Маънавият 25.12.2018 386

БИТИКЛАРДА - МОЗИЙ САДОСИ

Қашқадарё ёдгорликлари

БИТИКЛАРДА - МОЗИЙ САДОСИ

Қарийб ўттиз асрлик тарихга эга қадим Кеш - Шаҳрисабзда қад ростлаб турган меъморий обидалар серҳашамлиги, такрорланмас нақшу битиклари билан дунёда машҳур. Уларнинг кўпи Соҳибқирон, унинг авлодлари даврида кўҳна шаҳарнинг ҳозирги тарихий қисмида бунёд этилган ва ҳақли равишда жаҳон мероси рўйхатидан жой олган.

Собиқ тузум даврида узоқ йиллар хўжалик мақсадларида фойдаланилган, хўжакўрсинга уёқ-буёғи таъмирлаб турилган мазкур тарихий ёдгорликларни асл гўзал қиёфасига келтириш борасида истиқлол йилларида катта ишлар амалга оширилди. Натижада бугун бир-биридан кўркам, мовий гумбазли, қўли гул усталаримиз истеъдоди, меҳнати билан қайта сайқал топган тарихий ёдгорликларни, тобора чирой очиб бораётган кўҳна шаҳарни кўриш учун  нафақат мамлакатимиздан зиёратчилар, шунингдек, дунёнинг турли жойларидан сайёҳлар ташриф буюришмоқда.

Маълумки, Ўзбекистондаги тарихий обидалар нақшинкор безаклари ва ноёб ёзув намуналари билан ажралиб туради. Аммо ушбу меъморий ёдгорликларни безаб турган турли мавзудаги битикларнинг аксар қисми ҳалигача тўлиқ ўрганилмаган эди. Бу Шаҳрисабз шаҳридаги тарихий ёдгорликларга ҳам тааллуқли. Ҳолбуки, уларда Қуръон оятлари, ҳадиси шариф намуналарини, турли дуо ва  ҳикматларни ўқиш, муҳим воқеалар, тарихий шахслар ҳақида аниқ маълумотлар олиш мумкин эди. Шу нуқтаи назарда истиқлол йилларида илк марта обидалардаги қадимий ёзувларни тадқиқ қилиш, уларни ўқиш ва аниқлаштиришга муайян лойиҳа доирасида қўл урилди. Бунинг учун жуда катта ижодий гуруҳ - тарихчилар, археологлар, санъатшунослар, матншунослар, исломшунослар ва адабиётшунослар жалб этилди. Улар узоқ йиллар давомида бепоён юртимизнинг турли жойларида бунёд этилган меъморий обидалардаги ёзувларни синчиклаб ўрганиб чиқдилар, тадқиқотлар асосида батафсил шарҳлар тайёрладилар. Шулар негизида "Ўзбекистон обидаларидаги битиклар" номли 12 жилдлик китоб-альбом нашрдан чиқарилди. Унинг бир жилди "Ўзбекистон обидаларидаги битиклар: Қашқадарё. Шаҳрисабз"  номи остида уч минг нусхада ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этилди.

Ушбу китоб-альбомда асосан Амир Темур ва темурийлар давридаги маданий уйғониш даври билан боғлиқ бўлган Шаҳрисабзнинг энг машҳур ёдгорликлари - Оқсарой, Дорус саодат, Дорут тиловат мажмуасига кирувчи обидалар, шунингдек, Малик Ашдар ва Абдушукур оғолиқ мадрасаларидаги битиклар тақдим этилган. Уларнинг аксарият қисми биринчи марта ўқилиб, уч тилга таржима қилинди, зарурият туғилганларига  шарҳлар ҳам ёзилди.

Китобда Оқсарой ёдгорлигидаги битикларга жуда кенг ўрин берилиб, 145 бет ажратилган, жами 25 та битик устида тадқиқот ўтказилиб, уларнинг араб имлосидаги матни келтирилган. Бу борада ишлаган тадқиқотчиларнинг эътирофича, Амир Темур буйруғи билан бунёд этилган Оқсарой сарой иншоотларининг донғи чиққан бир намунасини ўзида гавдалантирадики, бинобарин, бу иншоотга тенг келадиган олий бино темурийлардан аввал ҳам, кейин ҳам  бошқа бунёд этилмаган.

Мутахассислар томонидан қайд қилинишича, Оқсарой битикларида араб ёзувининг ҳар хил турлари маҳорат билан қўлланилган ва бу машҳур обиданинг нақшинкор безатилишида муҳим бир омил бўлган. Бироқ, матнлардан фақат кичик бир улушгина бизгача сақланиб қолган, холос. Шунга қарамай, Оқсарой юксак бадиий декор - манзара майдончаси ва намунаси бўлиб қолмасдан, балки Амир Темур даври хаттотлик санъати ютуқларини мужассамлантирган, деган хулосага келиш мумкин.

Тадқиқотлар жараёнида Оқсарой билан боғлиқ янги маълумотларнинг ҳам аниқлангани, айниқса, диққатга сазовордир. Чунончи, Оқсарой биносида уста Муҳаммад Юсуф ат-Табризий ўз дастхатини қолдирганини билардик. Тадқиқотчилар бурчак занжирли ним устунлардаги қуйидаги битикни ҳам аниқлаб, ўқидилар: "Аллоҳ  таолонинг раҳматидан умидвор икки (исмлари адаш) Муҳаммад Юсуф ат-Табризий". Дастхатнинг давоми шундай: "Беҳожат Аллоҳнинг (раҳматига муҳтож) фақир бандаси (бир хил исмга эга) (икки) устод Муҳаммад Юсуф ат-Табризий (атама). Аллоҳ уларнинг ҳар иккаласини мағфират қилсин". Бундан ойдинлашадики, Оқсаройга янада жило бериш, кўрк бағишлашда Табриз шаҳридан бир хил исмли икки уста қатнашган.

Сарой битиклари орасида машҳур араб сўфий шоири Умар Ибн Али ал-Фориз (1181-1235) қаламига мансуб тасаввуфий шеър ҳам борлиги аниқланди. Бироқ, 50 байтлик шеърдан фақат 12 байти битилган жой  сақланиб     қолган. Иншоотда сарой бунёдкори    Соҳибқирон Амир Темур шаънига айтилган тилакномалар ҳам ёзилган. Қуйидаги битикда эса Оқсарой шундай мадҳ этилган:

"Офарин, эй мовий гумбазли иморат.

Қалам учидан тўкилган сиёҳ, хат йўлига тушмиш ўхшар.

Ундаги ёзув ва нақшлардан иборат битик юлдузларга ўхшар".

Оқсарой қурилишининг  бошланиш санаси бобида олимлар томонидан деярли баҳслар бўлмаса-да, аммо кошона қурилиши тугалланишига оид турли фикрлар билдирилган эди. Битиклардаги қуйидаги шеърий матн бу борадаги мунозараларга чек қўяди, деган фикрдамиз:

(Олтин чизиқ) каби куйдириб, доғ пайдо қилур.

Сенинг қаҳринг заҳри эса қалбни оғритиб,

Етти юз тўқсон саккизинчи йилда

Эсланувчи даврон шоҳининг амри билан.

Агар ҳижрий 798 йил милодий йилга айлантирилса, 1396 йил келиб чиқади. Демак, Оқсарой биноси ана шу йилда қуриб битказилган. Қолган даврда безак ишлари давом этган. Зеро, 1404 йил август ойи охирида Шаҳрисабзга келган испан элчиси Клавихо Оқсаройни томоша қилганида ҳам пардоз юмушлари давом этаётган бўлган.

Дорус саодат меъморий мажмуаси шаҳарнинг жануби-шарқий қисмида жойлашган, Амир Темур даврининг энг машҳур тарихий ёдгорликларидан бири ҳисобланади. Ундаги асосий ёдгорлик ҳазрат Соҳибқироннинг тўнғич фарзанди Жаҳонгир мирзо мақбарасидир. Мақбара ўз вақтида жуда чиройли бўлган, аммо вақт ўтган сайин аста-секин ўзининг олдинги қиёфасини йўқотган. Ҳолбуки, обиданинг ғарбий фасади бутун юзаси куфий банноний хати билан амалга  оширилган маҳобатли эпиграфик композицияни ўзида гавдалантирган ҳандасавий нақшлар билан безатилган эди. Аммо битикларнинг катта қисми қўпорилиб, йўқолиб кетган. Шарқий фасадда ҳам сопол кошинлардан ишланган қадама нақшларнинг парчаларигина сақланиб қолган, шу тариқа битиклар ҳам йўқолиб кетган.

Мақбаранинг ўймакори эшигидаги битиклар ўзида муҳим, тарихий маълумотларни жамлаган. У ҳижрий 1280, милодий 1863-1864 йилларда мирдаҳяклик саховатли инсон Тоғой  буюртмасига мувофиқ уста Бобожон томонидан ясалиб, ўрнатилган экан. Эшикдаги шеърий матнда "Эй, Муҳаммад Кеший" исми-шарифи диққатингизни тортади. Чунки милодий 786 йилда Кешда туғилган Муҳаммад Кеший буюк имом, забардаст муҳаддис, Кешда биринчи ҳадис мактабига асос солган зот сифатида бизга яхши таниш. Бироқ, матнни тузган киши Жаҳонгир Мирзони ана шу имом номи билан ўзаро боғлаган афсонагўйлик анъаналарига эргашган кўринади.

Шу мажмуа таркибидаги, айтишларича, Соҳибқирон ўзи учун қурдирган мақбара турли мазмундаги битикларга бойлиги билан эътиборга моликдир. Академик Яҳё Ғуломов улар билан 1933 йилдаёқ танишиб чиққан эди. 1942 йилда дахмадаги битикларни машҳур олимлар М.Е.Массон ва Г.А.Пугаченкова тадқиқ қилишди.

Хилхона девори равоқлари, равоқлар ичидаги тоштобут устки қисмидаги битикларнинг кўпчилиги сулс хатининг турли усулда ёзилган ва Қуръондан олинган иқтибосларни ифода этади. Шунингдек, Пайғамбаримиз ҳадисларида учрайдиган дуолар ёзилган. Битикларда Аллоҳ таолонинг 99 гўзал исмини ҳам ўқиш мумкин.

Ўнг шарқий равоқдан бошланиб чап ғарбий равоқда якунланган қуйидаги матнни мутахассислар фикрича, ҳазрат Соҳибқирон ўзи тасдиқлаб бергани эҳтимолдан йироқ эмас: "Эй, Аллоҳим, мени (ота-онамни) барча мўъмин ва мўъминаларни, мусулмон эркак ва мусулмон аёлларни, уларнинг тириклари ва вафот этганларининг гуноҳларини кечиргил! Бизлар ва улар орасида яхшиликларни эргаштиргин. Албатта, Сен дуоларни ижобат қилувчи, баракалар ёғдирувчи, ҳожатларни раво этувчи, ёмонликларни даф этувчи зотсан ва яхшиликлар эгасисан! Барча яхшиликлар Сенинг ихтиёрингда. Албатта, Сен барча ишларга қодир зотсан!"

Дорут тиловат мажмуасидан Кўкгумбаз жомеъ масжиди, Шамсиддин Кулол ва Гумбази  Сайидон мақбаралари жой олган. Ундаги масжид  Мирзо Улуғбек фармойишига кўра, 1435 йилда қурилган. Битиклар гумбаз гардиши, шунингдек, бинонинг бош пештоқи ва интерьерида кошинлардан териб чиқилган. Араб ёзуви хатларининг ҳар хил  турлари анъанавий нақшлар билан биргаликда бинога алоҳида ҳашамат бағишлаган. Улар асосан Қуръоннинг турли сураларидан олинган оятлардан, Аллоҳни улуғловчи калималар ва дуолардан иборат. Қурилишнинг амалга оширилган  санаси ва ҳомийси ҳақида ҳам маълумотлар берилган.

Мажмуада Мирзо Улуғбек фармонига мувофиқ 1437 йилда барпо этилган хилхона Гумбази Сайидон (сайидлар гумбази) деб аталади. Унда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) авлодлари - саййидларнинг Термиз  хонадони аъзолари мангу қўним топган. Мақбара ичкарисида 4 та мармар тошдан ясалган сағана бор. Ундаги энг йирик сағана тоши саййид Абул Маолийга тегишлидир. У 1371 йилда Амир    Темур фармони билан Термиздан Шаҳрисабзга келади. Бир неча ҳарбий юришларда Соҳибқиронга ҳамроҳлик қилган.

Хилхона биноси ичкарисидаги сағана тошларидаги битиклар ҳозиргача яхши сақланиб қолган. Қуръондан оятлар, Аллоҳни улуғловчи калималар сулс, насх ва куфий хатларида битилган. Абул Маолий сағана тошида унга бағишланган қасида ҳам бор. Альбом-китобда унинг йигирма қатори ҳар уч тилдаги таржимаси билан берилган. Шунингдек, шу қабртошнинг атрофида ва меҳробсимон нақш ичида Саййид Абул Маолийнинг насабномаси сулс хатида битилган.

Яна шуни ҳам қайд этиш жоизки, ушбу тарихий ёдгорликларни таъмирлашда, айниқса, улардаги битикларни тиклашда кўпгина камчиликларга йўл қўйилгани ҳам китоб-альбомда кўрсатиб ўтилган. Чунончи, 1980-йилларда Оқсаройдаги қадама нақшларнинг бир қисми нотўғри реставрация қилингани айрим битикларга зиён етказган. Кўп жойларда матн бўлаклари ноаниқ қадамалаб чиқилган, кошинлар жиддий тарзда жойидан силжитилган. Кўкгумбаз масжидида 1975 ва 1992-1995 йилларда ўтказилган реставрация пайтида ҳам битикларга зарар етказилган. Бундай ҳолатлар бошқа обидаларда ҳам кўзга ташланади. Камчиликлар таъмирловчи усталарнинг мукаммал тажрибага эга эмаслиги оқибатида юз берган.

Демак, юртимизда билимдон, таъмирлаш сирларини пухта эгаллаган юқори малакали таъмирловчи, лойиҳачи, меъмор, хаттотлар, кошинкорлар қанчалик кўп бўлса, ёдгорликлар шунчалик сифатли таъмирланади, уларнинг умри узоқ бўлади. Афсуски, юқори малакали бундай кадрлар тайёрлаш ҳануз мураккаб масала бўлиб, янгича ёндашувни талаб қилмоқда. Шунда тарихий обидалар, шубҳасиз, халқимиз ўтмиши, маданияти, санъати ва улуғ бунёдкорлик кучининг ифодаси сифатида асрлар оша яшайверади.

Мўмин АЗИЗОВ,

тарихчи-журналист