Сўнгги янгиликлар 21.12.2018 177

"БИР САЙЛОВЧИ - БИР ОВОЗ" ПРИНЦИПИ ҚАНДАЙ ИШЛАЙДИ?

Давра суҳбати

"БИР САЙЛОВЧИ - БИР ОВОЗ" ПРИНЦИПИ ҚАНДАЙ ИШЛАЙДИ?

Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш ўқув курси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Қашқадарё ҳудудий бўлинмаси, вилоят сайлов комиссияси, ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 октябрдаги "Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижросига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва масъул котиблари, ОАВ ходимлари иштирок этди.

Қайд этилдики, сайловчилар электрон рўйхатини шакллантириш, бунда участка сайлов комиссияларининг сайловчи-фуқаролар доимий ва вақтинча яшаш жойлари манзиллари тўғрисидаги ҳаққоний ахбороти муҳим аҳамиятга эга. Чунки баъзи маълумотлар сайловчи-фуқаронинг яшаш жойи ўзгариши ёки бошқа сабаблар билан эскириши мумкин. Бу эса тегишли рўйхатни тезкорлик билан автоматик тарзда янгилашни тақозо этади.

Бундан ташқари, илгари амалиётда сайлов участкаларининг замонавий компьютер тўплами билан жиҳозланмагани ва интернет тармоғига уланиш даражаси пастлиги, комиссия аъзоларининг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга доир билим ва кўникмалари етарли бўлмагани сайлов жараёнини рақамлаштириш ва автоматлаштиришда турли қийинчиликларни юзага келтирган.

- Қарор билан сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантиришда Ички ишлар вазирлиги ахборот базаси, кўчмас мулк объектлари ягона реестрига мувофиқ ягона рўйхат шакллантирилади, - дейди вилоят   сайлов комиссияси масъул котиби Суҳроб Ашуров. - Энг муҳими, ушбу рўйхат "бир сайловчи - бир овоз" принципига тўлиқ риоя қилинишини таъминлайди.

Таъкидлаш жоизки, қарор ижроси мамлакатимизда демократик сайловлар ўтказиш амалиётини янада такомиллаштириш, сайловларнинг очиқ-ошкоралиги, шаффофлигини таъминлаш, сайловчилар рўйхати аниқлигини мустаҳкамлаш, пировардида, сайлов ва унинг натижалари ишончлилиги даражаси янада ортишига хизмат қилади.

Давра суҳбатида маҳалла фаолларига сайловчилар ягона электрон рўйхатини шакллантиришдаги вазифалар тушунтириб ўтилди.

Тадбир қизғин савол-жавоблар асосида ўтди.

Шоҳиста БОЗОРОВА