Иқтисодиёт 16.07.2019 178

ЧОРВАДОР АҲОЛИ ҲАМ, ИШЛАБ ЧИҚАРУВЧИ ҲАМ МАНФААТДОР

Статистик маълумотларга кўра, ўтган 2018 йил давомида вилоятимизда 1 миллион 116 минг 300 тонна сут ишлаб чиқарилган. Бунинг 97,4 фоизи шахсий ёрдамчи хўжаликлар, яъни аҳоли ҳиссасига тўғри келади.

Кўринадики, ҳудуд аҳолисида чорва маҳсулотлари етиштириш борасида жуда катта салоҳият мавжуд. Аммо одамлар бу ишнинг ҳақиқий даромадини ҳис қилиш учун маҳсулотга талаб ҳам юқори бўлиши лозим.

Мисол учун, чорвачилик билан шуғулланаётган аҳоли вакиллари узоқ йиллар давомида молни асосан гўштга боқишгани, сут ва сут маҳсулотлари ортидан даромад олишга эса қизиқиш бўлмагани сир эмас. Сабаби, сутни қайта ишлаш кам кузатилган, хомашёга талаб ҳам шунга мос бўлган. Бугун эса аксинча...

Ғузор туманида фаолият юритаётган "Фауна класс" масъулияти чекланган жамияти фаолияти сутни қайта ишлашга ихтисослашган.

- Замонавий технологиялар асосида кефир, қаймоқ, сариёғ, пишлоқ, пишлоқ қаламчалари ва шу каби 10 турга яқин маҳсулотлар тайёрлаймиз, - дейди корхона иш юритувчиси Раҳим Тўраев. - Маҳсулотнинг бир қисмини шартнома асосида ҳудуддаги корхона ва ташкилотларга етказиб берсак, бир қисми ички бозор орқали сотилади. Ҳар куни талабга қараб 400 литрдан 1 тоннага қадар сутни қайта ишлаймиз.

Корхона масъулининг таъкидлашича, бир неча ишчи ҳар куни эрта тонгдан туманнинг турли қишлоқ ва маҳаллаларига бориб, аҳолидан сут сотиб олади ва шу цехга келтириб топширади. Бундан аҳоли ҳам манфаат кўраяпти, корхона ҳам.

Жаҳонгир  БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.