Жамият 05.02.2019 162

БОЗОРДА СОТИЛАЁТГАН ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТЛАРИ СИФАТИНИ КИМ ТЕКШИРАДИ?

БОЗОРДА СОТИЛАЁТГАН ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТЛАРИ СИФАТИНИ КИМ ТЕКШИРАДИ?

Ғафур Ғуломнинг "Шум бола" қиссасида асар қаҳрамони - Қоравой ўз таъбири билан айтганда, юрт кезиб юриб, Кўктерак деган шаҳардаги бир бозорга бориб қолади. У ердаги ғала-ғовур, талотўп, турли буюму маҳсулотларнинг қалашиб ётганини кўргач, "Бай-бай, бундай бозор "Қиссасул анбиё"да ҳам, "Ҳурлиқо" деган китобда ҳам ёзилмаган, ҳеч қаерда - тарихда йўқ", дея ҳайратга тушади.

Қоравой расталар оралаб кезар экан, бозор  томошасидан қанчалик завқланса, у таърифини келтираётган ҳолат сизнинг дилингизни шунчалик хира торттиради. Зангори пашшаларнинг ғувиллашидан этингиз жўнжикиб, "анвойи ҳид"дан бошингиз айланиб кетгандек бўлади.

Адиб ёш қаҳрамоннинг ҳайратлари замирида ўша давр бозорларининг абгор ва ачинарли ҳолатини ўзига хос усулда кўрсатиб берган.

"Шум бола"даги воқеалар  XX аср бошларида кечади. Ўтган бир асрдан ошиқ вақт давомида юртимиз ҳаётида, халқимиз турмуш-тарзида жуда катта ўзгаришлар юз берди. Шаҳару қишлоқларимизнинг қиёфасидан тортиб, ижтимоий ҳаёт қиёслаб бўлмас даражада ўзгариб кетган. Бозорларимиз-чи?

Тўғри, бугун аксарият бозорлар замонавий қиёфага, сотувчи учун ҳам, харидор учун ҳам қулай шарт-шароитларга эга. Унинг белгиланган талаблар асосида фаолият юритиши бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган. Тош-тарозининг тўғрилигидан тортиб, тозалик, сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатига қадар белгиланган нормаларга жавоб бериши шарт. Буни назорат қилувчи органлар, талабни таъминлаши шарт бўлган масъуллар ҳам бор. Гап уларнинг ана шу вазифани қанчалик бажараётганликлари хусусида.

Маҳсулотнинг сифатига кафолат борми?

Дейлик, озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилар эканмиз, ҳар сафар сотувчига "Маҳсулотингиз янгими, сифатлими?", дея юзланамиз. У эса ҳеч қачон сотаётган маҳсулотини ёмон демайди. Баъзан ишониб-ишонмай харид қиламиз, бошқа чора йўқ.

Аслида бозордан олган озиқ-овқат маҳсулотларимизнинг сифати юз фоиз кафолатланган бўлиши керак. Буни таъминлаш вазифаси Давлат ветеринария қўмитаси таркибига кирувчи Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари зиммасига юклатилган.

Марказ бевосита деҳқон бозорларида ташкил этилган ветеринария-санитария экспертиза (ВСЭ) лабораториялари орқали бозорда сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг ветеринария-санитария қоидаларида белгиланган нормаларга мувофиқлигини текшириши ва ижобий хулосага эга бўлган товарлар сотилишига рухсат бериши керак.

Ушбу лабораторияларнинг тўлақонли ишлаши учун барча шароитлар яратиб берилган. Яъни, лаборатория ўз фаолиятини савдо нуқталари (бозорлар маъмурияти), мулк   эгалари, сотувчилар ва бошқа шахслардан мустақил ҳолда амалга оширади, унинг ходимлари ўз хизмат вазифасини бажараётган вақтида давлат ҳимоясида бўлади, давлат бюджетидан маош олади. Лаборатория барча жиҳозлар, асбоб-ускуналар ва бошқа воситалар билан давлат томонидан таъминланади ва кузатувларимиз давомида амин бўлдикки, таъминланган ҳам.

Хўш, бозордан биз харид қиладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг кафолатланган сифатга эга бўлишини таъминлаш учун мана шунча имкониятлар ишга солинаётган экан, унда сотувчидан "Маҳсулотингиз сифатлими?" деб сўрашимизга ҳожат йўқ экан-да, дерсиз. Хулоса қилишга шошманг.

Биринчидан, тегишли тартибга кўра, ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари деҳқон бозорларида, савдо нуқталари (объектлари)да ташкил этилиши белгиланган. Аммо вилоятимизда бундай лабораториялар сони амалда озиқ-овқат маҳсулотлари сотилаётган бозорлар сонидан анча кам.

- Айни пайтда вилоят бўйича 19 та деҳқон бозорида ветеринария-санитария экспертиза лабораторияларимиз мавжуд, - дейди вилоят ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази мутахассиси Ойбек Эшқобилов. - Ҳар бир лабораторияда икки нафардан 4 нафаргача (камида 1 нафари ветеринар врач) ходим ишлайди.

Энди тасаввур қилинг, вилоятимизда қанча бозор бор? Қарийб етмишга яқин. Уларнинг ҳеч бўлмаганда қирқдан ошиғида бозор фаолияти нимага ихтисослашганидан қатъи назар, озиқ-овқат маҳсулотлари сотилади. Мисол учун, Қарши шаҳридаги халқ тили билан айтганда "Орзу" бозорини олайлик. Уни биз буюм бозори сифатида биламиз. Лекин дарвозадан киришингиз билан озиқ-овқат маҳсулотларига дуч келасиз ва сотилаётган бу турдаги маҳсулотлар ҳажми унча-мунча деҳқон бозорини ортда қолдиради. Бошқаларида ҳам шундай ҳолат. Лекин, уларда, қолаверса, кунлик бозорларда ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари ҳеч қандай лаборатория текширувидан ўтказилмайди.  Мутасаддиларнинг изоҳига кўра, ВСЭ лабораториялари  фақат деҳқон бозорларида ташкил этилиши белгиланган. Кунлик бозорларда эса асосан озиқ-овқат маҳсулотлари сотилгани билан, ҳозирча текширув бўйича тизим йўқ.

Унда 19 та бозорда лаборатория бўлишию, 30 га яқинида бўлмаслигидан маъно не?!

Иккинчидан, ВСЭ лабораториялари  мавжуд бозорларда ҳам сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифати тўлиқ кафолатланади, дейиш фикридан йироқмиз. Кузатувларимиз давомида бунга амин бўлдик.

Мисол учун, "Қамаши файз"    деҳқон (озиқ-овқат) бозорига соат тонгги 8:30 да етиб борган бўлишимизга қарамай, бозор гавжум эди (Бу ердаги ачинарли шарт-шароит алоҳида мавзу). Тўрт томондаги дарвозалардан кириб келаётган сотувчилар маҳсулотларини бўш жойларга қўйиб (аксарияти шундоқ ер устига) сотаяпти. Харидорлар ҳам кўп, савдо авжида.

Соат 10:20 да эса лаборатория хонасига йўл олдик. У ердаги ҳолат, ветеринария-санитария экспертизадан ўтказиш дафтарларининг юритилиши билан танишдик.

Дафтардаги маълумотларга кўра, шу куни эрталабдан 20 га яқин  ҳолатда сут ва ўнга яқин ҳолатда гўшт маҳсулотлари ветеринария-санитария экспертизасидан ўтказилиб, сотувчиларга тегишли хулоса ҳужжати (ёрлиқ) берилибди. Лекин бирорта маҳсулотдан намуна олинмаган ва лаборатория шароитида текшириб кўрилмаган. Уларнинг сифатини лаборатория мудирининг ўзи кўз билан кўриб чиққан эмиш!..

Салат, тухум, мева-чева каби маҳсулотлар эса ҳали энди текширилар экан.

- Гўшт ва сут маҳсулотлари тез бузилиши хавфи юқорилигини инобатга олиб, биринчи галда уларни текширувдан ўтказамиз, - дейди лаборатория мудири Музаффар Худойбердиев. - Мева-чеваларда эса бундай хавф кам, барчаси ўзимизнинг деҳқонларники. Мана энди уларни ҳам текширамиз, ҳали асосий савдо энди бошланади.

Қарши марказий деҳқон (озиқ-овқат) бозоридаги лабораторияга эса соат 12:00 да бордик. Савдо авжида. Эътиборли жиҳати, бу ерда ҳам мева-чевалар ҳали назоратдан энди ўтказилиб, сотувчиларга тегишли рухсатнома берилаётган экан. Бу вақтда эса улар маҳсулотнинг асосий қисмини сотиб бўлишган.

- Бизга мева-чевалар асосан   "Ерқўрғон" бозоридан олиб келинади, - дейди лаборатория мудири Зокир Нарзуллаев. - Аслида у бозорда ҳам текширилгану, лекин барибир биз ҳам текширамиз. Сотувчилар эрталаб "Ерқўрғон"дан маҳсулотни олиб, соат 10 дан кейин бу ерга келишади. Мана энди бирма-бир текширувдан ўтказаяпмиз.

Ваҳоланки, белгиланган тартибга кўра, бозорга киритилган ҳар бир озиқ-овқат маҳсулоти даставвал  ветеринария-санитария экспертиза кўригидан ўтказилиши ва лаборатория томонидан ижобий тавсифланиб, тегишли хулоса ёрлиғи берилганидан сўнггина сотувга қўйилиши керак.

Бизда эса ҳолат умуман ўзгача, фақат расмиятчилик. Уни ҳам бироз ишонадиган тарзда эплолмаяпмиз.

Бозордан ташқарида нима гап?

Мана шундай тартибда фаолият кўрсатаётган ВСЭ лабораториялари ҳам фақатгина бозор ичида сотилаётган маҳсулотлар учун жавоб беради. Бозор дарвозасидан бир қадам ташқарида сотилаётган мева-чева, сут-қатиқ каби маҳсулотларнинг сифатини текшириши керак бўлган масъул ташкилот эса ҳали йўқ. Ваҳоланки, кўпчилик озиқ-овқат маҳсулотларини савдо дўконлари ёки кўча бозорларидан харид қилади. Рости, истеъмолчиларнинг ўзлари ҳам харид қилаётган маҳсулоти сифати кафолатланганлиги билан кўпам қизиқишмайди. Худди Қамашидаги бозор лаборатория мудири каби кўз билан баҳолаб, сотиб олаверишади. Белгиланмаган жойларда савдога чиқарилган озиқ-овқат товарини истеъмол қилиб қоринлари оғримаса бўлди, қолгани билан ишлари йўқ.

Бозордан ташқарида фақатгина гўшт маҳсулотларини назорат қилиш Давлат ветеринария қўмитасининг ҳудудий бўлимлари зиммасига юклатилган. Бу бўлимлар ўзининг жойлардаги участка мудирлари орқали гўшт дўконлари, савдо шохобчаларида сотилаётган гўштнинг сифатини назорат қилади, тўғрироғи қилиши керак.

Айни пайтда вилоятимизда фаолият юритаётган ветеринария участка мудирлари сони 114 нафарни ташкил этади. Лекин уларнинг зиммасида жисмоний ва юридик шахсларга ветеринария хизмати кўрсатиш, бу борада белгиланган ишларни ташкил этиш билан боғлиқ бошқа вазифалар ҳам бор. Акс ҳолда ўз хизмат ҳудудида сотилаётган гўшт маҳсулотларининг сифатини кўрикдан ўтказиб, бу ҳақда уларга муҳр босиш ва сотувчига керакли рухсатномани беришни бутунлай унутиб қўйишмасди.

Қарши шаҳри, Ғузор ва Қамаши туманлари ҳудудидаги ўндан ортиқ гўшт дўконларини кузатиб, уларнинг бирортасида ҳам сотилаётган маҳсулотнинг белгиланган тартибда ветеринар кўригидан ўтказилганлиги тўғрисидаги ҳужжатни кўрмаганимиз шундай хулосага асос бўлмоқда.

- Деҳқон бозорларидан ташқарида сотилаётган гўшт маҳсулотларини биз назорат қиламиз, - дейди вилоят ветеринария бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шоймардон Шодиев. - Аммо мева-чева ёки бошқа маҳсулотларни текширмаймиз. Участка мудирлари томонидан ҳар куни ҳудудлардаги гўшт дўконларига борилиб,  янги савдога қўйилаётган гўшт кўрикдан ўтказилади, хулоса ижобий бўлса, сотишга рухсат берилади. Тўғри, ҳамма дўконларни ҳам қамраб ололмаймиз. Чунки ҳозир истаган одам гўшт билан савдо қилиб кетаяпти. Тартиб бўйича чорва моллари фақат белгиланган жойлар, яъни кушхонада   суйилиши керак. Лекин буни ҳеч ким назорат қилаётгани йўқ. Агар шундай бўлганда, биз барча чорва молларини сўйилишидан олдин текшириб, сифатини тўлиқ назорат қила олардик.

Хўш, ким қилиши керак бу ишни? Ветеринария бошқармаси масъуллари нега шу ҳақда бонг урмайди?  Муаммо ечими бор экан, нега мутасадди раҳбарларга таклиф бермайди, ҳаммаси рисоладагидек бўлиши учун жон койитмайди? Сеники, меники деган билан бирор муаммо ечилганми ўзи бирор марта?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, зарарланган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш орқали келиб чиқадиган хасталикларнинг сони 200 дан ошиқ экан. Биргина ич кетиш (диарея) хасталлиги сабабли дунёда ҳар йили 1,8 миллион киши вафот этади. Бундан ташқари миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритаётган бруцеллёз, куйдирги,  қорасон, ботулизм ва шу каби кўплаб ўта хавфли касалликлар мавжудки, уларнинг келиб чиқишига сифатсиз, касалланган озиқ-овқат маҳсулотлари сабаб бўлишини унутмаслик лозим. Бу касалликлар оқибати билан курашгандан унинг олдини олиш афзаллиги ҳақида кўп гапирамиз-у, нега бу тамойилга амал қилмаймиз?! Ваҳоланки, бозорларимизда, савдо нуқталарида сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатини назорат қилиш билан боғлиқ ҳолат шундай экан, ҳеч биримиз исталган вақтда бу маҳсулотлардан заҳарланиш, касаллик юқтириш хавфидан ҳимояланмаганмиз. Барча озиқ-овқат маҳсулотларининг кўригини сифатли ташкил этиши, уни назорат қилиши, савдо шохобчаларида санитария-гигиена талабларини таъминлаши, кўча-кўйдаги ноқонуний савдонинг олдини олиши керак бўлган ташкилотлар - бозор эгалари (вилоятимиздаги аксарият бозорларнинг 50 фоиздан ошиқ улуши маҳаллий ҳокимликлар ҳисобида), солиқ, прокуратура ва ички ишлар органлари эса бу масалада жим.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ