Жамият 29.01.2019 348

БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТНИНГ ТАРИХИЙ ХИЗМАТЛАРИНИ ЁДДА САҚЛАШ БАРЧАМИЗ УЧУН ҲАМ ҚАРЗ, ҲАМ ФАРЗДИР

Ислом Каримов таваллудининг 81 йиллигига

БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТНИНГ ТАРИХИЙ ХИЗМАТЛАРИНИ ЁДДА САҚЛАШ

БАРЧАМИЗ УЧУН ҲАМ ҚАРЗ, ҲАМ ФАРЗДИР

Маълумки, мамлакатимиз янги тарихининг чорак асри йирик давлат арбоби ва сиёсий етакчи Ислом Каримов номи билан боғлиқ. Биринчи Президент Ватан равнақи, юрт тинчлиги, жамиятнинг иқтисодий ўсиши учун ўз ҳиссасини қўшди. Тинчликпарвар сиёсат туфайли республика халқ хўжалигини қайта тиклаш ва янги асосда ривож топишига мустаҳкам асос яратилди. Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эга давлатга айланди.

Бу нафақат биз, балки жаҳон афкор оммасининг ҳам эътирофидир. Жумладан, француз тадқиқотчилари Ж.Барри, К.Ферро ва Ш.Ванг Ислом Каримовни ХХ асрнинг буюк давлат ва жамоат арбоби, Бешинчи француз инқилоби асосчиси, Франция миллий қаҳрамони генерал Шарль де Голль билан бир ўринга қўйишади. Бошқа мутахассислар фикрича эса, Ислом Каримов айрим жиҳатлари билан Америка "қайта қуриш"ининг отаси Франклин Рузвельтга ҳам ўхшаб кетади. Айнан Ислом Каримовнинг саъй-ҳаракатлари билан совет давлати таркибидан эндигина чиқиб ўз йўлини танлаган Ўзбекистон АҚШ сингари оғир иқтисодий вазиятдан чиқиб кетишга муваффақ бўлди. АҚШдаги "Янги курс" иқтисодий ислоҳотлари, фашизмга қарши кураш коалициясини тузиш Ф.Рузвельт номи билан бевосита боғлиқ бўлса, Ислом Каримов номи билан Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар ҳамда халқаро терроризмга қарши ҳаракатлар боғлиқ.

Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбарлигига келганида республикамиз ҳали совет иттифоқи таркибида бўлган бир пайтда дадиллик билан давлат ерини деҳқонларга тарқатиш йўлини танлади, ўзбек тилига эса давлат тили мақомини бериши ҳақида қарор қабул қилди. Собиқ  иттифоқ раҳбариятининг қаршилик кўрсатиши ва эътирозларига қарамай, Ўзбекистон ССР Олий Совети Ислом Каримовни Ўзбекистон Президенти этиб тайинлади. Шу тариқа 1990 йилнинг 24 март куни собиқ СССР ҳудудида, 15 иттифоқдош республикалар орасида Ўзбекистонда ҳам президентлик институти жорий қилинди.

Мустақиллик йилларида Ислом Каримовнинг бевосита ташаббуси билан хусусий мулк, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш, жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасида сезиларли ўзгаришлар амалга оширилди, унинг ўзи бу соҳада янги мулкдорлар синфи - фермерлик ҳаракатини шакллантиришга раҳбарлик қилди. Унинг бошчилигида Наврўз, Қурбон ҳайит ва бошқа миллий байрамларимиз тикланди.

Таъкидлаш лозим, Ислом Каримовнинг президент бўлгунига қадар  фаолияти ҳам барча учун қизиқ, муҳим ва ўрнак бўлгулик.

Синфдошларининг эслашича,  Ислом Каримов мактабда ўқиб юрган йилларидаёқ қўшимча адабиёт излаб кутубхоналарга қатнар ва бу билан худди институт талабаси сингари намоён бўлган. У ёзган иншолар барчага намуна сифатида ўқиб берилган.

9-синфда ўқиб юрганида рус тили дарсида ёзган иншоси учун ўқитувчи унга "2" қўйган. Ислом Каримов бундан норози бўлиб, "Нега икки қўйдингиз?", деб сўраганида, ўқитувчи "Китобдан кўчирибсан", деган жавобни берган. У эса "Кўчирганим йўқ, китобда қандай ўқиган бўлсам, шундай ёзганман", деган. Ўқитувчи бу гапга ишонмай, бошқа иншо матнини бир марта ўқиттирган ва дарс охирида сўрашини айтган. Дарс  якунида Ислом Каримов берилган матнни тўлиқ ёзиб, ёддан айтиб берган. Бирор сўз у ёқда турсин, ҳатто нуқта-вергулигача аниқ айтилган     бу жавобдан ўқитувчи лол қолган ва "5" баҳо қўйган.

У яна ўзи ўқиган мактаб баскетбол жамоаси сардори ҳам бўлган. Жамоа Бухородаги чемпионатда 2-ўринни эгаллаган. Хотираларда айтилишича, болалигидан унинг ўзига бўлган ишончи кучли, ким ҳимояга муҳтож бўлса, доим ёрдам беришга тайёр бўлган.

Қийналганларга мадад қўлини чўзиш Ислом Абдуғаниевич Қашқадарё вилоятига раҳбар бўлиб ишлаган даврда яққол кўзга ташланади. У биринчи навбатда ҳаммадан ўз ишини тўғри ва яхши бажаришни талаб қилган. Шу жумладан, "Марказ"дан келган "десантчилар"дан ҳам. Нега деганда, унинг характерида ҳам ўзига, ҳам атрофдагиларга нисбатан талабчанлик жиҳати кучли бўлган. Масаланинг бошқа бир томони, олдинги раҳбардан фарқли равишда у маҳаллий кадрларни ҳимоя қила бошлаган. Эътиборли жиҳати, бир ой мобайнида Ислом  Каримовда Қашқадарё вилояти тўғрисида билмаган бирорта ҳам маълумот қолмаган.

Айтишларича, Ислом Каримов далаларни айланиб юриб, тўғри шийпонга кириб боради ва ўша ерда ишлаётган аёллар билан суҳбатлашади, уларнинг турмуш шароити, рўзғорининг аҳволи ҳақида сўрайди, "Далада ишлаган пайтингизда фарзандларингизга қараб турадиган одам борми? Қанақа муаммоларингиз бор?" қабилидаги саволлар билан мурожаат қилади. Шунда аёллар уйга қайтиш пайтида рўзғор учун керакли нарсаларни харид қила олмаётганликларини, яъни дўконларнинг кечки маҳал ёпиқ бўлиши қийинчилик туғдираётганини айтишади. Мана шу учрашувдан кейин биринчи котиб ҳамма дала шийпонларида уй хўжалиги учун зарур барча маҳсулотлар сотиладиган дўконларни ташкил қилган. Ислом Каримов аввалги совет раҳбарларига ўхшаб шунчаки, яъни кўп ҳолларда ишни назорат қилиш мақсадида жойларни айланиб юрмаган, у одамларнинг дардини, ташвишларини ва аҳволини билиш учун шундай қилган.

Яна бир воқеа. Кунларнинг бирида бир дона трактор далани культивация қилаётганининг гувоҳи бўлади. Аста-секин тракторчининг олдига бориб, у билан гаплашади. Ҳол-аҳвол, уйдаги ва меҳнат шароити ҳақида суҳбат қуради, қандай муаммо ва камчиликлар борлиги билан қизиқади. Тракторчи аккумуляторим эски, тез-тез бузилиб туради, дейди. Уни янгисига алмаштириш учун бир қанча бюрократик босқичларни босиб ўтиш керак бўлган. Яъни,   дастлаб бригадир "заявка" ёзади, унга бўлим бошлиғи виза қўяди, сўнг агроном имзосини қўяди, совхоз директорининг "берилсин", деган рухсати теккандан кейингина аккумуляторни олиш мумкин. Лекин шундан кейин ҳам аккумулятор бир сутка давомида қувват олиши керак бўлган. Мана бу жараёнларнинг ҳаммаси 2-3 кун вақтни олган, шу вақт ичида эса иш тўхтаб турган. Буни эшитган Ислом Каримов бундан   кейин тракторларни созлаш ва текшириш учун ҳар куни далаларда техник хизмат машинаси юришини ташкиллаштириш бўйича тегишли кўрсатмалар беради.  

Кадрларни танлашга ёндашуви ҳам эътиборли. Мисол учун, унинг столига қўйилган мутахассиснинг ҳужжатлари ичидан маълумотномасини олиб, у яшайдиган туманга борган. У ердаги одамлар билан гаплашиб, ҳол-аҳвол сўраган. Суҳбат орасида бояги кадр ҳақида ҳам суриштириб кўрган. Халқнинг фикрига қараб, мутахассисни ишга олиш-олмаслик масаласини ҳал қилган.

Ўша йилларда Сибирдан "груз-200" келади. Унда армияда ҳалок бўлган икки қашқадарёлик йигитнинг жасади бўлган. Ислом Абдуғаниевич бу хабардан қаттиқ ранжиб: "Афғонистондан йигитларимизнинг ўлиги келаётгани камлик қилганидек, энди бу ҳам бормиди?!", дейди. Маълум бўлишича, бу йигитлар ҳарбий ўқув машқлари пайтида, дарёдан ўтаётганда сувга тушиб кетиб, сузишни билмасликлари сабаб чўкиб кетишган. Шундан кейин Ислом Каримов  йигит-қизларнинг барчаси сузишга ўргатилсин, деган кўрсатма беради ва бунинг учун ҳавзалар барпо этилади.

Катта бир мамлакатни истиқлол сари бошлаган дадил қадамлари эса "Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида" китобида ёрқин акс этган. Бу китоб мустақилликка эришиш йўлида яқин ўтмиш тарихимизда, яъни 1989-1991 йиллар мобайнида олиб борилган ўта оғир ва машаққатли курашлар тарихи ёритилган манба сифатида бениҳоя аҳамиятлидир.

Китобда юз берган барча воқеа-ҳодисалар ва муаллифнинг уларга бўлган муносабатини хронологик   тарзда тўла ва батафсил акс эттириш мақсад қилиб қўйилмаган. Асосий мақсад - совет давлати ҳали ўзининг ҳукмронлик кучини йўқотмаган, унинг репрессив сиёсати давом этаётган, "пахта иши" деган туҳмат билан қанча-қанча одамлар ноҳақ қамалган, тазйиқ ва таъқибларга учраган, халқ ўртасида тушкунлик, эртанги кунга ишончсизлик кайфияти, қўрқув ва ваҳима кенг тарқалган бир пайтда    Ўзбекистон раҳбари сифатида иш бошлаган Ислом Каримовнинг мустақилликка эришиш масаласини кун тартибига қатъий қилиб қўйганини аниқ тарихий ҳужжатлар орқали кўрсатиш, бу йўлда қандай улкан ишлар амалга оширилгани ҳақида ўқувчиларга маълумот етказишга қаратилган.

Эътиборлиси, собиқ коммунистик мафкура чуқур илдиз отган иттифоқ даврида ҳам Ислом Каримовнинг ҳар бир сўзида, ҳар бир чиқишида ўз  халқининг тарихи ва маданиятига, ўз она заминига, миллий қадриятларига улкан муҳаббат туйғуси сезилиб туради. Чунончи "Биз ўтмишдаги ҳамма бузилишлар, хато ва жиноятларни қатъиян қоралаймиз ва улардан кескин воз кечамиз. Биз ўтмишни ва ҳозирги кунимизни ҳаққоний, холисона танқидий таҳлил этишнинг қатъий тарафдоримиз. Биз босмачилик ҳаракати ҳақида бўлсин, коллективлаштириш, репрессиялар, турғунлик даврига оид бузилишлар ҳақида бўлсин - "оқ доғ"ларнинг бутунлай тугатилиши тарафдоримиз. Аммо, албатта, ҳар бир воқеани, аниқ тарихий шароитни ҳисобга олиб, бизнинг тарихимиз, ундаги ҳар бир қадам, кекса авлодларнинг пешона тери билан ва қони билан суғорилганлигини назарда тутиб шундай қилишимиз керак. Ўтмишимизни бошдан-оёқ қоралаш ота-боболаримиз хотираси олдида, фарзандларимиз ва набираларимизнинг маънавий тарбияси олдида кечирилмас хато бўлур эди", деб таъкидлайди. Китобни ўқиб-уққан одам мустақилликка нақадар катта машаққатлар билан эришилгани, бунда якка шахснинг роли қай даражада бўлганини яққол англайди.

Шундай экан,  давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлагани каби, Биринчи Президентимизнинг Ватанимиз ва халқимиз олдидаги ана шундай тарихий хизматларини ёдимизда сақлаш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Абдуқаюм МАҲКАМОВ,

жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси