Жамият 09.07.2019 78

БУКРИНИ ГЎР ТЎҒРИЛАЙДИ...МИ?

Жиноятга жазо муқаррар

1970 йилда Ғузор туманида туғилган Ислом Тоғаев (исм ва фамилиялар ўзгартирилган) шу вақтга қадар бир қатор корхона ва ташкилотларда масъул вазифаларда ишлаган. Шу билан бирга, ўтган давр мобайнида ўз нафсини жиловлай олмагани, ноқонуний бойлик орттириш мақсадида мансаб ваколатини суиистеъмол қилгани, қинғир ишларга қўл ургани учун икки маротаба судланишга ҳам улгурган.

У дастлаб 2001 йилда Жиноят кодексининг 214-моддаси 1-қисми билан  айбдор деб топилиб, суд томонидан қонуний жазога тортилган бўлса, 2015 йилда шу кодекснинг 167-моддаси бир нечта бандларида кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган. Аммо бу гал амнистия асосида муқаррар жазодан қутулиб қолган.

Бу фактларни келтирганим бежизга эмас. Ҳар икки ҳолатда ҳам нафс йўлида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, суднинг қора курсисига ўтирган Ислом Тоғаев орадан кўп ўтмай яна бир масъулиятли вазифа - Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича Қарши минтақавий бюроси директори лавозимига тайинланади.

Шунча машмашалардан сўнг унинг бу лавозимга қандай келиб қолгани алоҳида мавзу. Аммо аввал қилган жиноий қилмишлари учун тавбасига таянмаган бу инсон ўзини ижобий томондан кўрсатиш, берилган имкон ва билдирилган ишончни оқлаш ўрнига яна қандай қилиб бўлса-да, тезроқ чўнтагини қаппайтириб олиш ҳаракатига тушиб кетди. Бунинг энг осон йўли хорижда ишлаш истагида қабулига келувчиларнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб, бор-будини ҳам қоқиб олиш бўлиб туюлди унга.

Ислом Тоғаевнинг тузоғига тушганлардан бири Касби тумани     Тошқўрғон қишлоғида яшовчи Адҳам Асадов бўлди. У "Агар танишларинг бўлса олиб кел, хорижга яхши ишга жўнатаман" деган ваъдага ишониб, уч нафар қариндошини ҳам бюро директори ҳузурига етаклаб келди. Савлат тўкиб турган мансабдор эса уларни Япония давлатига ишга юборишни ваъда қилиб, ҳар биридан 1500 АҚШ долларидан, жами 4500 АҚШ долларини санаб олди.

Иштаҳа овқат пайтида келади деганларидек, осон қўлга киритилган пул "меҳри" Ислом Тоғаевни яна шу ишга ундай бошлайди. У 2017 йил июнь   ойининг бошида фуқаролар Абдулла Мавлонов, Комил Орипов ва Беҳруз Мусаевга ҳам хорижга ишга юборишни ваъда қилиб, 1500 АҚШ долларидан олади.

Шунингдек, хорижга ишга кетаётган кўплаб фуқаролардан "Ҳужжатларингни тўғрилаш учун пул керак", деган алдов билан асоссиз равишда 150 минг сўмдан ундира бошлайди.

Айтиш жоизки, Ислом Тоғаев ушбу лавозимда бор-йўғи бир йил ишлаган. Бироқ, ана шу муддатда ўзгаларни алдаб, фирибгарлик йўли билан топган пуллари жуда катта миқдорни ташкил этади.

 Халқимизда "Қинғир иш - келтирар ташвиш" деган нақл бор. Ислом Тоғаевнинг қинғир иши уни яна суднинг қора курсисига етаклади. Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг очиқ суд мажлисида у томонидан содир этилган жиноят иши кўриб чиқилиб, айбдорга нисбатан белгиланган тартибда жазо тайинланди.

Муҳаммадрасул КАРИМОВ,

Қарши шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси