Йилнома 10.01.2017 1399

БОЛА БАХТИ – ОЛАМ БАХТИ

 

2016 йил  - Соғлом она ва бола йили

БОЛА БАХТИ – ОЛАМ БАХТИ

Бугун бирламчи тиббиёт муассасалари, туман тиббиёт бирлашмалари ва шифохоналарда оналик ва болаликни асраш бўйича махсус штаблар фаолият кўрсатмоқда. Бу йўналишда ҳар бир тиббиёт муассасасида кундалик амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилиб, аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, оналар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий-профилактика ёрдамини янада такомиллаштириш истиқболлари белгиланмоқда.

"Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 1 августдаги "2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги давлат дастури тўғрисида"ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда дастуриламал бўлмоқда.

- Соғлом болани соғлом она дунёга келтиради, - дейди Қарши шаҳридаги 4-оилавий поликлиника бош шифокори Шомурод Жўраев. - Шу боис юртимизда бўлажак оналар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни тиббий кўрикдан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бугун мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофазалашда жаҳон андазалари талабларига жавоб берадиган тиббий-профилактика ёрдами шакллантирилди. Ун ва тузни фойдали микроэлементлар билан бойитиш тадбирлари амалга оширилмоқда. Болалар ўртасида витамин етишмовчилиги туфайли келиб чиқадиган касалликларнинг олдини олиш мақсадида саплементация дастурлари ҳаётга татбиқ этилмоқда. Болаларни юқумли касалликларга қарши эмлаш ишлари белгиланган режа асосида олиб борилаётир. Бу борада ишлаб чиқилган миллий тақвим замон талабидан келиб чиқиб муттасил такомиллаштирилмоқда.

Бундай изчил ишлар "соғлом она - соғлом бола" концепциясини узвий давом эттириш, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни камолга етказиш, миллатимиз генофондини мустаҳкамлаш ва мамлакатимизни янада тараққий эттиришда муҳим пойдевор бўлаётир.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Суратда: шифокор Шомурод Жўраев тиббий кўрик жараёнида.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.