Жамият 01.02.2019 280

БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТ ХОТИРАСИГА ЭҲТИРОМ

Қалбимизда мангу барҳаёт

БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТ ХОТИРАСИГА ЭҲТИРОМ

30 январь - буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг атоқли фарзанди Ислом Каримов таваллудининг 81 йиллиги муносабати билан Қарши шаҳри марказида ўрнатилган ёдгорлик қошида давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари, фан, маданият, адабиёт ва санъат намояндалари, ёшлар жам бўлди.

Вилоят ҳокими Зафар Рўзиев бошчилигидаги жамоатчилик вакиллари Буюк Йўлбошчи ҳайкали пойига гуллар қўйди, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Қайд этиш лозим, Ислом Каримов Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти сифатида мамлакатимизни жаҳонда ўз ўрнига эга бўлган, мустақил ва мустаҳкам давлатга айлантирди. У Қашқадарё вилоятининг иқтисодиётини кўтариш, одамларни рози қилиш йўлида ҳам тиним билмай меҳнат қилди.

- Ислом Абдуғаниевич хотираси халқимиз қалбида мангу яшайди, - дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Эсон Ражабов. - Биргина Қашқадарёга раҳбарлик қилган даврни олинг. Ҳудуд иқтисодиёти жар ёқасига келиб қолган, тоталитар тузум ўз моҳиятини намоён қилган даврлар эди. Ислом Каримов дастлаб ишни вилоятдаги аҳволни чуқур ўрганишдан бошлади. Атрофига вазиятни яхши биладиган обрў-эътиборли раҳбарларни, мутахассисларни тўплади. Улар билан бамаслаҳат иш тутди. "Пахта иши"да айбланган 3 минг нафардан ортиқ турли даражадаги қишлоқ хўжалиги ходимларини қамоқдан озод қилиш, уларнинг номларини оқлаш ҳақида собиқ иттифоқ раҳбариятига мурожаат билан чиқди. Хўрланган, камситилган ўксик қалбли оналарнинг, хотин-қизларнинг, тирик етим бўлиб қолган болаларнинг бошини силади. Буларни унутиб бўлмайди.

Шу куни Ислом Каримов ҳайкали пойи гулларга бурканди. Буюк Йўлбошчини хотирлаш тадбирлари давом этмоқда.

Н.ХЎЖАЕВ