Жамият 22.12.2018 197

БИР ЧЕЛАК СУВ ОЛГАН БИЛАН ДАРЁНИНГ СУВИ КАМАЙИБ ҚОЛМАЙДИ, БИРОҚ...

Қилмиш-қидирмиш

БИР ЧЕЛАК СУВ ОЛГАН БИЛАН ДАРЁНИНГ СУВИ КАМАЙИБ ҚОЛМАЙДИ, БИРОҚ...

Аслида ҳамма гап ўша "сув" олинаётган жойнинг кимга тегишли эканида: ўзингизники бўлса, бемалол фойдаланаверасиз, бировники бўлса, сўраб оласиз. Аммо шундай кишилар борки, қай жойдан бўлмасин, қуруқ чиқмаслик, фойда олиш пайида бўлади. Бир нималик бўлиш илинжида қонунларни, ўзгалар, жамият манфаатини писанд қилмайди. Қуйидаги ҳолатлар шу ҳақда.

СУВ ҚУВУРИДА ОҚҚАН КОНДЕНСАТ

Шу йилнинг 20 ноябрь куни тонгги соат 5:30 ларда вилоят ИИБ қўриқлаш бошқармаси 2-алоҳида отряди ходимлари ёғингарчилик туфайли қолган шубҳали автомашина изларини кўришади. Из уларни "Шўртаннефтгаз" МЧЖга қарашли боғ ҳудудида жойлашган, фуқаро М.Х.нинг дала шийпонига олиб боради. Кўздан кечириш чоғида ҳовлида катта сиғимли идишлар уюлиб ётгани маълум бўлади. Ғузор тумани Эшонқудуқ қишлоғилик М.Х. эса ҳовлига бу идишларни ким қўйиб кетганини билмаслигини айтади.

Профилактик ҳаракатлар натижасида дала шийпонидан 1 километр узоқликдаги газ конденсати қувурига резина шланг улангани аён бўлди. Яъни ер остидан ўтган қувур тешилиб, 2 метр баландликда қарама-қарши жойлашган ва ҳозирда фойдаланилмаётган 1000 миллиметр диаметрли сув қувурига резина шланг билан уланиб, номаълум шахслар газ конденсатидан ўз манфаати йўлида фойдаланиб келган.

Давлат мулкини талон-торож қилган шахсларни аниқлаш бўйича ҳозирда тезкор-профилактик ишлар олиб борилмоқда.

"МАЙДА"  ҚИЛМИШЛАРИ ФОШ БЎЛДИ

Қарши тумани Навбаҳор маҳалласида яшовчи, 1987 йилда туғилган М.М. Қарши нефть базасига ўзига тегишли "ГАЗ-53" русумли автомашинада юк билан кириб, уни тушириб чиқаркан, қайтишда 15 литр бензинни ҳужжатсиз олиб чиқиб кетаётганда ушланган. У ўз ҳаракати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 61-моддаси 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этгани сабабли маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Суднинг қарори билан унга нисбатан 202 минг 730 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Косон тумани Дарча қишлоғида яшовчи, 1959 йилда туғилган А.Н. эса "Дунё-М" корхонасига ўзига тегишли "ГАЗ-53" русумли автомашинасида кириб, юкхонага 15 килограмм кепакни жойлаб, олиб чиқишга уринган. Судда айтишича, у "комбикорма"ни товуқлари учун олган.

Маъмурий суд жазо тайинлашда унинг ёшини ва оилавий аҳволини инобатга олиб, огоҳлантириш билан чекланди.

Шаҳобиддин АБДУРАСУЛОВ,

вилоят ИИБ қўриқлаш бошқармаси сафдор ходими