Жараён 18.06.2019 45

БОЛАЛИКНИНГ БАХТИЁР ДАМЛАРИ

Ёз - ўтмоқда соз

Мана, болажонларнинг севимли фасли - ёз ҳам давом этмоқда. Мактабдан таътилга чиққан ўғил-қизларнинг қай бири оила даврасида, яна бошқаси бува-бувижонлариники томон ошиқаётган, қайсилари турли тўгаракларга қатнаб, мактабда олган билимларини мустаҳкамлаб юрган бир пайтда ёзги дам олиш оромгоҳлари ҳам уларни ўз бағрига чорлади.

Китоб туманидаги "Ёш алангачи" болалар соғломлаштириш оромгоҳида ҳам шу кеча-кундузда 900 нафар бола вақтини чоғ ўтказмоқда.

Аввалдан кўрилган пухта тайёргарлик уларнинг ёзги таътилни мароқли ва эсда қоларли ўтказишига имкон бермоқда.

- Бу йил болаларга кўпроқ қулайлик яратишга, янгиликларга қўл уришга ҳаракат қилдик, - дейди ушбу муассаса директори Бекмурод Кўчаров. -Кутубхонамиз эса 1000 дан зиёд қизиқарли адабиётлар билан бойиди. Оромгоҳда бирор кун йўқки, кўнгилочар тадбирлар, жамоалар ўртасида интеллектуал, спорт мусобақалари ўтказилмаса.  "Ёш китобхон", "Сиз тарихни биласизми?", "Балли, йигитлар" каби танловлар шулар сирасига киради.

Дарҳақиқат, оромгоҳда ўғил-қизлар турли тўгаракларга аъзо бўлиб, тикувчилик, расм чизиш билан шуғулланиши, компьютер саводхонлигини ошириши, инглиз тилини ўрганиши, шахмат-шашка ўйнаши, бир сўз билан айтганда, кунни мазмунли ўтказиши учун барча шароит муҳайё.

- Ҳар йили ёзда дам олгани оромгоҳга келаман, - дейди Муборак туманилик Нигора Қосимова. - Чунки бундай хушманзара ва баҳаво жойда янги дўстлар билан зерикмаймиз. Асосийси, барчамиз фойдали ва қизиқарли машғулотлар билан бандмиз. Ҳам мароқли ҳордиқ чиқариб, ҳам билимларимизни ошираяпмиз.

Эслатиб ўтамиз, бу йил вилоятимиздаги 18 та стационар болалар оромгоҳида 25090 нафар ўғил-қиз  соғломлаштирилиши ва дам олдирилиши режалаштирилган. 

Суратларда: оромгоҳ фаолиятидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.