Таълим 27.12.2018 418

БОҒЧАГА ОНЛАЙН ҚАБУЛ ТИЗИМГА "ХОМЛАЙИН" ЖОРИЙ ЭТИЛГАНМИДИ?

Бугуннинг гапи

БОҒЧАГА ОНЛАЙН ҚАБУЛ ТИЗИМГА "ХОМЛАЙИН" ЖОРИЙ ЭТИЛГАНМИДИ?

Ёхуд навбати келгунча мактабга чиқадиган болаларни ким ўйлайди?

Эсимда, анча йиллар илгари "боғча опа"лар уйма-уй юриб, боғча ёшидаги болалар рўйхатини шакллантирар, оналарга "болангизни боғчага қўйинг", дейишарди. Сабаби ўзингизга маълум, боғча фақат қараб туриш вазифасини бажарар эди, унга борган ва бормаган болалар ўртасида фарқ сезилмасди.

Тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида бугун мактабгача таълим муассасаларининг нуфузи ошди. Шунга монанд ота-оналарнинг қараши ҳам ўзгармоқда. Талаб ҳам ошаяпти. Фуқароларга енгилликлар яратиш мақсадида давлат мактабгача таълим муассасаларига болаларни онлайн тарзда қабул қилиш йўлга қўйилди.

Хўш, бу ишлар Қарши шаҳрида қандай амалга оширилмоқда?

САРСОНГАРЧИЛИК ВА КОРРУПЦИЯНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ МАҚСАДИДА...

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 мартдаги қарори билан "Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти" тасдиқланган эди. Ушбу регламент болаларни давлат МТМга қабул қилишдаги муаммолардан келиб чиқиб, ишлаб чиқилди ва турли сарсонгарчиликлар,  баҳоналарнинг олдини олиш, тизимда коррупцияга барҳам бериш мақсадида ҳаётга татбиқ этилди. Унга мувофиқ, 1 апрелдан болаларни боғчага бериш онлайн тарзда, электрон шаклда амалга оширилмоқда. Эндиликда  фуқаролар шу масалада ҳафтанинг исталган куни (илгари сешанба ва жума кунлари эди) жойлардаги давлат хизматлари марказларига келиб, мурожаат қилишлари мумкин. Мурожаат Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали бўлганида тўғридан-тўғри (онлайн) тарзда амалга оширилади.

- Марказимизга фуқаролардан болаларни давлат МТМга жойлаш учун кўплаб мурожаатлар бўлаяпти, - дейди Қарши шаҳар давлат хизматлари маркази раҳбари Шуҳрат Мустафаев. - Ўтган давр мобайнида, шу турдаги 7 мингдан зиёд анкета тўлдирилди. Тўлдирилган анкета 1 соат ичида электрон тарзда Қарши шаҳар мактабгача таълим бўлимига жўнатилади. Жўнатилган ҳужжатларнинг қарийб ярмига йўлланма расмийлаштирилган. 

АВВАЛ 10 КУН ЭДИ, ҲОЗИР 1 КУН...

 

Маълумотларга кўра, бугун Қарши шаҳрида 39 та (2 таси таъмирланаяти, 1 таси махсус МТМ) давлат, 41 та нодавлат МТМ мавжуд. Шаҳарда 3-7 ёшли болалар  сони 20 мингдан ошади. Шундан 9 минг 618 нафари давлат МТМларда, 653 нафари нодавлат МТМларда тарбияланмоқда.

-Электрон тарзда келган анкета мутахассислар томонидан ўрганилади, - дейди Қарши шаҳар мактабгача таълим бўлими раҳбари Ораста Тошева. - Ушбу анкеталарга 1 иш кунида тегишли тарзда жавоб қайтарилади. Сўралган боғчада бўш жой бўлса, белгиланган тартиб асосида йўлланма берилади, агар ўринлар банд бўлса, электрон навбатга қўйилади.

Электрон навбат Мактабгача таълим вазирлигининг mdo.uz сайтига жойланади. Ушбу сайтда юртимиздаги барча давлат МТМлари ҳақидаги маълумотлар жойланган бўлиб, аҳоли бу ердан ўзини қизиқтирган муассаса сиғими, мавжуд бўш ўринлар, муассаса масъуллари, гуруҳлар ва болалар сони, анкеталар рўйхати ҳамда навбатга киритилганлар тўғрисидаги маълумотлар билан танишишлари мумкин. Эътиборлиси, кўрсаткичлар ойма-ой (ҳар ойда, кейинги ойнинг биринчи санасигача) янгиланиб боради.

СИР САҚЛАНГАН ЎРИНЛАР

Ораста Тошеванинг айтишича, декабрь ойида Қарши шаҳридаги 13-МТМда 6 та, 28-да 20 та, 29-да 14та, шунингдек 34-да 8 та бўш ўрин бор. Айни дамда бўш ўринлар электрон навбат бўйича тўлдирилаяпти.  

mdo.uz сайтига кириб, айтилган боғчалардаги бўш ўринлар билан қизиқдик. Муассасалардан бирини - Шодлик маҳалласида жойлашган 28-МТМ номини ёзиб, "қидирув"га бердим.

Ие, қани ўша бўш ўрин?! Хўш, айтайлик, 34-да нима гап экан? Бунда ҳам "ноль" турибди. Худди шундай ҳолатни бошқа МТМларда ҳам кўриш мумкин.

Бундай номутаносиблик албатта ҳар қандай киши кўнглига шубҳа оралатиб, ишончсизликни оширади. Сизнингча, бўш ўринларнинг сир сақланиши нимани англатади?

НАВБАТДА -  УЧ ЮЗ БЕШИНЧИ...

Фарзандини боғчага қўймоқчи бўлган ота-она аввало, боғчанинг яқинлиги, шароити яхшилигига эътибор беради. Кун бўйи турмуш ташвишлари, уй ишлари билан банд бўлганда жигарбандининг ишончли қўлларда бўлишини истайди.

Бу фикримизни Қарши шаҳар давлат хизматлари маркази масъули Шерзод Қўзиев ҳам тасдиқлайди. Масъулнинг айтишича, мурожаатчиларнинг кўпчилиги боласини 1-, 6, 8-, 17-, 25-, 39- ҳамда 48-давлат МТМларига жойлашни исташади. Сабабини сўрасангиз, бу муассасаларда шароит яхшилиги, таълим бериш сифати юқорилигини таъкидлашади.

- Фарзандим 6 ёшда, - дейди оналардан бири   (у исм-шарифини ошкор қилишни истамади) - 12-боғчага жойламоқчиман. Анкета тўлдирганимга 6 ой бўлаяпти. Давлат хизматлари марказига суриштиргани келдим. 52-навбатга ёзилганмиз, аммо имтиёзли  навбатдагилар билан қўшиб ҳисоблаганда бизгача ҳали 150 киши бор экан. Боламнинг тезроқ боғчага жойлашиб, мактабга тайёрланишини хоҳлайман.

Ўзини таништиришни истамаган яна бир она 6 ёшли фарзандининг 39-МТМда тарбияланишини хоҳлаб, анкета тўлдирган. Шакллантирилган электрон навбат бўйича ҳисобланганда у 305-ўринда.

Муассаса ҳақидаги маълумотларда ёзилишича, боғчада 3 та тайёрлов гуруҳи бўлиб, унда 75 нафар (ҳужжат бўйича 25 нафардан) ўғил-қиз тарбияланмоқда. Навбатга ёзилганларнинг аксарини 5-6 ёшлилар ташкил этади. Болаларнинг июль-август ойида мактабга чиқиши ва ўрин бўшашини ҳисобга олсак, 305-навбат келгунича унинг боласи мактабга чиқиб қолмасмикан?    

"УЗОҚ БЎЛСАЯМ, ҚАТНАШГА МАЖБУРМИЗ..."

- Отчопар маҳалласида яшайман, - дейди Шоҳиста Умбарова. - Мактабда ўқитувчиман. Табиийки, ўз боламдан кўнглим тўқ бўлсагина, элнинг боласига сифатли таълим бера оламан. Афсуски, боламни боғчага жойлагунча кўп кутдим ва қийналдим. Яқин атрофдаги боғчаларда жой йўқлиги сабабли, яшаётган жойимиздан узоқ бўлса-да, шаҳар марказига қатнашга мажбурмиз. Баъзан ишга шошиламан, кеч қоламан. Йўлкира харажатлари ҳам роса "чақади"... Қизиғи, шаҳар марказидан биз томонларга қатнаб овора бўлиб юрганлар ҳам бор...

Бир танишимиз қизини боғчага қўйибди. Шаҳарнинг нариги бурчагига. Ўзи касалманд эмасми, ҳар куни олиб бориб, олиб келишга ҳоли йўқ. Турмуш ўртоғи врач. Баъзан ишдан кеч чиқади. Қизалоқ эса унгача боғча опанинг "сийловлари"дан баҳраманд бўлиб туради...

Тўғри, ҳар бир кишида фарзандини ишониб топширадиган муассасани танлаш ҳуқуқи бор. Бироқ шаҳар мактабгача таълим бўлимида ота-онанинг яшаш манзилига қараб болани яқинроқ МТМга жойлаштириш имкониятлари мувофиқлаштирилгани маъқул бўлармиди?!  

УЛАРНИНГ ИМТИЁЗИ НИМАДА?

- 3 ёшли қизимни 22-МТМга қўйиш учун анкета тўлдирганман, - дейди яна бир суҳбатдошим Умида Мойлиева. - Июнь ойида давлат хизматлари марказига мурожаат қилган эдим. На хат, на хабар бор.  Навбатимиз ҳечам силжимаяпти.

Бу ҳолат сайтдан ушбу боғчага тегишли маълумотларни ўрганишга туртки бўлди. Оқтепа маҳалласидаги 100 ўринга мослаштирилган бу боғчада 4 та гуруҳда 110 дан ортиқ болажонларга таълим-тарбия берилмоқда. Гарчи бу муассасадаги бўш жойлар масъулларнинг "эътибори"дан четда қолган бўлса-да, болалар қабул қилинмоқда.

- Ой бошида 8 та бўш жой борлигини маъум қилганмиз, - дейди мудира Севара Очилова - Ҳозир уларга болалар қабул қилинди.

Янгидан қабул қилинган болалар эътиборимизни тортди. 3 ёшли қизини ушбу боғчага жойламоқчи бўлган ота-она 10 августда анкета тўлдириб, 12 ноябрда йўлланмага эга бўлган.

Отаси тадбиркор, онаси уй бекаси бўлган С.Т. 29 сентябрь куни электрон навбатга ёзилиб, 15 ноябрда йўлланмага эгалик қилган. Гарчи бу икки ҳолатни имтиёзлилар (*** - сайтда улар шундай белги билан ажратилган) тоифасига мансуб бўлса-да, анкета расмийлаштирилган сана бўйича қаралганда навбатда унгача ҳали 4-5 киши борлиги ажабланарли.

Буям майли, навбатдаги қирқдан ортиқ болани  ортда қолдирган 6 ёшли М.А.нинг муассасага тезда йўлланма олгани тушунарсиз.

Жорий йилнинг 29 августида давлат хизматлари маркази орқали ҳужжат расмийлаштириб, 15 ноябрда йўлланмани "муваффақиятли" қўлга киритган ушбу тарбияланувчининг онаси уй бекаси, отаси хорижда ишлар экан. Имтиёзлилар рўйхатига алоқаси бўлмаган бу тарбияланувчининг боғчага навбатни четлаб ўтиб, қабул қилингани ушбу муассасага боласини жойлаш учун май ойидан бери навбат кутаётганларни қизиқтириши аниқ...

Энди "имтиёзлилар" кимлар эканига бир ойдинлик киритиб олсак. Юқорида қайд этилган регламентга асосан болаларнинг қуйидаги контингенти анкеталари имтиёзли рўйхатга киритилади: ногирон бўлган шахсларнинг, уч нафар ёки ундан кўп болалари бўлган оилаларнинг, ҳарбий хизматчиларнинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг, талабалар ва педагогларнинг болалари, етим болалар ёки ота-онасининг қаровисиз қолган ҳамда    бошқа муассасалардан ўтказилган болалар, шунингдек акалари ёки опалари ушбу муассасанинг тарбияланувчилари жумласидан бўлган болалар.

Хуллас, вазирлик сайтида ўтказган мавзу доирасидаги кузатувларимиз тизимдаги шаффофлик борасида айтилаётган фикрларни оқламади, аксинча  турли шубҳаларни уйғотди.

ЯНА ОДАМЛАР "ҲАРАКАТЛАНАЯПТИ"

Халқимизда, "икки ўн беш - бир ўттиз", "Хўжа-али - Али-хўжа", "Эски ҳаммом, эски тос" деган иборалар бор. МТМларга онлайн қабулда кузатилаётган муаммолар ҳам ушбу ибораларни бемалол қўллашга имкон беради. Балки охирги иборада салгина ошириб юборгандирмиз. Ҳар ҳолда "тос" янги-ку...  

Давлат хизматлари марказлари фаолияти йўлга қўйилганида барча хурсанд бўлганди. Ушбу хизматнинг шиори кўпчиликка яхши таниш: "Одамлар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади". Аммо юқоридаги ҳолатларни кузата туриб, боғчага онлайн қабул тизимга "хомлайин" жорий этилаётгани, оқибатда яна илгаригидай одамлар овора бўлиб "ҳаракатланаётгани"ни англадик. Хўш, мазкур марказни ва у орқали фуқароларни чалғитаётган МТМ мутасаддиларига бундан қандай наф?!

Масъулнинг айтишича, айни пайтда шаҳар мактабгача таълим бўлимида АКТ бўйича мутахассис йўқ эмиш. Наҳотки шу баҳона бўлолса?! (Дарвоқе, иш излаб юрганлар, дарҳол югуринг...)

Аслида "механизм" жуда оддий ишлаши керак: болангизни боғчага бермоқчимисиз, марҳамат, анкета тўлдиринг, навбатга туринг, жойлаштиринг! Наҳотки, занжирнинг оддийгина ҳалқаларини тизимли тарзда бир-бирига улаш шунчалик қийин кечса? 

С.АЛЛАЁРОВА