Қишлоқ хўжалиги 20.09.2019 84

БУҒДОЙ ЭМАС, ЖАВДАР ҲАМ

Қишлоқ хўжалиги

БУҒДОЙ ЭМАС, ЖАВДАР ҲАМ

ёхуд тритикале қандай ўсимлик?

Бугун мамлакатимизда асосий экинлардан сўнг улар ўрнида қисқа муддатда пишиб етиладиган такрорий ҳамда тўқсонбости экинларни парваришлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бироқ, ҳар йили катта майдонларда такрорий экинлар етиштириш йўлга қўйилган бўлса-да, такрорий ҳамда оралиқ экинларнинг уруғчилиги етарли даражада ташкил этилмаган. Ваҳоланки, одатий етиштириладиган маҳсулотлардан ташқари яна кўплаб экинларни такрорий экин сифатида парваришлаб, юқори натижа олиш мумкин.

Дейлик, бу йил вилоятда 38 минг 85 гектар майдонда такрорий экинлар жойлаштирилган бўлса, уларнинг 28 минг 400 гектари чорва озуқаси учун мўлжалланган. Такрорий экиладиган озуқа экини сифатида эса асосан маккажўхорини биламиз. Аммо иқлим шароитимизда яна бир қатор экинларни такрорий экин сифатида етиштириб, мўл ҳосил олиш мумкин. Тритикале ана шундай ўсимликлардан биридир.

Қуйида ушбу ўсимлик ва унинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида тўхталамиз.

ТЎЙИМЛИ ОЗУҚА, МУҲИМ ХОМ АШЁ

Тритикале бошоғининг кўриниши, тузилиши, донининг шакли буғдой ва жавдарни эслатади. Шу боис ҳам у буғдой лотинча номининг биринчи қисми (triti)  ва жавдар номининг иккинчи қисми (cale) қўшилмаси асосида номланган.

Аммо тритикале буғдойдан қуйидаги белги ва хусусиятлари билан ажралиб туради: пояси буғдойникига қараганда йўғон, шамолга чидамли, барги ва бошоғи катта-катта, дони ҳам йирик. Дони таркибида оқсил моддаси буғдойникига нисбатан 1-1,5 фоиз, жавдарга нисбатан 3-4 фоиз кўп. Яна 3-8 фоиз лизин ва 2-4 фоиз ёғ мавжуд. Бошқа озуқа экинларида эса бу кўрсаткич анча паст.

Ушбу ўсимлик Польша, Германия, Беларусь, Франция, Россия, Хитой, Венгрия, Испания, Литва ва Австралия каби давлатларда асосий озуқа экини ҳамда саноат учун муҳим хом ашё манбаи сифатида катта майдонларда етиштирилади.

Боиси, бугунги кунда ривожланган давлатларда тритикаледан кўплаб маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Жумладан, унинг унидан турли хил печеньелар, макарон, пицца ва бошқа қандолат маҳсулотлари тайёрланади. Тритикале пиво тайёрлашда ҳам муҳим хом ашё манбаидир.

БИЗДА ҚАНДАЙ САМАРА БЕРАДИ?

Тритикале юртимиз иқлим шароитида ҳам яхши ривожланиб, мўл ҳосил беради. Бизда у асосан суғориладиган ва лалмикор ерларда етиштирилади. Суғориладиган ерларда гектаридан 350-600 центнер яшил масса олиш мумкин. Дон ҳосили эса 50-60 центнерга етади.

Мисол учун, ўтган йили Касби туманидаги "Шодмон Нормуродов" фермер хўжалигининг 2 гектар ер майдонида тритикале экиб парваришланди. Натижада ҳар гектардан 290 центнердан тритикале кўк майсаси ҳамда 31,5 центнердан  сара дон олинди.

Лалмикор майдонларда тритикале асосан дони учун етиштирилади. Бунинг учун уни куз фаслининг иккинчи ярмида эккан маъқул.

ҚАНДАЙ ЕРЛАРГА ЭКИЛАДИ?

Тритикале экинининг тупроқ унумдорлиги ва мелиоратив ҳолатига бўлган талаби арпа ва сулиникига ўхшаш. Экиш ва парвариш қилиш ишлари бошқа бошоқли дон экинлариники билан бир хил.  Гектарига камида 150 килограмм уруғ сепилади.

Бунинг учун, аввало, экиладиган майдон ўсимлик қолдиқларидан тозаланиши, ер текисланиши, шудгорлаш олдидан ўғитланиши (гектарига 100 килограмм фосфорли ва 60 килограмм калийли ўғитлар), 28-30 сантиметр чуқурликда шудгорланиши ҳамда чизелланиши лозим.

Хулоса қилиб айтганда, вилоятнинг оч тусли бўз ва тақирсимон тупроқлари шароитида куз, қиш ва баҳордаги ёғингарчиликлардан ҳамда шу даврдаги самарали ҳароратдан фойдаланиб, оралиқ экинларни парваришлаш натижасида, биринчидан, тупроқ унумдорлиги оширилади, иккинчидан, чорвачилик тармоғи сервитамин кўк масса билан таъминланади.

Бу, ўз навбатида, стратегик қишлоқ хўжалиги экинларидан олинадиган ҳосил миқдори ошиши ва унинг сифати яхшиланишини ҳам таъминлайди.

Ш.ДЖУМАЕВ, С.НЕГМАТОВА,

қишлоқ хўжалиги фанлари докторлари