Сўнгги янгиликлар 23.08.2019 87

БУГУН ЎҚУВЧИ, ЭРТАГА ҲАРБИЙ

Халқ таълими вазирлиги ҳамда Миллий гвардия қўмондонлигининг "Умумий ўрта таълим мактабларида ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига ихтисослаштирилган синфлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қўшма қарорига мувофиқ Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари, Нишон ва Ғузор туманларидаги 4 та мактабда очилган ихтисослаштирилган синфларга 104 нафар ўқувчи қабул  қилинди.

Ҳарбий бўлишни орзу қилмаган ўғил бола, фарзанди келажакда юрт корига ярайдиган инсон сифатида улғайишини истамайдиган ота-она бўлмаса керак. Шунга монанд, ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига ихтисослашган синфларда ўқиш истагини билдирган ёшлар ҳам кўпчиликни ташкил қилди. Ўрта таълим мактабларининг 6-синфини тугатган 257 нафар ўқувчи талабгор сифатида имтиҳонларда иштирок этган бўлса, улардан энг муносиблари ихтисослашган синфларга қабул қилинди.

- Бу йил ҳам ўтган йилдаги каби, ҳар бир ихтисослашган синфга 26 нафардан ўқувчи қабул қилдик, - дейди вилоят халқ таълими бошқармасининг таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш шуъбаси мутахассиси Ҳикматилла Зулфиқоров. - Эътиборни тортадиган жиҳати, уларда ўқиш истагидаги талабгорлар сони йилдан-йилга ортиб бораяпти.

Ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига ихтисослаштирилган синфларнинг ўқувчилари махсус дастур асосида 3 йил таълим олишади. Кейинчалик, Миллий гвардия тизимидаги ўқув юртлари ёки "Темурбеклар мактаби"да таҳсилни давом эттиришлари мумкин.

З.НАЗИРОВА