Жамият 15.12.2018 388

БОЛАСИНИ 2 МИЛЛИОН СЎМ ВА БИР ГИЛАМГА АЛМАШМОҚЧИ БЎЛДИ

Жиноят жазосиз қолмайди

БОЛАСИНИ 2 МИЛЛИОН СЎМ ВА БИР ГИЛАМГА АЛМАШМОҚЧИ БЎЛДИ

Дунёнинг ишлари қизиқ: кимдир тирноққа зор, яна биров боладан безор. Қарши шаҳри Ғафур Ғулом маҳалласида яшовчи А.Х. анчадан бери бефарзанд экани сабаб ҳамма қатори ўз хонадонида ҳам чақалоқ овози, йиғиси, кулгиси жаранг сочишини астойдил орзу қилиб юрарди. Қамашилик қиз Ш.Қ. эса Қарши шаҳрида яшаб, енгилтаклиги оқибатида ҳомиладор бўлиб қолган, уйга қайтишга қўрқиб, туғилажак боласини кимга бўлса ҳам сотиб юборишни режа қилиб юрганди.

Ҳар иккисининг нияти А.Х. қариндошиникида меҳмон бўлган кунда кесишди. Бу ерда у  Ш.Қ. ҳақида, у боласини боқолмаслиги сабаб бирор кишига бериб юбориш ниятида экани хусусида эшитди. Анчадан бери ўйлаб юргани ниҳоят оёғи остидан чиқиб қолгани А.Х.нинг тинчини бузди. Кейин аста қариндошига дил ёрди ва агар бола туғилса, уни онаси ўзига бериш-бермаслигини сўради. Қариндош ҳам кўп куттирмай, 2 кундан кейин телефон қилиб, жувон розилигини билдирди.

Иши "юришганидан" мамнун А.Х. жувон яшайдиган ижара уйига бориб, бола туғилгунга қадар кетадиган, хусусан, туғруқхона, дори-дармон билан боғлиқ харажатларни ўз зиммасига олишини айтиб, бола дунёга келгач ўзаро келишиб олишларига шартлашиб қайтди.

Шу йилнинг 20 август куни тўлғоқ бошлангани сабабли Ш.Қ.ни вилоят перинатал марказига олиб борди, келишилган ҳамма харажатларни тўлаб берди. 24 август куни эса Қамаши тумани фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимига бориб, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани олди ва болани ўз фамилиясига ўтказиб қайтди. Чақалоқ ва онага туғруқхонадан жавоб беришганидан кейин "бола"сини олиб қайтишга борган А.Х. чақалоқ эвазига 2 миллион сўм ва бир дона гилам беришини маълум қилди. Ташвиши осон ариган қалби сўқир она бунга йўқ дермиди?! Албатта, рози бўлди. 26 август куни "хамир учидан патир" сифатида бир қизил гилам ва 350 минг сўм келди. Ўн кунлар ўтиб, 150 минг сўм, яна бир муддатдан сўнг 500 минг сўм берилди. Қолган бир миллион сўм эса нотариус орқали болани расмийлаштириб олишганидан сўнг берилиши айтилди. Она эса ўйламай-нетмай боласи эвазига олинган ҳамма пулни ўз эҳтиёжи йўлида ишлатиб юбораверди.

Мазкур ҳолат бўйича Қарши шаҳар ИИБ ходимлари томонидан тезкор суриштирув ишлари олиб борилиб, жиноят иши қўзғатилди. Жазо-ку муқаррар, бироқ миллат гултожи сифатида эъзозланадиган аёлнинг, онанинг виждони, келгусида фарзанди олдидаги жавобгарлиги-чи?! Ўшанда она ўз қилмишини нима билан изоҳларкан?!

Жамол ШАРОПОВ,

Қарши шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходими