Жамият 10.09.2019 78

БОҒЧА МУДИРАСИ НИМАДАН НОРОЗИ?

Вилоят маъмурий суди апелляция судлов ҳайъатининг очиқ суд мажлисида Муборак туманидаги 2-сонли мактабгача таълим муассасаси мудираси Г.Набиева томонидан киритилган апелляция шикояти кўриб чиқилди.

Даъвогар ўз аризасида у раҳбарлик қилган муассаса Муборак тумани ҳокимининг 2018 йил 26 мартдаги тегишли қарори билан ҳудуддаги 3-сонли мактабгача таълим муассасасига филиал тарзида бириктириб берилганидан норозилигини билдириб, туман ҳокимининг мазкур қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Таъкидлаш жоизки, Г.Набиева бу борада дастлаб Муборак тумани маъмурий судига мурожаат қилган. Аммо мазкур суднинг 2019 йил 7 майдаги ҳал қилув қарорида унинг даъвоси қаноатлантирилмагач, вилоят маъмурий судига апелляция шикояти киритган.

Тегишли қонунчилик нормаларига кўра, давлат тасарруфидаги мактабгача таълим муассасаларида ҳар бир гуруҳда болалар сони камида 20 нафар бўлиши, бироқ 25 нафардан кўп бўлмаслиги лозимлиги белгиланган. Аммо, мазкур мактабгача таълим муассасасида ўртача қатнов ўрта гуруҳларда 7 нафар болани, катта гуруҳларда 16 нафар болани ташкил этган. Худди шунингдек, мазкур муассасага қатнаётган тарбияланувчиларнинг умумий сони тегишли ҳуқуқий нормаларга мувофиқ муассасанинг юридик мақомга эга бўлиши ва штатлар жадвалини белгилаш имконини бермайди.

Шу боис туман ҳокимлигига мактабгача таълим бўлими томонидан ушбу муассасани ҳудуддаги 3-сонли МТМга филиал тарзида бириктириш бўйича хат киритилган ҳамда бу борада туман ҳокимининг қарори чиқарилган.

Яъниким, туман ҳокимининг ушбу қарори мамлакатимизда амалда бўлган қонунчилик нормаларига номувофиқ эмас.

Шунга кўра, Г.Набиеванинг апелляция шикояти ҳам қаноатлантирилмади.

А.ЧУЛИЕВ,

вилоят прокуратураси гуруҳ раҳбари