Иқтисодиёт 13.12.2018 138

БУЮРТМА БОР, МАҲСУЛОТ ИШЛАБ ЧИҚАРИЛАЯПТИ

Хусусий сектор

БУЮРТМА БОР, МАҲСУЛОТ ИШЛАБ ЧИҚАРИЛАЯПТИ

Бир оила тадбиркор бўлиши учун нима керак?! Аввало, ҳамма ҳамжиҳат бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб, умумий мақсад йўлида ишлай олиши даркор. Ахир оилавий бизнеснинг юришиб кетишида бу омил муҳим аҳамиятга эга. Агар оилада кимдир ишбилармон, ҳисоб-китобга уқувли бўлса, бу ҳам фойдага хизмат қилади. Албатта, кишидаги илк тадбиркорлик кўникмаси шу даргоҳда шаклланишини ҳам унутмаслик керак. Бирни икки қила олганнинг иши беш. Қолгани эса маблағга бориб тақалади. Шулар жамулжамми, демак, оилавий тадбиркорликка ҳеч бир хавотирсиз қўл уриш мумкин.

Қамаши туманилик Элбек Қарахоновнинг ҳам бугун тадбиркор сифатида танилишига оиласи сабаб бўлган. Гап шундаки, шу йил бошида у яқинлари билан ҳамфикр бўлиб, ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйишга қарор қилди. Оиласи ҳам қараб турмади. Ҳамма ўз имконига қараб, янги оилавий корхонада муносиб вазифа оладиган бўлди. Етмаганига эса тижорат банкига мурожаат қилишди. Молия муассасаси ҳам уларнинг бизнес-режасини маъқуллади. Уларга 300 миллион сўм ажратиб берилди.

- Йиғилган сармояни тўғри йўналтиришга ҳаракат қилдик, - дейди оилавий тадбиркор. - Фаолият тури сифатида мебель ишлаб чиқаришни танладик. Маблағнинг бир қисмига хом ашё сотиб олдик. Янги цехимизни замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга ҳам пул сарфладик. Яқиндан эса маҳсулот тайёрлашни бошладик. Катта ҳажмдаги мебель жиҳозларини буюртмачиларга етказиб ҳам бердик. Муҳими, ҳозир бозорда ўз ўрнимиз бор. Маҳсулотимизга 200 миллион сўмлик буюртма қабул қилганмиз. Йил охиригача бажаришимиз керак. Туманимиздаги мактаб ва боғчаларни шартнома асосида ўқув жиҳозлари билан таъминлаймиз.

Бугун оилавий корхонада 4 нафар киши ишли бўлган. Усталар ҳам қариндошлар ичидан топилди. Натижада оила мустаҳкам даромад манбаига эга бўлди. Бу ҳали бошланиши, десак, ишонаверинг. Оила аъзолари ўзларини бошқа йўналишда ҳам синаб кўрмоқчи. Тўпланган бирмунча сармоя хизмат кўрсатишни ташкил этишга замин бўлади. Йил сўнгига қадар ҳудудда аёллар ва эркаклар салони, стоматология клиникаси ишга туширилиши лозим. Бунинг натижасида яна 10 та янги иш ўрни яратиш мақсад қилинган.

Собир НАРЗИЕВ

Суратларда: корхона фаолиятидан лавҳалар.