Жараён 04.06.2019 89

БОЛАЛАРГА БЕРИНГ ДУНЁНИ

БОЛАЛАРГА БЕРИНГ ДУНЁНИ

 Ижтимоий мослашув хизматлари имконияти чекланган болаларнинг соғлом ривожланиб, тўлақонли ҳаёт кечиришларига ёрдам беради

 

1 июнь куни Қарши шаҳрида республика болалар ижтимоий мослашуви марказининг минтақавий филиали иш бошлади.

 2004 йилда мамлакатимиз ҳукуматининг қарорига биноан ташкил этилган республика болалар ижтимоий мослашуви маркази (РБИММ) мана 15 йилдирки имконияти чекланган, етим ҳамда ота-она қарамоғисиз қолган, ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан хатарли гуруҳларга кирадиган, шунингдек, алоҳида иқтидорли болаларни ижтимоий мослаштириш муаммоларини ўрганувчи мустақил ташкилот сифатида фаолият юритмоқда. Ушбу муассасанинг асосий вазифаси ёш авлод вакилларига мажмуавий тарзда тиббий-реабилитацион, ижтимоий-педагогик, дефектологик, логопедик, психологик, ҳуқуқий, методик, ахборот-таълимий ёрдам кўрсатишдан иборат бўлиб, бугунги кунгача унинг хизматларидан юртимиз миқёсида 13 минг нафардан зиёд бола фойдаланган.

 - Марказ фаолиятини босқичма-босқич кенгайтириш   доирасида дастлаб Фарғонада, кейин эса Самарқандда минтақавий филиаллар очилиб,  ижтимоий мослашув хизматлари билан қамраб олинган болалар сони сезиларли даражада ошди, - дейди РБИММ директори Васила Алимова. - Қарши шаҳрида ҳам муассасамиз филиалининг иш бошлаши Қашқадарё ва қўшни вилоятлардаги имконияти чекланган болаларни бирламчи мажмуавий кўрикдан ўтказиш, шунингдек, ҳар ойда 80-100 нафар болага индивидуал ёндашган ҳолда тиббий-реабилитацион, психологик ва дефектологик ёрдам кўрсатиш учун пухта замин яратмоқда. Бундан ташқари, янги филиал мутахассислари жойларда ногиронлиги бор ёшларга илк ёрдам бериш хизматини такомиллаштириш, оила тарбиясига олинган болалар ва уларнинг васийларига ижтимоий кузатув ёрдами кўрсатиш самарадорлигини оширишга ҳам ўз ҳиссасини кўшишади.

 Филиалга вилоят марказининг Афросиёб кўчасида жойлашган икки қаватли мажмуа ажратилиб, унинг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашга бюджетдан 300 миллион сўм, вилоят ҳокимлиги томонидан 1,2 миллиард сўм йўналтирилди. Шунингдек, минтақавий филиалнинг моддий-техника базасини шакллантириш ва уни махсус жиҳозлар ва инвентарлар билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа  институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан РБИММга давлат ижтимоий буюртмаси берилиб, лойиҳани молиялаштиришга 298 миллион сўм ажратилган.

 Филиалнинг очилиш маросимида мазкур муассаса хизматларидан фойдаланадиган болалар ва уларнинг ота-оналари, ўқитувчи ва мураббийлар, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, кенг жамоатчилик вакиллари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси аъзолари ҳам иштирок этишди. Улар янги масканда имконияти чекланган болаларга мажмуавий тарзда ёрдам кўрсатиш учун яратилган шароитлар билан танишиб, мутахассислар ва бенефициарлар (лойиҳа амалга ошишидан манфаатдор шахслар) билан мулоқот қилишди. Кинезотерапия (ҳаракат ёрдамида даволаш), гидрокинезотерапия (сувда ҳаракатлантириб даволаш), арт-терапия (санъат ва ижод ёрдамида даволаш), эртак-терапия, Монтессори методикаси каби болаларни даволаш ва ривожлантириш усулларининг амалда қўлланишининг гувоҳи бўлишди.

 Шундан сўнг янги муассасанинг мажлислар залида юқорида қайд этилган парламент комиссиясининг сайёр йиғилиши ўтказилди. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги жамоат комиссияси аъзолари ва воҳамиздаги бир қатор ННТ ва ОАВ вакиллари қатнашган бу йиғилишни комиссия раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Акмал Саидов бошқариб борди.

 Тадбирда давлат ижтимоий буюртмаси доирасида РБИММ Қарши минтақавий филиалида амалга оширилган ишлар, жамоат фонди томонидан қўллаб-қувватланган  соғлиқни сақлаш йўналишидаги лойиҳалар, 2017 йилда давлат грантларига сазовор бўлган вилоятимиздаги ННТ фаолиятининг мониторинги натижалари муҳокама қилиниб, ижтимоий аҳамиятга молик бир қатор грант лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Йиғилишда, шунингдек, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан жорий йилда ўтказилган давлат ижтимоий буюртмалари ва давлат грантлари танловлари натижаси эълон қилиниб, яқинда бошланган "Соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш" ва "Маънан етук ва юксак маърифатли ёш авлодни тарбиялашда ижтимоий шерикликни кучайтириш" мавзусидаги грант танловларига доир батафсил маълумотлар берилди.

 Темур НИЗОМОВ