Сўнгги янгиликлар 02.05.2019 238

ЧЕГАРАЧИ ЁШЛАР ЕТАКЧИЛАРИНИНГ ФОРУМИ

 Қарши шаҳар Маданият ва аҳоли дам олиш марказида Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) чегара қўшинлари ҳарбий қисмларидаги ёшлар етакчиларининг 1-форуми ўтказилди.

 

Унда ДХХ чегара қўшинлари ҳарбий қисмлар қўмондонлиги, ЖҒМҲО фахрийлар кенгаши, “Ёш чегарачилар” клуби аъзолари, Ёшлар иттифоқи  вилоят кенгаши фаоллари ҳамда бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

 Форумда юртимиз тинчлиги, халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлашда ҳарбий хизматнинг ўрни, бу касб соҳибларининг машаққатли, масъулиятли ва шарафли меҳнати, шу билан бир қаторда, ҳукуматимиз томонидан ҳарбий хизматчиларга қаратилаётган эътибор, яратиб берилаётган шарт-шароитлар ҳақида сўз юритилди.

 

- Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 17 ноябрдаги хамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 февралдаги қарорларида Қуролли Кучлар тизимида Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари фаолиятини жорий қилиш орқали ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида қатор чора-тадбирлар белгиланган, - дейди ДХХ чегара қўшинлари офицери, майор Айбек Даулетмуратов. –  Бугунги форумда бу борада олиб борилган ишлар, эришилган натижалар таҳлил этилди, амалга оширилиши лозим бўлган ишлар режалаштириб олинди.

 Қарши ихтисослаштирилган санъат мактаби ўқувчилари томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари, ватанни тинчликни мадҳ этувчи шеър ва қўшиқлар   тадбирга янада шукуҳ бағишлади.

 Кун бўйи давом этган форум иштирокчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қуйиши ва Қарши шаҳридаги “Ватанпарварлар боғи”ни сайр қилиши билан якунланди.

 Ж.БОЙМУРОДОВ

 

Муаллиф олган суратлар