Қишлоқ хўжалиги 14.05.2019 149

БОЛ - ДАРОМАДИ ҲАЛОЛ

Интилганга толе ёр

Маълумки, энг шифобахш неъмат ҳисобланмиш асал - мазали ширинлик, минг дарднинг давоси сифатида   қадрланади. Чунки унинг таркибида инсон организми учун ниҳоятда фойдали ва шифобахш бўлган юздан ошиқ модда - ферментлар, минерал тузлар, микроэлементлар, органик кислоталар, витаминлар борлиги аниқланган.

Асалдаги айрим дармондори ва шифобахш моддалар бошқа ҳеч бир озуқада учрамайди. Ибн Сино таъбирича, навқиронликни сақлаб қолиш учун асал истеъмол қилиб туриш керак. Айниқса, ёши улғайиб қолганларга у бебаҳо шифо ва қувват манбаидир. Асал шамоллаш, ҳолсизлик, асаб тўқималари касалликларида яхши даво бўлади. Бугунги замонавий тиббиётда, фармацевтика ва косметика саноатида ҳам асалдан кенг фойдаланилмоқда. Хуллас, маҳсулотга ички бозорда ҳам, ташқи бозорда ҳам бирдек талаб юқори. Уни етиштириш фақат даромад келтиради.

Шунга мутаносиб, вилоятимизда ҳам асаларичилик билан шуғулланиб, экологик тоза ва шифобахш маҳсулот - асал олаётган хўжаликлар, тадбиркорлик субъектлари сони ошиб бормоқда. Чироқчи туманидаги "Абдураҳмон бобо асали" хусусий корхонаси ҳам улардан бири.

- Аслида асаларичилик билан шуғулланишни бундан 35 йил муқаддам, 1984 йилда бошлаган эдим, - дейди корхона таъсисчиси  Абдураҳмон Бобоев. - Ўшанда қизиқиш учун тўрт қути асалари оиласини олиб, парваришлаганман. Қарангки, йиллар ўтиб бу иш оилавий тадбиркорлик фаолиятимизнинг асосини ташкил этмоқда. Ҳозир уч ўғлим ҳам касбимни давом эттираяпти. Ана шу юмуш ортидан яхши даромад олаяпмиз, оиламиз, ҳаётимиз фаровон.

Абдураҳмон Бобоевнинг таъкидлашича, асалари бир томчи нектар йиғиш учун мингдан ортиқ гулга қўнади. Бу жуда катта меҳнат дегани. Аҳамиятли жиҳати, асалари парваришлаётган киши ҳам юқори натижага эришиш учун шундай меҳнат қилиши лозим.

- Ҳозир 900 асалари оиласини парваришлаяпмиз, - дейди у. - Ўтган йили ҳар бир асалари оиласидан 35 килограммдан 40 килограммгача маҳсулот олдик. Ўртача 37 килограммдан ҳисоблаганда ҳам йил давомида олган маҳсулотимиз ҳажми 33 тоннадан ошади. Албатта, бундай натижага ўз-ўзидан эришиб бўлмайди. Бунинг учун жуда катта меҳнат, машаққат керак. Мисол учун, ҳозир асалариларимизни Муборак туманининг учта ҳудудига қўйганмиз. У ерда ўсимликлар камайиши билан яна бошқа жойга кўчамиз. Кўпроқ ва сифатли маҳсулот олиш учун Бухоро, Навоий чўлларидан тортиб, Жиззах, Сирдарё вилоятларининг тоғли ҳудудларида ойлаб юрган вақтларимиз бўлади.

Корхона муваффақиятларининг яна бир жиҳати, сўнгги йилларда наслчилик ишларини яхшилашга алоҳида аҳамият қаратилаётганида. Бу ерда Украинадан келтирилган карпат зотига мансуб арилар маҳаллий зот билан чатиштирилиб, ниҳоятда меҳнаткаш ва унумдор асалари тури яратилган.

- Бугунга келиб наслчилик йўналиши ҳам яна бир тармоғимизга айланиб улгурди, - дейди Абдураҳмон бобо. - Биздаги зотга қизиқиш жуда юқори, сўраб келувчилар кўп.

Келгусида бу ишни янада ривожлантириш режамиз бор. Шу билан биргаликда, тадбиркор келгусида етиштирган асални бежирим идишларга қадоқлаш ва ўзи экспортга  чиқаришни ҳам мақсад қилган.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.