Жараён 20.08.2019 112

БОШЛАНҒИЧ ХОТИН-ҚИЗЛАР ҚЎМИТАЛАРИ ҚАЙ ЙЎНАЛИШЛАРДА ИШЛАЯПТИ?

Кўрик-танлов

Қарши шаҳрида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан "Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!" шиори остида "Энг намунали хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти" республика кўрик-танловининг вилоят  босқичи бўлиб ўтди.

Илғор тажриба ва услубларни кенг ёйиш мақсадида ташкил этилган тадбирда вилоятимиздаги маҳалла фуқаролар йиғинлари, корхона ва ташкилотлар, ўқув муассасаларида фаолият олиб бораётган ва кўрик-танловнинг шаҳар ва туман босқичида ғолиб деб топилган  72 нафар бошланғич хотин-қизлар қўмиталари раислари иштирок этди.

- Айни пайтда вилоятимизда 2902 та бошланғич хотин-қизлар ташкилоти фаолият кўрсатмоқда, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси  Махсуда Мустафоева. - Улар хотин-қизларга бўлган эътиборни янада кучайтириш, оила ва жамиятда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни қарор топтириш, ёшларимиз, айниқса, қизларимизни миллий қадриятларимизга ҳурмат ҳамда садоқат руҳида тарбиялаш, эрта никоҳлар ва ажралишларнинг олдини олиш каби долзарб йўналишларда иш олиб бормоқда. Танловнинг шаҳар ва туман босқичларида 1180 нафар хотин-қиз айни йўналишдаги фаолиятига кўра сараланди. Вилоят босқичи ғолиблари республикада ўз билим ва маҳоратларини намоён этишади.

Танловда 8 номинация бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Улар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Муаллиф олган сурат.