Сўнгги янгиликлар 24.09.2019 179

ЧЕГАРАЧИЛАРГА ЯНГИ УЙЛАР ХОНАДОНЛАРИ ТОПШИРИЛДИ

Тадбир

Катта лейтенант Ўктам Назаров Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиси. Ўқишни тамомлагач, мана,қарийб беш йилдан буён юртимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлашдек масъулиятли ишга муносиб ҳисса қўшиб келаяпти. Асли сурхондарёлик бўлган бу йигит айни пайтда Шаҳрисабздаги ҳарбий қисмда хизмат ўтаяпти. Оила аъзолари ёнида, биргина ноқулайлик томони, улар билан ижара уйда яшаб келаётганди.

Ҳудудда Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари учун қурилган иккита икки қаватли уйнинг 40 та хонадонидан бири унга топширилиши эса нафақат ёш офицерни, балки бутун оила аъзоларини мамнун этди.

Куни кеча бўлиб ўтган янги уйлар хонадонларини ўз эгаларига топшириш маросими ҳақиқий байрамга айланиб кетди. Унда маҳаллий ҳокимлик вакиллари, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари, соҳа фахрийлари ва кенг жамоатчилик иштирок этди.   

- Ҳарбий хизматчининг оиласидан кўнгли тўқ бўлса, бор эътибори ишда бўлади, зиммасидаги масъулиятли вазифани астойдил бажаришга қаратилади, - дейди Ўктам Назаров. - Янги уй хонадонларига кўчиб ўтишимиз бизнинг ана шу масаладаги хотиржамлигимизни оширди. Уларда барча зарур шароитлар муҳайё қилинган.

Дарҳақиқат, уйларни лойиҳалашда барча жиҳатлар зарур эътиборга олинган бўлиб, улар ёнида хонадон эгаларининг дам олиши, болажонларнинг ўйнаши учун мўъжаз майдончалар ҳам барпо этилган, ҳар хил аттракционлар ўрнатилган.

Cобир НАРЗИЕВ

Муаллиф олган суратлар.