Қишлоқ хўжалиги 20.10.2018 262

БУГУНГИ ҲАРАКАТ - ЭРТАНГИ БАРАКАТ

Семинар

БУГУНГИ ҲАРАКАТ - ЭРТАНГИ БАРАКАТ

Республика қишлоқ хўжалиги вазирлиги вилоят ҳокимлиги ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда Қарши туманидаги “Ферузбек Ҳақберди ўғли” фермер хўжалиги даласида 2019 йил ҳосили учун бошоқли дон экинларини экиш, агротехник тадбирларни сифатли амалга ошириш бўйича семинар ўтказди.

Семинарда Қарши, Касби, Нишон, Косон, Миришкор Муборак туманлари ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, қишлоқ хўжалиги бўлимлари бошлиқлари, соҳага алоқадор таъминотчи корхоналар вакиллари ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.

Маълумки, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда вилоят ҳокимининг тегишли қарорлари билан вилоятимизда 2019 йил ҳосили учун бошоқли дон экинларини ҳудудлар бўйича жойлаштириш графиги, мавжуд экиш техникаларини тайёрлаш, талаб этиладиган уруғлик, ёнилғи-мойлаш маҳсулотларини ўз вақтида етказиб бериш ва бошқа шу каби ишларни ўз вақтида ва сифатли бажаришнинг муддатлари ва унга масъуллар аниқ белгилаб берилган.

Бироқ барча жойда ҳам ишлар белгиланган тартибда бажарилаяпти, деб бўлмайди. Айрим ҳудудларда очиқ майдонга бошоқли дон экинлари экиш учун ерни тайёрлаш, уруғ сепиш ишларини амалга ошириш кечикаётган бўлса, айрим фермер хўжаликларида ишлар сифатсиз бажарилаётганини кўриш мумкин.

Семинарда шу жиҳатларга эътибор қаратган ҳолда, мутахассислар томонидан бошоқли дон экинлари экиладиган майдонларга контурлар бўйича тўлиқ карта ҳосил қилиш, экиш самарадорлигини ошириш, ғўза қатор орасига ғалла экиш каби ишларни бажариш тартиблари тушунтирилди. Ишларни ўз вақтида ва сифатли ташкил этиш бўйича масъулларга қўшимча топшириқлар берилди. Зотан, бугунги ҳаракат, эртанги баракат, деб бекорга айтишмаган.

Худди шу каби семинарлар бошқа ҳудудларда ҳам ўтказилмоқда.

Сарвиноз ИСМОИЛОВА,

инспекция вилоят бошқармаси матбуот котиби