Тиббиёт 27.08.2019 200

ДЎХТИРЛАР ПИЁДА ЮРИШ ФОЙДАЛИ ЭКАНИНИ КЎП УҚТИРАДИ. УЛАРНИНГ ,ЎЗИ БУНГА НЕЧОҒЛИК АМАЛ ҚИЛАДИ?

Оммавий юриш

Қарши шаҳрида "Биз соғлом турмуш тарзини танлаймиз" шиори остида оммавий юриш тадбири ташкил этилди.

 

Вилоят соғлиқни сақлаш, ички ишлар бошқармалари, енгил атлетика федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Қарши шаҳридаги тиббиёт муассасалари ходимлари ҳамда шаҳар аҳолиси вакилларидан иборат жами 5 мингдан ортиқ киши қатнашди. Старт ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати ёнидан бошланиб, иштирокчилар 5 километрлик масофани пиёда босиб ўтишди.

- Биз - шифокорлар тоза ҳавода пиёда сайр қилиш ёки югуришнинг саломатлик учун фойдасини беморларимизга уқтиришдан чарчамаймиз, - дейди тадбир иштирокчиси, вилоят эндокринология диспансери бош врачи Бобур Тешаев. - Лекин амалиётдан кўринадики, тиббиёт ходимлари бу борада нафақат уқтириш ва тарғиб этиши, балки шахсий ибрат ҳам кўрсатиши муҳим экан. Техника тараққиёти замонида транспорт қулайликлари туфайли кўпчилигимиз биздан ҳеч қандай харажат ва оворагарчилик талаб этмайдиган мана шу оддийгина тадбир - пиёда юришга ҳафсала қилмай қўйганимиз жуда ташвишланарли ҳолдир. Бугун йўл-йўлакай мана шу хусусда аҳоли вакиллари билан самимий суҳбатлашдик, уларнинг саволларига батафсил жавоб қайтаришга ҳаракат қилдик.

Дарҳақиқат, пиёда юрган кишининг қон айланиши, асаб, овқат ҳазм қилиш, нафас олиш, таянч-ҳаракат тизимлари фаолияти яхшиланади, юрак-қон томир касалликларига чалиниш эҳтимоли кескин камаяди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, дунё бўйича қайд этилаётган ўлим ҳолатининг ҳар тўртдан бирига айнан камҳаракатлик сабаб бўлмоқда. Сут бези, йўғон ичак саратони, қандли диабет, юрак ишемик касалликлари юзага келишининг 25-30 фоизига ҳам у сабаб.

Мамлакатимизда оммавий юриш сингари саломатлик тадбирлари эса Президентнинг 2018 йил 18 декабрдаги "Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жорий йилнинг март ойидан ҳафтанинг шанба кунлари уюштириб келинаяпти.

Н.ХЎЖАЕВ