Жамият 25.10.2018 100

“БОШИНГ ТЎЙДАН ЧИҚМАСИН...”

Яхшидур аччиқ ҳақиқат

“БОШИНГ ТЎЙДАН ЧИҚМАСИН...”

Хўб ғалати элмиз.

Олқишларимиз ҳам ўзгача.

Масалан, қулоғимизга тез-тез чалиниб турадиган юқоридаги ибора. Уни яхшилик қилган ёки бирон оғиримизни осон айлаган кишига дуо-олқиш тарзида ишлатамиз кўпинча. Бу дуони эшитганнинг боши кўкда, албатта хурсандчиликдан. Тўғри-да, уйинг тинч, рўзғоринг бут бўлса кунда-шунда харажатлардан ортиб қолганини тўйдан бошқа нимага сарфлар эдинг.

- Тўйдан бўлсин, - деймиз кўпинча тўй дастурхонига тортилган турли-туман емишлардан селкиллаб қолган қоринни силаб.

- Бизни ҳам шундай кунларга етказсин, - деймиз иккинчимиз тўкин-сочин дастурхон ёзилган хонадонга ҳавасимиз келиб.

- Шу кунларга етсам, бир тўй қилайки, довруғи Доғистонга етсин, - дейди учинчи орзуманд.

Ва, йиллар давомида пешона теримиз эвазига териб-тежаганимизни бир кечада орзу-ҳавасга бой берамиз. Тўйдан сўнг қай биримизнинг рўзғоримизда ойлаб қора қозон қайнамаса, бошқамиз орзу-ҳавас қозонига ўт қалаш учун бировлардан кўтарган қарзимизни узиш учун бурнимиз билан ахлат титамиз. Яна кимнингдир чилласи чиқмаган фарзанди тўй сарфини қоплаш учун бир ёстиққа бош қўйган ёри васлига тўймасдан иш қидириб, хориж сафарига жўнайди.

КЕЛИН КЎЙЛАК МАШМАШАСИ

Бу воқеани бир танишим ҳикоя қилиб берди:

“Опамнинг кенжа қизи турмушга чиқадиган бўлди. “Ҳали ҳеч ким киймаган келин кўйлак топиб берасиз”, оёқ тираб олди эркатой.

Вилоят марказидаги деярли барча “Келинлар либоси” салонларини айланиб чиқдик. Бири-биридан чиройли фасонда тикилган либослар жиянимга ёқмади:

- Бунақасини фалончи кийганди.

- Бунисининг бичими яхши эмас экан.

“Излаган Маккани топибди”, дейишади. Ниҳоят, навбатдаги салонда қиз истаган кўйлак топилди.

- Ҳали ҳеч кимга кўрсатмагандим, майли сизга берақолай, - деди салон бекаси ясама тилёғламалик билан. – Фақат нархига чидасаларинг бўлди.

- Ўзи икки-уч соат кийиладиган нарса, нархи от билан туя бўлармиди, - дедим салон бекасининг тилини топишга уриниб.

Мўлжалим кўпи билан 500-600 минг сўмлар атрофида эди.

- Айтинг, неча пул берсак бўлади? – сўради қизининг кўнглига ўтиришган либос топилганидан қувониб опам.

- Ўзи-ку қимматга “прокат” бермоқчи эдим, майли сизлар учун икки миллион сўрайман.

- Йўғ-эй, сингилжон, бироз тушинг.

- Молим – энг асл мол, истасангизлар шу, арзони керак бўлса, ана анчаси турибди, бошқасини олинг.

Қиз оёқ тираб олди:

- Кийсам шуни кияман, бўлмаса даврага чиқмайман.

Қарасам, опам кенжатойининг кўнглига қараб салон бекаси айтган пулни чўзишга тайёр. Минг қилса ҳам жигар-да, опамнинг беҳуда соврилаётган пулларига ачиндим. Жиянимни четга тортиб:

- Кўйлак ижарага олинадиган нарса, тўй ўтгандан кейин бир тийинга қиммат, эгасига қайтарамиз, яхшиси шу пулни опамдан ундирайлик. Сен ўжарлик қилмай сал арзонроғини танла, қолган пулига бозордан янги чиққан матолардан оласан, - дедим.

Қаерда, жияним унамади. Икки-уч соатлик даврага кийиладиган нарса учун опам бечора нақ икки миллион сўмни қуртдек санаб берди...”

Бу келин кўйлак машмашасининг биргина манзараси. Гап ижарага олиниб, тўй даврасига кийиладиган келин либосининг нархида ҳам эмас, дейлик, аммо очиқ-сочиқлигига қандай баҳо беришни билмай танг қоласиз. Этагини келин дугоналари йиғиб бормаса, бемалол тўй даврасини супурадиган аксар қўйлакларнинг енги йўқ, ёқадан дарак тополмайсиз. Аёл зоти танасининг номаҳрам кўздан сир тутиладиган билак, кўкрак қисмлари юзлаб нигоҳлар олдида бемалол намойиш этилиши ўзбекчилигимизнинг қайси ахлоқ-одоб қоидаларига мос келади? Ғарб ахлоқсизлигининг бахт тўйларимизни забт этган очиқ-сочиқ кўйлаклари ўрнига ҳар бир қиз миллий либосларимизни кийиб чиқиши удумга айлантирилса, бундан ким зарар кўриши мумкин?

БЕҲАЁЛИК МАНЗАРАСИ

Тушликка қайтганимда кенжа қизим ҳовлиқиб сўз бошлади:

- Дада, сизга таклифнома ташлаб кетишди, ўқувчингиз экан, бормасангиз хафа бўлармиш.

Очиғи, киши билмас бироз одамовилигим бор, сокинликни ёқтираман, тўй-ҳашамларнинг бўлгани яхши, аммо...

Меҳр-оқибат икки томондан, ҳурмат қилиб айтганидан сўнг тўйхонага кўриниш бериш шарт, мана, гапим олишадиган кишиларга қўшилиб ўтирибман. Куёв, эҳтимол отаси еган-ичганларидан тежаб харид этган қимматбаҳо қора  костюм-шим, келин, ким неча ўзидек бахтиёр қизларнинг эгнини безаган оппоқ либосда даврани безашган. Даврабоши иззатини жойига қўйиб меҳмонларга табрик сўзлари улашади, ширин тилаклар куй-қўшиққа туташиб кетади. Дастлаб қисиниб-қимтиниб бахт тўйи тутилаётган ёшларнинг дўстлари, дугоналари майингина оҳангда рақс тушишади. Май дарёси оқавергани сайин куй-қўшиқдан маза, даврадан файз кўтарила бошлайди. Қўшиқчи йигит қаердандир нақдига гаплашиб келган “раққоса” (уч-тўрт пиёла “оқ”идан отиб улгурган шекилли) беўхшов қилиқлар кўрсатиб, эркини шаробга олдирган йигитларни жунбишга келтиради. Бир зумда чиройлигина давранинг тўс-тўполони чиқади, энди ким қандай рақс тушаяпти, англаш мушкул, лабларга қистирилган сигареталар чўғи липиллар, рақсдан кўра телба-тескари ҳаракатларга менгзаш ўйинлар жиғингга тегади. Астагина тўйхонани тарк этай десанг, кимдир кўриб қолиши, қолаверса якунда яхши ният билан бериладиган фотиҳага қўл очиш керак, тишимни-тишимга босиб ўтиравераман.

- Жонгинам, бир бўса бер...

- Шугина пулингизгами?..

Юқоридаги сўзларни эшитиб овоз чиққан томонга шарт ўгирилдим, “жинлар базми”дан (бошқача аташга тилим бормади) фойдаланган “раққоса” бурчак-бурчаклардан пул теришга тушган, 35-40 ёшлардаги таниш, бола-чақали киши унга пул узатар, қўл чўзганидан олиб қочар, бир тўда болалар ғарб кинофильмларидаги каби бу беҳаё манзарани кузатишарди. Ахийри “раққоса” “мухлис”нинг талабини бажариб, пулга эга бўлди, томошабинлар қийқириб юборишди. Чидаб туролмадим, савоб учун бериладиган фотиҳани ҳам унутиб тўйхонани тарк этдим.

Ажаб, биз нега бундай тубанлашиб кетаяпмиз, ҳаммаси ароқнинг ишими? Ўша киши сархушлиги (сархушмиди?) тарқагач, ўз қилмишини ақл тарозисидан (бор эдими?) ўтказиб изтироб чекармикин? Бўлар-бўлмасга қийшанглаб ер тепаётган ёшлар-чи? Билмадим, билолмадим, фақат уят, ҳаё аталмиш инсоний фазилатлар ҳақида ўй суриб қайтдим йўл-йўлакай. Тўғри, уят қонуни йўқ, аммо яқин-яқинларгача қишлоғимизда шароб таъсиридами даврага чиқиб, ўйинга қўл кўтарган одам анчагача биров таъна қилса-қилмаса юзи қизариб юрарди, пул сочишларни эса якка-ярим “семизликни кўтаролмаган”ларгина касб этишганди. Ҳозир эса... йўқ, булар ижодкор хаёлпарастлиги меваси эмас, яқиндагина кўплар кўзи олдида намоён бўлган воқелик – тўй давраларимизда дуч келинаётган уятсизлик манзарасидан бир чимдим, холос. 

“КУНДА – ШУНДА” МЕҲМОНЛАР

Вилоят марказидаги мажлис кеч тугади. Уйга қайтарканмиз, йўл-йўлакай тўй давраси авжига чиққан хонадон ёнидан ўтдик.

- Мошинни тўхтатайми, тўйга кирамиз, - таклиф қилди шеригим.

- Йўғ-эй, - дедим. – Нотаниш жой бўлса, бирон кишини танимасак, қандай кирамиз?

- Танимагани яхши-да. Агар никоҳ тўйи бўлса янаям яхши. Олдимиздан қайси томоннинг одами чиқса ҳам қудаларнинг меҳмони деб тўйнинг тўрига таклиф этади, қарабсанки тўкин дастурхон тайёр.

Тўйга кирмаган бўлсак-да, беғараз мулоҳазадан мириқиб кулиб, йўлнинг танобини тортдик. Кейинчалик билсам, дўстимнинг ҳазили остида бир чимдим ҳақиқат ётган экан.

- Ҳой ука, биз ҳам тўйга чақирилиб келганмиз, гўшт опке.

- Арақ-парақ қўймайсанми?

- Газли сув келтир...

- Шулардан биронтаси тўйга айтилмаган, - деди ғала-ғовур кўтараётган давра томон им қоқиб ёнимда ўтирган тўйхона хўжаси. – Ҳозир деярли ҳамма тўйхоналар атрофига шундай ўнлаб чақирилмаган меҳмонлар танда қуриб олишган. Хонадон соҳиби хоҳлайдими-йўқми уларсиз тўйини ўтказолмайди. Тўйхонада тутун ўрлай бошлаши билан пайдо бўлишади. Еб-ичишгани-ку майли, айримлари ёнларида олиб келган сумкаларини ҳам қаппайтириб кетишади. Биз-ку ўриндиқ сонига қараб хизмат кўрсатиб ҳақ оламиз, зарар тўй эгасиники.

ҒАЛАТИ МАНЗАРА

Тўйларимиздаги умумий манзара шулар билан чегараланиб қолмас, зимдан назар ташласанг янаям ғалатилари бўй кўрсатавераркан. Энг қизиғи, меҳмонлар ва хизмат кўрсатувчиларни ҳам турли тоифаларга бўлиш мумкин экан, улардан бири – “кунда-шунда”лар билан юқорида баҳоли қудрат таништирдик. Иккинчи тоифа вакилларини “тўрхўжа” ёки “сўзхўжа” деб атасак, сира хато қилмаймиз. Бу тоифа вакиллари албатта давра тўридан жой олишлари ва биринчи бўлиб сўз айтишлари керак.

Қишлоғимиз ҳожиларидан бири тўй бераяпти, алкоголь маҳсулотларисиз. Хоразмдан келган таниқли санъаткор  халқимиз дилидан жой олган мумтоз қўшиқларни маромида ижро этаяпти.

- Устоз, - деди тўйда ўртакашлик қилаётган шогирдим, - илк табрик сўзини кимга беришни билмай бошим қотаяпти. Тўй эгаси фалон вилоятдан келган меҳмонини айтаяпти, даврада фалончи, фалончи акалар ҳам бор. Биласиз, улар учун биринчи сўзни айтиш ҳам ўзига хос мартаба. Акс ҳолда аразлаб кетишади. Кейин дуч келган даврада писанда қилиб юришгани ёмон.

- Сен тўй эгасининг айтганини бажар, ҳар ҳолда олисдан келган меҳмон ҳурматини жойига қўйиш керак.

Шогирдим маслаҳатимга амал қилди ва у санаган фалончи, писмадончи акалар даврани эртачи тарк этишди. Мен эса ғалати манзарани кузатишда давом этиб, бир қултум шароб илинжида тўйга кечикиб бўлса-да келиб, стол устида ўзи истаган зормандага кўзи тушмагандан сўнг   сирғалиб чиқиб кетган “ароқчихўжа”ни, топганини фақат таниш-билишлари даврасига ташиб, тўй эгаси ҳисобидан сахийлик қилаётган “ҳотамтой”ни, қўлини совуқ сувга урмай, хизмат қилаётганларга бақириб-чақириб ўзини жонкуяр кўрсатаётган “даврабоши”ни... ажратиб оламан. Ва хулоса чиқараман: “Кўриб қўй, пешона теринг эвазига топганларингни кимлар учун сарфлаяпсан, бошинг тўйдан чиқмагур, замондош!”

Абдунаби АБДИЕВ