Жараён 24.05.2019 122

"ЧЕГАРАЧИЛАР МАДҲИЯСИ" ТАҚДИМОТИ

Тадбир

Ҳарбий-ватанпарварлик мавзусидаги, юртни улуғловчи, унинг шон-шарафини юксалтирувчи, она Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан йўғрилган мазмунан теран, бадиий етук қўшиқлар инсонни мардликка, жасурликка ундайди, шижоатли қилади. Ҳарбий хизматчилар ҳам бу туйғудан куч, илҳом олади.

Маълумки, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий мусиқий хизмати базасида 2018 йил октябрда "Сарҳад" мусиқий гуруҳи ташкил этилган бўлиб, гуруҳ аъзолари қисқа вақт ичида ўз қўшиқлари ва чиқишлари билан чегарачилар орасида анча эътиборга тушди, ўз навбатида ўзбек эстрадасининг ёрқин намояндаларига ҳам айланиб бораётир.

"Сарҳад" гуруҳи Давлат мукофоти соҳиблари Ширин Маматова ва Юлдуз Низомова билан биргаликда "Биз чегарачимиз" номли концерт дастурини Ўзбекистон бўйлаб намойиш этмоқда. Чегара қўшинлари ансамбли шу йил апрелда Россия Федерациясининг Сочи шаҳрида "За веру, за отчизну, за любовь" халқаро мусиқий фестивалида юқори натижа қўлга киритиб, махсус соврин ва медаллар билан тақдирланганини эътироф этиш жоиз.

Эътиборлиси, ушбу гуруҳ яқинда "Чегарачилар мадҳияси" қўшиғини яратиб, унга видеоклип ҳам суратга олди. Қарши шаҳар маданият ва аҳоли дам олиш марказида "Чегарачилар мадҳияси"нинг видеоклипи тақдимоти бўлиб ўтди.

Ҳарбийлар, ёшлар, кенг жамоатчилик ва ОАВ вакиллари қатнашган тадбирни ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий қисм штаб бошлиғи Суҳроб Шукуров кириш сўзи билан очиб, ёш ўғил-қизларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, олиб борилаётган ислоҳотларда фаол кўмакчи бўлишга ундашда бу каби қўшиқлар муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Сўнг йиғилганлар Чегара қўшинлари ҳақида тайёрланган ролик ва видеоклипни томоша қилишди. "Сарҳад" гуруҳи аъзолари эришаётган натижалари, галдаги мақсадлари ҳақида сўзлаб беришди. Ижро этилган куй-қўшиқлар тадбирга янада кўтаринки кайфият бағишлади.

Н.ХЎЖАЕВ

Суратда: тақдимотдан лавҳа.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.