Иқтисодиёт 21.06.2019 115

БЮД РАСМИЙЛАШТИРИШГА ЭНДИ 3 СОАТУ 40 ДАҚИҚА КИФОЯ

Божхона ислоҳоти ва самара

Божхона органлари фаолияти самарадорлигини баҳолашда, албатта, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисининг товарлар ва транспорт воситаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказишга сарфлаган вақти муҳим аҳамиятга эга. Агар жараёнга кўп вақт талаб этилса, билиш керакки, самарадорлик бирмунча паст. Аксинча бўлса, натижа юқори.

Бугун юртимизда божхона тизимини янада ислоҳ қилишдан ҳам биринчи галда шу мақсад кўзланган. Божхона расмийлаштируви билан боғлиқ сарсонгарчиликларнинг олдини олиш, соҳага АКТни фаол татбиқ этган ҳолда мавжуд механизм ишини жадаллаштириш ва соддалаштириш белгиланган.

Тан олиш лозим, илгари ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси, хусусан, тадбиркор экспорт ёки импорт операциясини амалга оширишда  қатор қийинчиликларга дуч келарди. Товарларни божхона кўригидан ўтказиш, тегишли тартибда расмийлаштириш анча вақт оларди. Ҳатто бир неча кунлаб кутишга тўғри келгани ҳам бор гап.

Эътиборлиси, давлат раҳбарининг 2018 йил 24 ноябрдаги "Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони қабул қилинди ва шу билан бу борадаги ишларни янги босқичга кўтариш учун муҳим қадам ташланди.

Фармонга мувофиқ, хавфни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимини тўлиқ режимда жорий этиш белгиланди. Хусусан, 2018 йил 1 декабрдан “сариқ” ва “қизил” йўлаклар, 2019 йил
1 мартдан бошлаб эса “яшил” ва “кўк” йўлаклар ишга туширилди. Мисол учун, “Сариқ йўлак”да божхона декларацияси, ҳужжатлар ва маълумотларни текшириш бўйича божхона назорати шакллари хавф даражаси ўрта кўрсаткичга эга ёки тасодифий танловда аниқланган товар ва транспорт воситаларига нисбатан амалга оширилади. Қолган йўлакларда ҳам товар ва транспорт воситаларини божхона назоратидан ўтказиш шакллари хавф даражасига қараб бир-биридан фарқ қилади ва белгиланади.

Албатта, хавфни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими бугун ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Асосийси, вақт тежалаяпти. Қашқадарё вилоят божхона бошқармаси фаолияти мисолида оладиган бўлсак, бунга тўла ишонч ҳосил қилиш мумкин. Бошқарманинг ТИФ ва чегара божхона постларида божхона юк декларацияларини расмийлаштирув учун сарфланган вақтлар мунтазам таҳлил қилиб борилмоқда.

Маълумотларга кўра, 2019 йил январь–июнь ойларида (14 июнь ҳолатида) “Эркин муомалага чиқариш” божхона режимига расмийлаштирув учун кетган вақт ўртача 3 соат 40 дақиқани ташкил этган. Май ойида бу кўрсаткич 1 соату 53 дақиқага, июнда эса ундан ҳам кам – 1 соату 46 дақиқага етган. Божхона постлари кесимида ўрганилганда эса жорий йил январь-май ойлари давомида энг кам вақт сарфи (ўртача  2 соат 6 дақиқа) “Қарши-Тола” ТИФда кузатилган.

Бундан ташқари, 2019 йилнинг ўтган даврида (14 июнь куни ҳолатида) “Экспорт” божхона режимига расмийлаштирув учун ўртача 57 дақиқа талаб этилганини кўриш мумкин. Июнь ойининг ўзида эса бу мақсад учун ўртача 21 дақиқа сарф этилаяпти, холос.

Ўзгаришлар самарасини биргина “Қарши-Керки” чегара божхона пости мисолида яқиндан кўздан кечирсак. Статистика кўрсатишича, 2019 йилнинг 1 январидан 14 июнига қадар ушбу божхона пости орқали 4307 та автотранспорт воситаси ҳаракатланган бўлиб, ҳар бирига ўртача 2 соат 20 дақиқа сарфланган. Май ойида эса 550 та автотранспорт воситаси ҳаракатланган бўлиб, ушбу автотранспорт воситалари расмийлаштируви учун ўртача 5 дақиқа 38 сония сарф қилинган. Бунда  енгил автотранспорт воситаларига ўртача 5 дақиқа 17 сония, юк автотранспорт воситаларига ўртача 5 дақиқа 48 сония вақт кетган.

Кўриш мумкинки, божхона тартиб-тамойилларини халқаро талаблар даражасига келтириш, жараённи янада соддалаштириш бўйича амалга оширилган ишлар бугун юқори натижа бераяпти. Иш унумдорлиги ошаяпти, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг қимматли вақти тежалмоқда, улар ортиқча оворагарчиликдан кутулаяпти. Мамлакатимизда инвестициявий муҳитни тубдан яхшилашда эса бу омиллар муҳим аҳамият касб этмай қолмайди.

Азамат ЎРИНБОЕВ, 

Божхона институти Махсус фанлар кафедраси бошлиғи, божхона хизмати майори

Шукрулло ЛУТФУЛЛАЕВ,

 институт катта ўқитувчиси