Маънавият 09.04.2019 196

БУЮК ЛАШКАРБОШИ ҚУРОЛИНИНГ КУЧИ

Амир Темур таваллудининг 683 йиллигига

Ҳарбий соҳа мутахассисларининг эътироф этишича, Амир Темур ҳарбий салоҳиятда жаҳонга машҳур саркарда бўлиши билан бирга, унинг жанг қилиш санъати, тактика ва стратегияси, армия таркибининг тузилиши ўз даврининг нодир мўъжизаси эди. Унинг ҳарбий маҳорати турли йўналишларда - аскарий қисмларни қайта ташкил қилишда, душманга ҳужум қилишда, турли-туман усуллардан фойдаланишда, ҳужумдан олдин рақиб жойлашган ерларни обдан ўрганиб чиқишда ҳамда лашкарбоши - қўмондонликда ноёб иқтидорга эга бўлганлигида намоён бўлди.

Амир Темирнинг ҳарбий стратегияси, ҳарб ишида жуда кўп омиллар қаторида қўшинни қурол-аслаҳа, ҳарбий анжомлар билан таъминлаш, муҳораба пайтида улардан оқилона фойдаланиш муҳим аҳамият касб этган. Бу ҳақда "Темур тузуклари"нинг "Сипоҳнинг яроқ-жабдуқлари ва анжом-жиҳозлари тузуги"да баён этилган. Унда оддий аскарлардан тортиб, баҳодирлар, ўнбоши, юзбоши, мингбоши, шунингдек, лашкарбоши амирлар ғанимга қарши жанг қилиши учун қандай қурол-яроғ ва ҳарбий анжомларга эга бўлиши лозимлиги аниқ кўрсатиб ўтилган. Чунончи, ҳарбий юриш пайтида оддий аскар 2 от, бир камон, бир садоқ ўқ олиши шарт эди. Баҳодир аскарларнинг ҳар бири бир қилич, садоқ-ўқдон, камон ва 5 та от олсин, деб буйруқ берилган.

"Темурнинг ҳарбий кучлари, - деб ёзади таниқли инглиз тарихчиси Ҳильда Ҳукҳэм, - аввалига моҳир суворийлар ва мерган камончилар эди ва буюк саркарда қудратининг асосини ташкил қиларди. Милтиқлар пайдо бўлгунга қадар, уларнинг санъати мерганлик ҳарбий санъатининг энг юқори чўққиси ҳисобланиб келди".

Амир Темур жангу жадаллар тарихи ёритилган китобларни қизиқиб ўқиган. "Шоҳнома" қаҳрамонларидан бири Сом Наримондан сўрабдилар: "Эй, музаффар йўлбошчи, жанг безаги нимадир?" У жавоб берибди: "Шарофатли шоҳнинг нури, оқил саркарданинг дониши ва совут кийган ҳамда камон билан жанг қила оладиган жангчидир". Шунинг учун ҳам Амир Темур ўз ғанимлари билан курашда ўқчилар, қиличбозлар ва найзадорларга таянган. Жангу жадал пайтида ўқ-ёй, ойболта, қилич, гурзи, пичоқ, ханжар каби қурол-яроғни ўз ўрни келганда ишлатишга амр қилган. Ханжар асосан душманларнинг жангда қатнашадиган от ва туяларини йўқ қилишга мўлжалланган эди. Муаррих Низомиддин Шомий бу тўғрида 1383 йил охирида Сеистонда бўлган жангдан мисол келтиради. Ўшанда душманларга қарашли от ва туяларнинг кўпи ханжар билан ўлдирилган эди.

Соҳибқирон ҳаёти давомида оз сонли жангчилар қатнашган кичик жангларни ҳам, шунингдек, Тўхтамишхон, Боязидга қарши муҳорабаларда 200 мингдан ортиқ сипоҳ иштирок этган йирик урушларнинг ҳам шоҳиди бўлган. Уруш учун эса лашкар етарли миқдорда қурол-яроғ билан таъминланиши лозим эди. Шу сабаб мамлакатнинг муҳим нуқталарида қурол-яроғ тайёрланадиган устахоналар ташкил этилган, уларда минглаб қуролсоз усталар ишлаган. Узоқ Испаниядан Самарқандга келиб, Амир Темур қабулида бўлган Руи Гонсалес де Клавихо "Самарқандга Темур саройига саёҳат кундалиги 1403-1406 йиллар" асарида Самарқанд чеккасидаги бир қалъада жойлашган қурол-яроғлар ясаладиган устахона ҳақида маълумот берган. Бу ерда мингга яқин қуролсоз уста мунтазам равишда совут, қалқон, ёй ва найзалар тайёрлаш билан машғул бўлган. Буюк саркарда усталардан айниқса, совут ва дубулғаларнинг сифатли ясалишини талаб қилган. Чунки ушбу анжомлар жангчининг асосий ҳимоя воситаси ҳисобланган.

Муҳим қуролсозлик устахоналаридан ташқари, ҳарбий юришлар пайтида қурол-яроғ ясайдиган кўчма устахоналар ҳам ишлаб турган. Соҳибқирон қуролсозлар сафини таслим этилган мамлакатлардан олиб келинган усталар билан тўлдириб борган. Масалан, Кичик Осиё ва Шом фатҳ этилгач, камон ишлаб чиқарувчи усталар, тўпчи-муҳандислар, бошқа қуролсозлар пойтахт Самарқандга олиб келинган.

Амир Темур жанг пайтида душманларга қақшатқич зарба беришга қодир энг мукаммал қурол турларини яратиш ва улардан фойдаланишга катта эътибор берган. Шарқда биринчи бўлиб ўқотар қуролдан фойдаланиш Соҳибқирон армиясида йўлга қўйилган. Кичик ўтли ўқларни отишга мўлжалланган раъдандоз ва катта ўқларни ёғдирувчи камони раъд ана шундай қуроллардан эди.

Тоғли ҳудудларда жанг олиб боришга ихтисослаштирилган махсус қисмлар тоғ ён бағирларида тошдан тикланган ва забт этиш жуда қийин қалъаларни ишғол этишда қатнашганлар. Манжаниқ ва арродалар, тири чархлардан ана шундай мустаҳкам қалъаларни эгаллашда фойдаланилган. Ироқнинг Бағдод ва Мосул шаҳарлари оралиғида Дажла дарёсининг ғарб томонида қадимий Тикрит қалъаси жойлашган эди. Низомиддин Шомий "Зафарнома" асарида бу қалъани шундай таърифлайди: "У қалъа ғоятда мустаҳкам эди. Унинг маҳкамлиги тавсифида тил қисқа, истеҳкоми тасаввурида ақл ҳайрон, мустаҳкамликда жаҳонга машҳур эди. Турли қисса ва хабарларда Қалъаи Салосил деб тавсиф этилган эди".

Соҳибқирон қалъа волийси Амир Ҳасанга жангсиз таслим бўлишни таклиф қилади. Аммо у бунга кўнмагани учун Соҳибқирон буйруғи билан арродалар ростланиб, манжаниқлар тайёрланади. Манжаниқлардан тош отилиб, қалъа ичидаги кўп уйлар вайрон бўлади. Кейин ҳисорнинг бир буржига ўтилади. Қалъанинг атрофида нақб кавланиб, ўт қўйилгандан сўнг қалъа деворлари қулайди. Муаррихнинг ёзишича, "Қалъадан бир тупроқ тўдасидан бошқа асар ҳам қолмади". Бу воқеа 1393 йил 11 ноябрда юз беради.

1394 йил 18 июнда Амир Темур Шарқий Анатолиядаги Авник қалъасини забт этишни бошлайди. У жуда  мустаҳкам ҳисор бўлиб, мамлакат ўртасида жойлашган ҳамда туркманлар уни ўзларининг мухолифатчиликлари учун орқа таянч қилиб олган эди. Қалъа мубошири Қаро Аҳмад ўғли Миср тоққа қочиб ундаги қалъага яшириниб олади. Тоғ жуда баланд ва йўллари  машаққатли эди. Истеҳком қурилган, мустаҳкам дарвозалар ўрнатилганди. Соҳибқирон Мисрга ўз ҳузурига келишни таклиф қилади, аммо бунга унинг юраги дов бермайди. Ҳатто Мисрнинг ўғли, онаси келиб, узр сўрайди, унинг Соҳибқирон олдига албатта келишини айтишади. "Лекин Мисрга хавф устун келган эди, - деб ёзади Низомиддин Шомий. - У ожиз ва чорасизликда саросимага тушиб қолган ҳамда ишониб ташқарига чиқишга етгудек руҳ қувватию, далирликка эга эмас эди. У яна баҳона кўрсатгач, Амир Соҳибқирон манжаниқлар, раъд, аррода, тири чархларни тайёрлашни буюрди. Бу жанг қуролларидан отилган тошлар зарби билан уларнинг кўп уйларини вайрон қилдилар. Қалъа аҳлидан фарёди фиғон кўтарилди".

Шундан кейин ҳам қалъа таслим бўлмагани учун манжаниқлар орқали тош отиш давом эттирилади. Хожа  Шоҳин бошлиқ лашкарлар ҳисор ва тоққа чиқишга муяссар бўладилар. Ҳисорнинг бир неча буржи тагидан нақб кавланиб, ўт қўйилади. Мисрнинг лашкарлари жанг қилишдан воз кечишади. Миср танг аҳволда қолгач, амирзода Муҳаммад Султон воситачилигида Соҳибқирон ҳузурига бош эгиб келишга мажбур бўлади ва унинг қонидан ўтишни сўрайди. Ўз навбатида амир ҳам шафоатни қабул этади.

Дамашқни таслим қилишда 60 га яқин манжаниқ, арродалар, қоруралардан фойдаланилади. Шаҳар қалъаси девори рўпарасига ўрнатилган миноралардаги қоруралардан қалъа арки ичига олов ёнувчи нафт (нефть) ўқлар улоқтирилади. Алангадан чўғдек қизиб кетган деворлар сирка воситасида совутилгач, тошлар босқонлар зарбидан осонгина майдаланиб кетарди. Қалъа ҳимоячилари қаршилик кўрсатишдан тўхтамагани учун арк минораси тагидан лаҳм кавлангач, девори қулаб тушади. Қалъа мудофаачилари қаттиқ қаршилик кўрсатиб, бир ойдан ортиқ вақт ҳимояда турганлигига қарамай, охир-оқибат мағлуб бўлишади.

Соҳибқирон лашкарлари ҳарбий юришлар пайтида нарвон ва тахтапуллардан ҳам фойдаланган. Душманга яқин жойда зарур пайтларда қароргоҳлар ҳам қурилиб, теварак атрофда зовурлар қазиларди, саркублар - кўтармалар қурилиб, мудофаа қуроллари ўрнатилар, кузатув нуқталари ташкил этиларди.

Туркиядаги Беҳасти қалъаси баланд тоғда жойлашган бўлиб, ниҳоятда мустаҳкам эди. Қалъа ўртасида айланувчи манжаниқ ўрнатилган, ундан тўрт томонга қаратиб, тош отса бўларди. Амир Темур буйруғи билан қуролсозлар душман манжаниқига нисбатан каттароғини ясайдилар. Сўнгра нақбларга ўт қўйилиб, манжаниқ ишга солинади. Отилган тош уларнинг манжаниқига бориб тегиб, уни майдалаб юборади. Барча буржлар ва иморатлар қулаб вайрон бўлади. Қалъа ҳимоячилари таслим бўлиб, гуноҳларини афв этишни сўрашдан бошқа чора тополмайдилар.

Ибн Арабшоҳ "Амир Темур тарихи" асарида Шомдаги мустаҳкам бир қалъа Амир Темур лашкарлари томонидан қандай ишғол қилинганини ёзади. Бу ишни Соҳибқирон амир Жаҳоншоҳга топширади. У жангчилари ёрдамида қалъа қаршисига манжаниқлар ўрнатади, қалъа остидан лаҳмлар қазиб, деворларга илгаклар ташлайди. Лекин қалъани эгаллаш осон кечмайди, у 43 кун (бошқа манбада 29 кун)дан сўнг эгалланади, ҳар икки томондан жуда кўп жангчилар ҳалок бўлишади.

Амир Темур душманларининг қандай қуроллардан фойдаланишлари, уларнинг ўзини мудофаа қилиш воситаларига қараб жанг тактикасини ўзгартирган, ғанимларини енгиш учун улар кутмаган воситаларни ишга солган. Ҳиндистонга юриш пайтида Амир Темур қўшинлари биринчи марта ҳарбий филларга рўпара келади, шунинг учун уларда қўрқув пайдо бўлади. Шунда саркарда аскарларга сафлари олдида хандақлар қазиб, ғовлар билан мустаҳкамланган тупроқ деворлар, саркуплар вужудга келтириши ва ерга тиканли симлар қоқишни буюради. Буқалар ва туялар бир-бирига маташтирилиб, улар устига шох-шаббалар ортилган. Филлар ҳужум бошлаши биланоқ шох-шабба боғламлари ёқиб юборилган. Алангани кўрган филларнинг бир қисми қўрқувдан орқага тисарилиб, ўз қўшинини топтай бошлаган. Қолганлари ерга қоқилган қозиқлардан ва уч тишли дандоналардан майиб-мажруҳ бўлган. Амир Темур бу жангда ана шундай усулни қўллаб, Деҳлини забт этади. Жангда қўлга киритилган филларни Соҳибқирон ўз ҳарбий кучлари сафига қўшади.

1401 йил январь ойида Халаб шаҳри фатҳи бошланади. Низомиддин Шомий "Зафарнома"да бу шаҳарнинг қандай эгалланганини ўзи шоҳид бўлган жанг манзаралари асосида тасвирлаган. Ўшанда ҳам ҳарбий филлар қатл қилувчи кучга айланади. "Зирҳу қуроллар билан жиҳозланган бир саф филларни жанг майдонлари билан душман рўбарўсига чиқарди, - деб ёзади муаррих. - Тўғрисини айтганда, у ҳолатнинг ҳайбати ва қўрқинчидан жангчилар кўкрагида юраклари титрай бошлади, унинг ҳайбати ва хавфидан ақллар хира ва фикрлар тийра бўлди".

Муҳорабада Соҳибқироннинг ўзи ҳам шахсан жангга киради. Аскарларнинг кўплигини кўрган халабликлар ночор орқа ўгириб қочишга мажбур бўладилар. Халаб эгаллангач, амир Жалол Ислом муаррих Шомийни ҳазрат Соҳибқирон ҳузурига олиб боради. Амир Темур уни иззат-икром билан кутиб олади.

Буюк лашкарбоши Амир Темурнинг ана шундай ҳарбий истеъдоди ва маҳорати, лашкарлари, қурол-яроғлардан оқилона ва моҳирона фойдалангани унинг зафарлари бош омили бўлган.

Мўмин АЗИЗОВ,

тарихчи-журналист