Таълим 26.04.2019 81

"ЧАРОҒОН ЮЛДУЗЛАРИ" 200 НАФАР БОЛАНИ ЧОРЛАДИ

Хусусий боғча

Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, соҳада хусусий секторнинг улушини ошириш орқали ўзаро ҳалол рақобатни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, нодавлат мактабгача таълим муассасалари ташкил этаётган тадбиркорлар учун бир қатор имконият ва имтиёзлар яратиб берилаётгани уларнинг мазкур соҳага қизиқишини янада оширган.

 Натижа эса мамлакатимизнинг чекка-чекка ҳудудларида ҳам замонавий боғчаларнинг кўпайиши, мактаб ёшигача бўлган болаларнинг таълим ва тарбияга қамраб олиш кўлами ошиб бораётганида намоён бўлмоқда. Яқинда тадбиркор Нодира Жўраева ташаббуси билан Чироқчи тумани марказида "Чароғон юлдузлари" деб номланган яна бир хусусий боғча фаолияти йўлга қўйилди. Бир пайтлар оромгоҳ бўлган ва кейинчалик қаровсиз қолган бино тадбиркор ихтиёрига берилгач, қайта таъмирланиб, замонавий мактабгача таълим муассасасига айлантирилди.

 - Боғчамиз 200 ўринга мўлжалланган, - дейди муассаса иш юритувчиси Саломат Тангриқулова. - Фаолият бошлаган илк кунларимизданоқ барча ўринлар тўлиб қолди. Тўғриси, буни кўриб ҳу-дудларда замонавий боғчаларга эҳтиёж юқорилигига  амин бўлдик. Шунга монанд  фаолият кўрсатишга, ота-оналар ишончини оқлашга ҳаракат қилаяпмиз. Боғча рус тилини чуқур ўргатишга ихтисослаштирилган. Шу боис ушбу соҳадаги малакали мутахассисларни жалб этганмиз. Қолаверса, инглиз тили, тасвирий санъат, рақс тўгараклари ҳам фаолият юритмоқда. Келгусида яна бир қатор  спорт ва санъатга оид тўгараклар ташкил этиш режалаштирилган.

 Дарҳақиқат, хусусий боғчаларнинг афзаллик томонларидан бири ҳам шунда. Тадбиркор, энг аввало, ишни ривожлантиришни, мижозлар ишончини қозонишни ўйлайди. Таълим ва тарбияни сифатли ташкил этишга, янги имкониятларни ишга солишга ҳаракат қилади. Бу эса ривожланишнинг муҳим омилидир.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: муассаса фаолиятидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.