон қандай қадрли эканини англаганман-ку, ҳеч ўйламай новвойхонага ишга кирдим. Ойлигим - кунлик ейдиган ноним эди. Йил ўтиб, раис мени кўриб қолиб,  "Раҳимов, одам бўлиб ёнимга кел қани, сени бир ўқишга жўнатай", деди. Ўқиб келишга хоҳишим бор, лекин на бир тузукроқ уст-бош, на пул бор. Шуни айтгандим, раис кийим-бош, 150 сўм пул қилиб берди, бўлка нон пишириш бўйича ўқишга жўнатди. Новвойхонада бир йил ишлаганим бу ерда қўл келди, ишни анча пухта ўргандим. Сўнг 9 йил новвой, кейин колхозда ишчи бўлиб ишладим. Эй, бизнинг ҳаёт шундай ўтди-да. Уруш, қийинчилик, йўқчилик... Лекин бир машаққатнинг бир ҳузури ҳам бўларкан. Мана, ҳозир 2 ўғил, 3 қиз, 30 невара, чевараларимнинг сонини ололганим йўқ, юздан ошиб кетган лекин, шуларнинг даврасида ҳузур қилиб яшаяпман-да. Ҳурмат қилишади, совға-салом билан йўқлашади. Биз уруш кечиб, бугун болаларимиз тинч-тотув яшаётган экан, бошқа яна нима керак?

Дарҳақиқат, инсоният тарихидаги энг мудҳиш, энг кўп қурбон берилган урушдан омон қайтишнинг ўзи бўлмайди. Қолаверса, урушдан кейинги машаққатли ҳаётда ҳам ўзликни йўқотмаслик, иймонни бут сақлаш учун чинакам ИНСОН бўлиш керак. Буни Жўра бобо мисолида кўрса бўлади.

Н.ХЎЖАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.