Иқтисодиёт 05.07.2019 249

БИЗНЕСГА ТИКИЛГАН... СТИПЕНДИЯ

Саноат

Тадбиркорликни бошлаш учун, албатта, яхши ва пухта ишлаб чиқилган бизнес-режа керак. Бироқ шунинг ўзи муваффақият қозониш учун етарли бўлмайди. Озми-кўпми, сармоя ҳам керак. Чунки ишнинг олға силжиши кўпинча маблағга бориб тақалади. Айтайлик, ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчисиз. Табиийки, асбоб-ускуна, технология зарур. Хомашёсиз ҳам маҳсулот чиқариб бўлмайди. Буларнинг ҳаммаси пулга сотиб олинадими? Демак, шахсий жамғармангиз ё четдан молиявий кўмак бўлсагина, муродингиз рўёбга чиқади.

Аҳамиятлиси, Қарши туманилик Адҳам Эгамбердиевнинг мустақил бизнес бошлашига на униси, на буниси қўл келган. Ҳали талабалик пайтидаёқ тадбиркорликка иштиёқ қўйган ишбилармон эса мақсадини барибир амалга оширган. Нима қилган, дейсизми? Иккиланиб ўтирмай, бу ишга бир-неча ойлик стипендиясини тиккан. Натижа чиқишига қатъий ишонган. Тўғри, дастлаб кичикроқ йўналишда  фаолиятини ташкил этган. Айни пайтда эса у раҳбарлик қилаётган "Турди Муаззам сервис" оилавий корхонасида мавжуд тармоқлар аввалгидан жуда кўп.

- 6 йил аввал ҳаммасини ганчкорликдан бошлаганман, - дейди тадбиркор. - Кичикроқ ҳажмда бўлса-да, турли ганчкорлик маҳсулотларини ишлаб чиқарганмиз. Ўтган йиллар давомида эса ишимиз анча ривожланди. Фақат қурилиш саноатида ишлаб, бир қанча янгидан-янги материаллар тайёрлашни ўзлаштирдик. Айниқса, бунда пардозлаш воситалари асосий ўрин тутади. Кўпдан буён  харидорларга йўлакбоп ва деворбоп плиталар таклиф   этаяпмиз. Кўпинча безак  сифатида ишлатиладиган рангли ғишт ясаш ҳам кенг йўлга қўйилган. Ўтган йили эса мебель жиҳозлари ишлаб чиқаришга киришдик. Шу мақсадда дастгоҳлар ва ускуналар харид қилдик. Аҳоли ва давлат ташкилотлари буюртмаси асосида бир неча турдаги меҳмонхона, офис ва ётоқхона буюмларини етказиб бераяпмиз.

Тадбиркор ўз соҳасидаги янгиликларни беэътибор қолдирмаслиги навбатдаги ютуқларидан ҳам маълум. Адҳам Эгамбердиевнинг айтишича, у биринчилардан бўлиб ҳудудда янги маҳсулот - эпоксидли тўшама ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Бугун бу қурилиш материали ҳам айрим афзалликлари боис ўз харидорини топаяпти. Ишбилармон ҳозирда бу тармоқ истиқболи импорт хомашёга боғлиқ экани, келгусида уни тайёрлашни бир қадар маҳаллийлаштириш нияти ҳам борлигини таъкидлайди.

Бизнесмен фақат шулар билан кифояланса ҳам эътирофга лойиқ бўлар эди. Аммо у жуда изланувчан экани, бозор талабини яхши билиши қуйида ҳам кўринади. Корхонада бугунги кунда яна бир харидоргир маҳсулот - маиший ва ишлаб чиқариш мақсадида фойдаланиладиган иситиш қозонлари ҳам ясалмоқда. Ёнилғи сарфини камайтириш имконини берувчи бу товарнинг 4 хил ўлчамдагиси тайёрланаяпти, маҳсулотга тегишли тартибда сертификат олинган. Стипендияни бизнесга тикиб, бугун фаолияти қамровини шу даражага етказа олган ишбилармон 10 нафардан зиёд ишчини даромадли қилаётгани ҳам эътиборга моликдир.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.