Жамият 13.09.2019 136

ЧЕГАРА ОРҚАЛИ ҚАНЧА АТИР ОЛИБ ЎТИШ МУМКИН?

Божхона назорати

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 февралдаги "Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларнинг олиб ўтилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида жисмоний шахслар томонидан божхона чегаралари орқали 3 дона бирликдаги атир ва атирсимон суюқликлар олиб кирилиши нормалари белгиланган.

Бироқ, амалдаги тартиб-қоидаларга риоя қилмасдан, ўз манфаатлари йўлида божхона назоратидан яширинча иш тутадиган фуқаролар ҳам кузатилмоқда.

Мисол учун, яқинда "Қарши аэропорти" чегара божхона постида "яшил йўлак" орқали ҳаракатланган Ж.Д.нинг қўл юклари ҳолислар иштирокида божхона назоратидан ўтказилганда, йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва оғзаки савол-жавоб давомида маълум қилинмаган божхона тўловларисиз олиб кириш меъёрларидан ортиқча миқдордаги умумий қиймати 5 миллион 280 минг сўмлик 72 дона атторлик маҳсулотлари мамлакатимизга олиб кирилаётгани аниқланди.

Шунингдек, "Қарши-Керки" чегара божхона пости орқали ҳаракатланган Р.М. томонидан ҳам меъёрдан ошиқча бўлган 64 қути атирни олиб киришга уриниш ўз вақтида тўхтатиб қолинди.

Бошқарма ахборот хизматига кўра, ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан текширув ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Н.ХЎЖАЕВ