Таълим 27.08.2019 195

ЧЕККА ҚИШЛОҚДА ЗАМОНАВИЙ БОҒЧА ОЧИЛДИ

Мактабгача таълим

Миришкор туманининг чекка Айзобод қишлоғида очилган "Умид ғунчалари" хусусий мактабгача таълим муассасаси нафақат мазкур аҳоли пунктидаги,  балки унга қўшни бўлган яна уч маҳалла болалари учун ҳам  қувонч улашган биринчи ва ягона боғча бўлди.

Бунга қадар ушбу ҳудудларда яшовчи ота-оналарда фарзандини боғчага қўйиш учун эҳтиёж бор, аммо ён-атрофда бирор муассаса йўқ эди. Тадбиркор Суннатулла Турсуновнинг айтишича, қишлоқ аҳлини қийнаб келаётган шу муаммо ҳамда ҳукуматимиз томонидан мактабгача таълим тизимида хусусий сектор фаолиятини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, берилаётган имконият ва имтиёзлар уни боғча очишга ундаган.

- Лойиҳани амалга ошириш учун 1 миллиард сўм миқдоридаги имтиёзли кредит олиш мақсадида тижорат банкига мурожаат этган эдим, - дейди у. - Бизнес-режам банк томонидан маъқулланиб, биринчи босқичда 540 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилди. Унга ўз сармоямни ҳам қўшиб, мана шу бинони қуриб битказдик ва замонавий типда жиҳозладик. Энди иккинчи босқичда яна 460 миллион сўм кредит маблағини олиб, замонавий сузиш ҳавзасини қуриш, сув тизимларини ишга туширишни режалаштирганмиз.

Муассаса биноси аввал-бошданоқ боғча учун мўлжаллаб қурилган. Шу боис бу ердаги ҳар бир деталь, ҳар бир жиҳоз беихтиёр болаликнинг рангин дамларини ёдга солади.

- Боғчамиз 80 ўринга мўлжалланган бўлиб, иш бошлаган илк кунларимизданоқ тўлди, - дейди муассаса мудираси Гулжаҳон Эминова. - Демакки, қишлоқ аҳли фарзандининг замонавий муассасада таълим ва тарбия олишини, хорижий тилларни ўрганишини, санъат ва спортга қизиқишлари шаклланишини исташади. Шундай экан, бу жиҳат бизга янада масъулият юклаши шубҳасиз. Ҳозир фаолиятга малакали мутахассисларни жалб этганмиз. Тарбияланувчиларга инглиз ва рус тилларини пухта ўргатишга ҳаракат қилаяпмиз. Бадиий гимнастика ва спорт тўгаракларини йўлга қўйдик.

Дарҳақиқат, хусусий боғчанинг афзаллик томони ҳам шунда. Бу ерда тадбиркор энг аввало ишни ривожлантиришни, мижозлар ишончини қозонишни ўйлайди. Таълим ва тарбияни сифатли ташкил этишга, янги имкониятларни ишга солишга ҳаракат қилади. Бундан аввало унинг ўзига наф, қолаверса фарзанди келажагига кўз тиккан ота-оналар учун ҳам ғоят манфаатли.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.