Қишлоқ хўжалиги 05.03.2019 279

БИТТАДАН ЎНТА, ЎНТАДАН ЮЗТА...

Куркачилик

БИТТАДАН ЎНТА, ЎНТАДАН ЮЗТА...

Қамаши туманидаги "Иқболхоним паррандаси" фермер хўжалигида айни пайтда 1000 та маҳаллий зотга мансуб курка боқилаяпти.

- Ўн бир йилдан буён куркачилик билан шуғулланиб келаяпмиз, - дейди фермер Салим Нормуродов. - Парранда гўшти етиштириш билан бир қаторда, курка бош сонини кўпайтириб, шартнома асосида аҳолига, тадбиркорлик субъектларига етказиб берамиз. Ўтган йили қарийб 5 минг курка жўжаси сотган бўлсак, бу йил 8 мингни режалаштирганмиз.

Фермернинг таъкидлашича, битта маҳаллий зотга мансуб она курка мавсумда ўртача 15-20 дона тухум беради. Бу ана шунча жўжа очириш мумкин дегани. Эҳтимолий йўқотишларни ҳисобга олганда ҳам бир она курка камида 10 бош соғлом жўжани катта қилади. Уни 7-8 ой давомида яхши парваришласа, камида 6 килограмм гўшт беради. Бундай курка ҳозир бозорда 100 минг сўмдан кам эмас. 10 та курка эса 1 миллион сўм бўлади, деганидир. Демак, 10 та она куркани сақлаб, ҳар йили 100 та жўжасини боққан киши камида 10 миллион сўм даромад олади. Дарҳақиқат, қишлоқларда яшовчи аксар аҳолида бундай имконият бор. Ушбу фаолият билан шуғулланиб улар ҳам фойдали иш билан банд бўлади, ҳам рўзғорига барака индиради. Сиз ҳам бир синаб кўринг-чи, уддалай оласиз!

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.